Бошқарув шакли олий давлат ҳокимияти ташкил этилиши усулини, унинг органлари ташкилий тартибини, уларнинг ўзаро алоқаси ва аҳоли билан муносабатларини, улар ташкил топишида аҳолининг қатнашув даражасини очиб беради. Бошқарувнинг монархия ва республикадек асосий икки шакли мавжуд. Уларнинг олий органлари ташкил этилиш тартиби бўйича ҳам, таркиби бўйича ҳам, ваколатлари бўйича ҳам бир биридан фарқ қилади. Ҳозирги пайтда ҳар иккала кўринишдаги бошқарув шаклига эга бўлган давлатлар мавжуд.
Монархияда олий давлат ҳокимияти давлат бошлиғи - монархнинг (қирол, шоҳ, император ва ҳ.к.) якка ўзига тегишли бўлади, одатда улар тахтни мерос қилиб оладилар. Монархнинг аҳоли олдидаги масъулияти даражаси ҳар хил бўлиши мумкин: адсолют (мутлақ) монархияларда (масалан, Саудия Арабистонида) монарх давлатнинг ягона олий органи ҳисобланади; у қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади, ижро ҳокимияти органларини бошқаради ва олий судья ҳисобланади. Чекланган монархияда эса (масалан, Швеция, Буюк Британияда) монарх ҳокимияти конституция, парламент, ҳукумат ва мустақил судьялар томонидан жиддий чегараланган бўлади.
Республикаларда эса давлат ҳокимияти маълум муддатга сайланган ва сайловчилар олдида масъулияти бўлган сайланган органларга тегишли бўлади. Тарихдан сизга маълумки, бошқаришнинг республика шакли қадимги қулдорлик давлатларида вужудга келган ва ўзининг ёрқин ифодасини Афина республикасида топган эди. Ўрта аср феодализмида республикача бошқарув шакли ниҳоятда кам бўлган, улар баъзан ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлган "эркин" шаҳарларда (масалан, Венеция, Генуя, Любек, Новгород кабиларда) амал қилганлар, холос.
Ҳозирги пайтда республикалар парламентли ва президентлик республикасига ажратилади. Улар олий ҳокимият органининг қайси бири – парламентми ёки президент - ҳукуматни тузиши ва унинг ишига раҳбарлик қилиши ҳамда ҳукумат кимнинг олдида жавоб беришига кўра фарқланади. Парламент республикасида (масалан, ГФР) парламент нафақат қонунчилик ҳокимиятини амалга оширади, балки ҳукуматга ишончсизлик билдириб, унинг истеъфога чиқишини талаб қилишга ҳам ҳақли. Ҳукумат ўз фаолияти учун парламент олдида жавоб беради. Президент фақат давлат бошлиғи ҳисобланади, аммо у ҳукумат бошлиғи эмас. Сиёсий жиҳатдан бу нарса парламент сайловларида ғолиб бўлган партия (ёки партиялар) ҳукуматни тузишини англатади, давлат бошлиғи эса – бордию у ана шу партиянинг раҳбари бўлмаса – унинг фаолиятини бошқариш имкониятидан маҳрум бўлади. Ҳукуматни Бош-вазир4 бошқаради.
Президент республикасида давлат бошлиғи парламентнинг муайян назорати остида ҳукуматни тузади, бу ҳукумат унинг олдида ўз фаолияти учун жавобгар бўлади. Одатда, лавозимини ҳам президентнинг ўзи бажаради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 89-моддасига мувофиқ "Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижроия ҳокимиятининг бошлиғи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ҳисобланади". Президент ижроия ҳокимияти аппаратини тузади ва унга раҳбарлик қилади, республикада олий бошқарув ва давлат органларининг ўзаро муносабатларини таъминлайди, вазирликлар, давлат қўмиталари ва Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувининг бошқа органларини ташкил қилади ва тугатади, улар ҳақида кейинчалик Олий Мажлисда тасдиқлаш учун фармойишлар қабул қилади. У Бош вазирни, унинг биринчи ўринбосарини, Бош вазирнинг бошқа ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, бу фармойишлар кейинчалик Олий Мажлисда тасдиқланади (Конституциянинг 93-моддаси). Шундай қилиб Ўзбекистон Республикаси классик президентлик республикасидир.
Бундан ташқари "аралаш" ("ярим президентлик" ёки президентлик-парламентлик) республикалар ҳам мавжуд (Франция, Финляндия, Португалия), уларда парламент ва президент у ёки бу даражада ҳукуматни назорат қилиш бўйича ўз ваколатларини баҳам кўришади.
Асрлар мобайнида давлатлар бир биридан ички тузилиши (структураси) билан, яъни маъмурий-ҳудудий бирликларини ташкил этиш усули, шунингдек, давлат ҳокимиятининг марказлашув даражаси билан фарқ қилишган. Давлатнинг ушбу хусусияти давлат тузилиш шакллари дейилади, бунда давлатнинг ҳудудий тузилиши, ягона бўлган муайян давлатнинг ўз таркибий қисмлари билан муносабатлари кўзда тутилади.
Давлат тузилишининг унитар ва федератив деб аталувчи икки асосий шакли мавжуд. Унитар давлатда ҳокимият марказлаштирилган бўлади, унинг маъмурий-ҳудудий бирликлари (вилоятлар, провинциялар, округлар ва шу кабилари) давлат тузилмаси мақомига, суверен ҳуқуқларга эга бўлмайди. Унитар давлатда давлатнинг олий органлари, конституция, фуқаролик ягона булади. Давлат тузилишининг бу шакли давлатнинг бирлигини таъминлайди, у яхши бошқарилади. Шу пайтгача амал қилган давлатларнинг кўпчилиги унитар давлатлар бўлган.
Федератив давлат (федерация) – мураккаб иттифоқ давлатидир, унинг қисмлари (республикалар, штатлар, ерлар, кантонлар ва ҳоказолар) давлат ҳисобланади ёки давлат мақомига эга ҳодисалар бўлиб, улар суверенитетга эга. Қатъий илмий маънода конституция ёки шартномага асосланган давлатлар иттифоқига федерация дейилади. АҚШ, Канада, Бразилия, Мексика, ГФР, Ҳиндистон ва шу каби давлатлар федератив давлатларга мисол бўлади. Федерация таркибига кирувчи давлатга оид ҳодисалар ("федерация субъектлари") ўз конституциясига, фуқаролигига, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти каби давлат ҳокимиятининг олий органларига эга бўлиши мумкин. Федерацияда икки даражали (умум федерациявий ва унинг субъектларида) олий органлар тизимининг мавжудлиги уларнинг ваколатларини чегаралаш заруриятини туғдиради.
Жуда кам ҳолларда давлат тузилишининг конфедератив шакли учрайди. Қатъий қилиб айтиладиган бўлса, конфедерация давлат эмас. Конфедерация – суверен давлатлар иттифоқи бўлиб, у муайян (иқтисодий, ҳарбий ва бошқа) мақсадларга эришиш учун ташкил этилади. Конфедерация органлари аъзо-давлатлар фаолиятини, улар нима мақсадларда бирлашган бўлсалар, ана шу масалалар борасидаги фаолиятларинигина мувофиқлаштиради. Конфедерация суверенитетга эга бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси давлат тузилиши шакллари бир қатор хусусиятлари билан характерланади. Конституциянинг 68-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан ташкил топади. Қорақалпоғистон Республикаси ўз маъмурий-ҳудудий тузилишини мустақил ҳал қилади. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига ўз суверенитетига эга бўлган ҳолда кирган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси томонидан ҳимоя қилинади (Конституциянинг 70-моддаси). Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасидаги ўзаро муносабатлари улар ўртасида тузиладиган шартнома ва келишувларга мувофиқ бошқарилади (Конституциянинг 75-моддаси).
ДАВЛАТНИНГ АСОСИЙ ШАКЛЛАРИ
Do'stlaringiz bilan baham: |