ДАВЛАТ ТУЗИЛИШ ШАКЛЛАРИ
монархия
республика
3. Ҳокимиятнинг бўлиниш тамойили
Ҳокимиятнинг бўлиниш тамойили ҳозирги замон давлат ва ҳуқуқ назариясининг асосларидан бири бўлиб, кўп жиҳатдан француз маърифатпарварлигининг атоқли вакили, таниқли ҳуқуқшунос ва сиёсий арбоб Шарль Луи Монтескье (1689-1755) номи билан боғлиқ. Қомусий билимлар соҳиби бўлмиш бу олим ҳуқуқшунослик ва сиёсат масалалари билан бир қаторда фалсафа, ахлоқшунослик, тарих, социология, дин, сиёсий иқтисод, табиий фанлар, санъат ва адабиёт билан ҳам шуғулланган. Монтескьенинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари унинг "Форс мактублари" (1721), "Римликларнинг буюклиги ва ҳалокати сабаблари ҳақида мулоҳазалар" (1734), "Қонунлар руҳи ҳақида" (1748) асарларида акс этган. Шуни айтиб ўтиш жоизки, Монтескье "Қонунлар руҳи ҳақида"ги китобини 20 йил мобайнида яратган.
Монтескье бошқаришнинг уч образини (шаклини) фарқлайди: республикавий, монархик ва деспотик. Республикача бошқарувда олий ҳокимият ёки бутун халқ (демократия) ёки унинг бир қисми (аристократия) қўлида бўлади. Монархия – бу қатъий ўрнатилган қонунлар воситасида бир киши томонидан бошқарилувчи давлатдир. Деспотияда эса барча нарса ҳар қандай қонун ва қоидалардан устун турувчи ҳукмдорнинг истаги ва иродасига кўра содир бўлади. Монтескье ана шу бошқарув шаклларининг вужудга келиши ва амал қилишини қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларининг сиёсий мувозанати, шунингдек, ушбу функцияларни амалга оширувчи органларнинг ўзаро муносабатлари характерига боғлайди. Унинг фикрича, ҳокимиятнинг ушбу уч тармоғи ўзаро мувозанатда бўлса бошқарув "мўътадил" бўлади, яъни бундай давлат тузумида "ҳеч кимни қонун талаб қилмаган нарсани бажаришга, аксинча, ҳеч кимни қонун рухсат берган нарсани бажармасликка мажбур этиб бўлмайди".
Ҳокимиятнинг бўлинишидан асосий мақсад - ҳокимиятни суиистеъмол қилишга имкон бермасликдир. Бундай имкониятнинг олдини олиш учун, дейди Монтескье, "шундай тартиб зарурки, бунда турли ҳокимиятлар бир-бирини тийиб туриши мумкин бўлсин". Ҳокимиятларнинг ўзаро бир-бирини тийиб туриши – уларнинг қонун томонидан белгилаб берилган ўз имкониятлари доирасида ўзаро қонуний ва уйғун амал қилишининг зарурий шартидир. "Бу уч ҳокимият осойишталик ва фаолиятсизлик ҳолатига келиши керакдек туюлади. Аммо ҳодисаларнинг зарурий оқими уларни фаолият кўрсатишга мажбур қилгани учун, улар ўзаро мувофиқлашган ҳолда фаолият юритишга мажбур бўлади". Бунда сиёсий тизимдаги белгиловчи ва асосий ролни, Монтескье асосли равишда, қонунчилик ҳокимиятига тегишли бўлади, деб ҳисоблайди.
Унинг фикрича ҳокимиятларнинг бўлиниши сиёсий эркинликни таъминлашнинг асосий шартидир: "Қонунчилик ва ижроия ҳокимиятлари бир киши ёки муассасада бирлаштирилса, эркинлик бўлмайди, чунки, ушбу монарх ёки сенат тиран (золим)ларча амал қилувчи тиран (золим, мустабид) қонунлар яратадилар. Суд ҳокимияти қонунчилик ва ижроия ҳокимиятидан ажратилмаса ҳам эркинлик бўлмайди. У (суд) қонунчилик ҳокимияти билан қўшилган тақдирда фуқаролар ҳаёти ва эркинлиги ўзбошимчалик ва зўравонлик ҳукми остига тушиб қолади, чунки бунда судья қонунчи ҳисобланади. Суд ҳокимияти ижроия ҳокимияти билан бирлаштирилган тақдирда судья зулм қилувчи, эзувчи бўлиш имкониятини қўлга киритади. Бордию бу уч ҳокимиятдан учаласи ҳам (яъни қонун яратувчи ҳокимият, умумдавлат характеридаги қарорларни бажарувчи ҳокимият ҳамда жиноятлар ёки хусусий шахсларнинг даъво ишларини суд қилиш ҳокимияти) бир кишида ёки мансабдорлар, оқсуяклар ёки оддий кишилардан иборат битта муассасада бирлаштирилган тақдирда барча нарса ҳалок бўлади."5
Ўзбекистон Республикасида ҳокимиятнинг қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлиниши Асосий Қонун – Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган (11-модда). Асосий Қонуннинг бешинчи бўлими ("Давлат ҳокимиятининг тузилиши") қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларининг, шунингдек қонунчиликни бутун мамлакат ҳудудида аниқ ва бир хил бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи прокуратура органларининг тузилиши ва фаолияти тамойилларига бағишланган. Ушбу бўлимда Ўзбекистонда сайлов, молия тизимлари, шунингдек давлат хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлаш тамойиллари ҳам акс эттирилган. Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тузилиши масалалари қонунчиликнинг махсус ҳужжатларида (актларида) конкретлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ваколатлари доираси ғоят кенг бўлиб, улар Конституциянинг 78-моддасида акс эттирилган. Улар қаторига, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, қонунларини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш; Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини аниқлаш ва давлат стратегик дастурларини қабул қилиш; Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари тизимини ва ваколатларини белгилаш; Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш ва бошқа кўплаб масалаларни ҳалқилиш киради. Уларни сиз "Ҳуқуқшунослик асослари" фани орқали яхши биласиз.
2002 йил 27 январда бўлиб ўтган референдум (умумхалқ овоз бериши) натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатали органга айлантирилди. Бу Ўзбекистон Республикасидаги барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасининг вакилликларини кучайтириш ҳамда қонунчилик фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |