Жиноят хуқуқида махсус субъект тушунчаси ва унинг жиноятни квалификация қилишдаги аҳамияти.
Жиноятнинг махсус субъекти деб - шахсда субъектнинг зарурий белгилари билан бирга, жиноят қонунида кўрсатилган бошқа бир белгиларнинг ҳам мавжуд бўлиши талаб қилинадиган субъектга айтилади. Ушбу белгиларга:
фуқаролик;
демографик белгилар;
мансаб;
ҳарбий хизматга алоқадорлик;
бажараётган иши;
касбий мажбуриятлар;
шахсий мажбуриятлар;
субъектнинг асосий ҳолатлари ва бошқалар билан боғлиқ белгилар кириши мумкин.
Ушбу белгилар айрим жиноятлар таркибининг зарурий белгиси сифатида эътироф этилиши мумкин. Яъни ушбу белгиларнинг мавжуд эмаслиги, шахс қилмишининг ўша модда бўйича квалификация қилинмаслигини англатади.
Одатда, ушбу белгилар ЖК Махсус қисм моддасида жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида эътироф этилиши мумкин (масалан: ЖК 157-моддаси “Давлатга хоинлик қилиш” жиноятида “фуқаролик” жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида келган). Яъни, ушбу модда бўйича фақатгина Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жавобгар бўлиши мумкинлигини англатади.
Жиноят субъектив томонининг зарурий ва факультатив белгиларининг аҳамияти ва уларнинг ролини муҳокама этинг.
Субъектив томон белгилари қуйидагиларни ташкил этади:
субъектив томон - ҳар қандай жиноят таркибининг зарурий белгисидир. Унинг йўқлиги қилмишда жиноят таркибининг мавжуд эмаслигини англатади;
тегишли жиноят таркибининг субъектив томони ва унинг барча белгиларининг тўғри ўрганилганлиги жиноятни тўғри ва асосли квалификация қилишнинг зарурий шартидир;
субъектив томоннинг тўғри белгиланганлиги айбдор шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик, жазо муддати ва миқдорини тўғри белгилашда муҳим аҳамият касб этади;
субъектив томоннинг тўғри белгиланиши қонунийликни таъминлаш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шартидир.
Айб- жиноят қонуни билан тақиқланган ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахснинг ўзи содир этган ижтимоий хавфли қилмишига ва унинг оқибатларига бўлган ички руҳий муносабати тушунилади.
Жиноят мотиви дейилганда - инсон фаоллиги манбаси, ички йўналтирувчи ҳиссиёт тушунилади.
Мотив - субъектни ўз мақсадлари сари йўналтирувчи куч исобланади. У маълум инсон эҳтиёжлари ва қизиқишларидан юзага келади ва шахсни жиноят содир қилишга йўналтиради (масалан: “Рашк мотиви” орқали қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддаси 1-қисми).