2. Давлат сиёсий системанинг асосий институти
Ижтимоий ривожланиш натижасида ҳар бир халқ тарихида давлат турли вазиятларда, турли даврларда вужудга келган. Давлатнинг пайдо бўлиши ҳақида бир-биридан фарқ қиладиган бир қанча назариялар мавжуд.
Патриархал назария вакилларининг (Аристотель, Филмер) фикрича давлат оиланинг эволюцияси натижасидир, давлат бошлиғи патриархал оила бошлиғига ўхшайди ва ундаги жараёнлар оиладаги муносабатлар каби тузилган.
Диний назариялар эса давлатни ҳам бошқа ижтимоий ҳодисалар қатори илоҳий каромат сифатида тушунишади, уларнинг фикрича давлат худо белгилаб берган нормаларни ўз фуқаролари орасига сингдиради ва уларнинг бажарилишини назорат қилади.
Шартнома назарияси вакилларининг (Г. Гроций, Т. Гоббс, Ж.Ж. Руссо) фикрича давлат кишилар ўртасидаги келишув, шартнома натижасидир. Давлат кишиларнинг ўзаро келишуви натижаси эканлиги ҳақидаги фикрларни Эпикур ҳам айтган эди. Бу назарияга мувофиқ суверенитет умуман халққа тегишли, ҳукмдорлар эса – халқ вакиллари бўлиб, халқ олдида ҳисобот бериб туради ва халқ хоҳишига кўра алмаштирилади.
Гегелнинг давлат ҳақидаги таълимоти. Гегелнинг қарашлари унинг қуйидаги таъкидидан келиб чиқади: "Воқеъ нарсаларнинг барчаси ақлга мувофиқдир". Гегель табиат ва жамият ҳодисаларининг асосида, демакки, давлат ва ҳуқуқ асосида ҳам, абсолют руҳий ва ақлий ибтидо – "абсолют ғоя" туради, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича давлат ахлоқ амал қилишининг олий шаклидир, у ҳеч кимнинг манфаатларига хизмат қилмайди, балки ўз-ўзича абсолют мақсад ҳисобланади. Гегел таълимотида давлат олий қадриятларнинг акс этиши сифатида тасвирланади, у шахсга нисбатан олийлик ҳуқуқига эга. Инсоннинг олий мажбурияти эса – давлатнинг муносиб аъзоси бўлишдир. Гегель шунингдек фуқаролик ҳодисасининг сиёсий-ҳуқуқий моҳиятини асослаб беради ва ватанпарварлик шахснинг муҳим белгиси эканлигини айтади.
Истило назарияси. XIX аср охири – ХХ аср бошларида вужудга келган. Унинг асосчилари (Л. Гумилович, К. Каутский, Е. Дюринг ва бошқалар) мазкур ғоянинг тўғрилигига исботни машҳур тарихий фактлардан (масалан, герман ва венгер давлатлари вужудга келишидан) қидирганлар. Австриялик тадқиқотчи Л. Гумилович шундай деб ёзади: "Тарих бизга давлатнинг фақат зўравонлик орқали вужудга келганидан бошқа бирорта мисолни кўрсата олмайди. Бундан ташқари, бу ҳамма вақт бир қабиланинг бошқаси устидан зўравонлиги бўлган, у кучли бегона қабиланинг кучсизроқ, аммо ўтроқ бўлишга улгурган аҳолини босиб олиши ва бўйсундириши сифатида намоён бўлган".
Давлатнинг вужудга келиши масаласи афтидан ҳали узоқ вақт мобайнида фанда мунозарали масала бўлиб қолади. Унга берилувчи жавоблар эса бир қатор объектив ва субъектив омилларга боғлиқ бўлади. Биринчидан, тарих, этнография, археологиянинг ривожи билан биз давлат ва ҳуқуқнинг вужудга келиши ҳақидаги янги-янги маълумотларни оламиз. Иккинчидан, ушбу маълумотлар доимо у ёки бу фалсафий мактаб вакиллари томонидан уларнинг концептуал мўлжаллари мазмунига мос равишда талқин қилинади.
Ҳар қандай давлат ундаги моҳият, мазмун ва шаклнинг бирлиги сифатида амал қилади. Давлат фаол амал қилиши, унинг механизми сифатли ва мутаносиб бўлиши учун қатъий ташкил этилган давлат ҳокимияти талаб этилади. Бу ерда давлат шакли биз учун асосий тушунча ҳисобланади. Давлат шакли тушунчасида унинг бошқарув шакли, давлат тизими ва давлат сиёсий режими (тартиботи)нинг давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши сифатида акс этиши тушунилади. Давлат шаклининг қандай бўлишига аҳолининг миллий таркиби, тарихий анъаналар, мамлакат ҳудудининг катта-кичиклиги ва бошқа омиллар таъсир кўрсатади. 1990 йилларнинг ўртасида собиқ Югославияда юз берган воқеалар, собиқ Совет Иттифоқи республикаларидаги мураккаб вазиятлар ҳар бир халқда "фақатгина унинг ўзига хос бўлган алоҳида, индивидуал шаклдаги конституцияси борлигини кўрсатди. Бир хил бўлган халқлар йўқ ва бир хил шаклдаги конституциялар ҳам бўлмаслиги керак. Кўр-кўрона кўчириб олиш ва тақлид қилиш бемаънилик, хавфли ва у ҳалокатли бўлиши ҳам мумкин".3
Do'stlaringiz bilan baham: |