ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ
УМУМИЙ ҚИСМ
БИРИНЧИ БЎЛИМ
АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
1-БОБ. ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ
1-модда. Жиноят ишларини юритиш тартиби
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят ишларини юритиш тартиби Жиноят-процессуал кодекси билан белгиланади.
Жиноят ишларини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган тартиби барча судлар, прокуратура, тергов, суриштирув органлари, адвокатура, шунингдек, фуқаролар учун ягона ҳамда мажбурийдир.
1. Жиноят ишларини юритиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларига бирор жиноий воқелик ҳақида ахборот келиб тушган пайтдан бошланиб жиноятни очиш, айбдорни фош қилиш ва қонуний жавобгарликка тортишгача даврда амалга ошириладиган фаолиятдан иборат. Ушбу фаолият Жиноят-процессуал кодекси нормалари билан белгиланган қатъий тартибда юритилади.
Жиноят ишларини юритиш тартиби барча судлар, прокуратура, тергов ва суриштирув органлари, адвокатура, шунингдек, фуқаролар учун ягона ва мажбурий қоидалардан иборат.
2. Давлат органи ва мансабдор шахс жиноят ишининг тергови ва суд муҳокамаси чоғида фақат қонунда кўрсатилган ҳуқуқ ва ваколатлар доирасида ҳаракат қилади ва уларга тўла риоя қилиб қарорлар чиқаради. Жиноят процессида иштирок этадиган шахслар эса қонунда тақиқланмаган ҳар қандай восита ва усуллардан фойдаланишлари мумкин.
3. Жиноят қаерда содир этилганидан қатъи назар, уни тергов қилиш ва судда кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида ушбу Кодексда кўрсатилган меъёрлар қўлланилади.
Хорижий давлат муассасаларининг жиноят ишини юритишга оид процессуал ҳаракатларни бажариш ва жиноят иши қўзғатиш тўғрисида топшириқлари ҳам ушбу Кодекс нормаларидаги тартиб ва шартларга риоя қилиб амалга оширилади (ЖПК 6-7-моддаларининг шарҳларига қаранг).
4. Жиноят процессуал меъёрларига риоя қилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати томонидан чиқарилган қарорлардаги қонунга мувофиқ берилган тушунтиришлар ва йўл-йўриқлар ҳам инобатга олинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ЖПК меъёрларига, улардаги процессуал талабларга аниқ ва тўла риоя этилишини таъминлаш мақсадида прокуратура органлари учун мажбурий буйруқлар чиқаради ва йўл-йўриқлар беради. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, шунингдек, суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлган давлат органларининг раҳбарияти жиноят процессуал меъёрлар доирасида ва уларни бажаришни таъминлашга йўналтирилган низомлар, дастурлар ва буйруқлар чиқариши мумкин. Бу қонуности меъёрий ҳужжатлари тегишли тизимнинг мансабдор шахслари учун мажбурийдир. Лекин улар фуқаролар зиммасига қонунда бевосита кўзда тутилмаган мажбуриятларни юклаши мумкин эмас.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва бошқа ижроия органлари судлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига жиноятларнинг олдини олиш, тергов юритиш ва судда кўриш билан боғлиқ ҳамкорлик қилишга қаратилган бошқарув ҳужжатлари чиқарганда жиноят- процессуал меъёрларга риоя қиладилар, лекин уларни тўлдирмайдилар ва ўзгартирмайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |