Jahon adabiyoti va dostonlar Go’ro’glini tug’ilishi


Qoraqalpoqnoma. To’lapegan Qaipbergenov



Download 1,83 Mb.
bet11/13
Sana22.02.2022
Hajmi1,83 Mb.
#114976
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
Bog'liq
chiqarish

63.Qoraqalpoqnoma. To’lapegan Qaipbergenov.
(Lola Tojiyeva tarjimon)
Қорақалпоқ халқининг бугуни ва ўтмишини қаламга олар эканман отам ва онам, акамнинг ўгитлари доим қулоқларим остида жаранглаб туради. Орадан йиллар ўтиб асарларим бир неча бор қайта нашр қилиниб, элга танилганимдан кейин ҳам ота-онам билан акамнинг ўгитларини унутганим йўқ...
Биз Ёзувчиларнинг Дўрмон боғи меҳмонхонасида Шукур Холмирзаев билан ошхонага тушиб кечки таомни тановвул қилиб, Толстой бобо тўғрисида гаплашиб қолдик. Ўша кунлари Шукур ака машҳур Константин Станиславскийнинг “Санъат даргоҳида ўтган ҳаётим” хотиралар китобини қайта мутолаа қилаётган эди.
Шукур ака таассуротларини тўлқинланиб ҳикоя қила бошлайди: режиссёр Лев Толстой билан Тулада гастролда юрган чоғларида илк бора учрашади. Албатта, унгача Толстойни ғойибона танир эди. МХАТ жамоаси бир куни Толстой билан хийла яқин бўлган театр ҳомийси Н. В. Давидов хонадонида репетициядан сўнг ҳангомалашиб, ҳазил-мутойиба қилиб ўтиришарди. Давра қизиган чоғда деҳқонга ўхшаб пўстинга ўраниб олган битта чол пайдо бўлади. Соқоли кўксига тушарди, белини камар билан танғиб олган эди. Ҳамма уни хурсанд бўлиб кутиб олади. Станиславский дастлаб бу чол Лев Толстой эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Бирорта фотосурати ҳам Толстой бобонинг “асл нусхаси”га ўхшамасди.
Тирик Толстой бетакрор инсон эди. Одамнинг ич-ичига ҳам бемалол қарай оладиган нигоҳ соҳиби дунёда бошқа бўлмаса керак. Унинг қарашлари гоҳ ўткир бўларди, аъзойи баданни тешиб юборгудек бўларди; гоҳида шунчалар майин боқардики, гўё кўзларидан нур таралаётгандек туюларди. Толстой одамга синчиклаб қарарди; одамнинг ичида яхши-ёмон нимаики бўлса, ҳаммасини билиб олмоқчидек кишини хижолат этиб қўярди. Кимдир диққатга сазовор бирор фикрни ўртага ташласа, биринчи бўлиб Толстой ҳаяжонланиб кетарди; буюк санъаткорнинг кўзлари чарақлай бошларди…
У ҳаётлик чоғида биз: “Толстой билан замондош бўлишнинг ўзи бахтдир!” деб юрардик. Дилимиз оғриб, ҳаётдан совиб кетган чоғларимиз Тула вилоятининг Ясная Поляна депарасида Лев Толстойдек бир зот истиқомат қилаётганини хаёлимизга келтирган заҳотимиз яна одамнинг яшагиси келиб қоларди…
Биз юзма-юз ўтирардик. Ошхонада биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Лекин ошпаз уйига кетишга шошмасди. Чунки беш-олти кишидан иборат қандайдир хорижлик меҳмонлар шаҳарни айлангани кетган, улар кечроқ қайтиб овқатланишларини билардик.
Шукур ака эшик томонга қараб ўтирарди. Бирдан Шукур аканинг кўзларида аллақандай учқун пайдо бўлади. Мен уни Толстой бобонинг ҳолатига кираётган бўлса деб тусмол қиламан. Ўзи ҳам овлоқ боғида кун бўйи нималар биландир машғул бўлар, сўнг гулларга бурканган боғчасининг панароқ жойларига махсус ўрнатиб қўйилган тўнкаларга ўтириб узоқ-узоқ хаёл сурарди. Хаёл суриб ўтирган чоғларида боғчаси томонга ўтиб қолсам, оёқ учида юриб орқамга қайтардим. Кейин хаёл суриб ўтирган ҳолатини эслатсам ё бирдан шарақлаб кулиб юборарди, ёки завққа тўлиб ўша пайтда нималар тўғрисида ўйлаганини бутун тафсилотлари билан гапириб берарди.
Ҳозир эса гапини тўхтатиб, юзларига табассум югуради ва: “Ие, ие! Тўлак ака!” деб ўрнидан туриб кетади.
Хаёлим Ясная Полянада, Толстой билан Станиславский учрашувини кўз олдимга келтириб ўтирардим. Ўзим ҳам буюклар даврасида чой-пой ташиб торардим.
–Ие, Шукуржан! – деган нотаниш товуш эшитилди.
Кимдир Шукур ака билан қучоқлашиб, ҳатто ўпишиб кўришади. Беихтиёр ўрнимдан турсам, тепамда қорачадан келган ёши улуғ бир киши самимий кулиб турарди. Нотаниш кишининг қўлида қоғозга ўралган бир нарса бор эди, уни столга қўяди. Мен нари суриламан. У киши ёнимга ўтиради.
– Қадамларига ҳасанот, Тўлак ака! – деб мулозамат қилади Шукур ака.

Шукур аканинг мулозамат қилганини кўриш қийин эди. Лекин бу сафар сидқидилдан ҳурмат-эҳтиромини изҳор қилади. Бир пиёла чой қуйиб узатади. Сўнг ошхона тарафга қараб:


– Ҳой, Равшанбек, меҳмон келди! – дейди товушини кўтариб.
Ошпаз келиб салом-алик қилиб кетади. Дарҳол бир чойнак иссиқ чой, овқат келтирилади. Меҳмон қоғозни очиб қўяди. Унда тиллоранг дудланган балиқ бор экан.
– Ў-ў, Оролнинг балиғи! – деб юборади Шукур ака қувониб.
– Қани, иним, ол! – дейди меҳмон. – Ўзларинг нимталаб олаверинглар!
– Йўқ; ҳозир емаймиз, қорнимиз тўқ. Кейин еймиз.
– Майли, ўзларинг тақсимлаб олинглар. Сизларга насиб қилган экан.
– Раҳмат, – дейди Шукур ака. – Набижон, бу киши ТЎлапберган Қайипберганов бўладилар. Танишиб қўйинг. Биламан, ишончим комилки, Тўлак ака, сизлар дўст бўлиб қоласизлар.
– Илойим, айтганинг келсин, иним. – Тўлапберган оға косадаги овқатдан бир қошиқ еб: – Сизлар емайсизларми? – деб сўрайди.
– Биз едик, оға, ош бўлсин! – дейди Шукур ака.
– Шулайми…
Шукур ака унча-мунча ёзувчини умуман одам ўрнида кўрмасди. Кўзлари чақнаяптими, демак самимий ҳурмат қилади.
– Оға, сиз баҳузур овқатланаверинг. Мен Набижонга Станиславскийнинг Толстой бобо билан илк учрашуви тўғрисида гапириб бераётган эдим, – дейди Шукур ака.
– Майли, гапиравер, жим, мен ҳам эшитаман.
Шукур ака ҳикоясини давом эттиради.

Энди менга Шукур аканинг юз йил олдин рўй берган воқеа тўғрисидаги жонли ҳикоясидан кўра, ёнимда ўтириб бемалол овқатланаётган одам кўпроқ қизиқ эди.


Хуллас, биз Тўлапберган оға билан шу тарзда танишганмиз.
Ўшанда Тўлапберган оға Ёзувчилар боғининг меҳмонхонасида бир ҳафта-ўн кун турди. Биз фақат овқатланиш чоғида ошхонада эмас, бўш вақтимизда гоҳ иккинчи қаватдаги телевизор кўриладиган фойеда, гоҳ кечки сайр баҳонасида учрашиб қолардик. Баъзан Шукур аканинг ёки Тўлапберган оғанинг “ярим люкс” хонасидаги кичик зиёфатга улуғларимиз мени ҳам таклиф қилиб қолишарди. Суҳбат мавзуси чекланмаган, ранг-баранг бўларди. Улар асосан ҳаёт тўғрисида суҳбатлашарди. Ора-орада адабиёт тўғрисида ҳам гап кетиб қоларди.
Тўлапберган оға ҳаётни ич-ичидан биларди. Шукур ака ҳам ҳаётни ич-ичидан биларди.
Дўрмон ижод боғига Сирдарёдан Тўра Сулаймон келиб қоларди. Ошхонада четроқ битта столни эгаллаб, ёнига мени чорлайди. Бирга ўтириб овқатланамиз. Тўра ака ошхона овқатини емасди, фақат кўнгил учун қошиқ ёки санчки тиқиб ковлаштириб кўрарди ва секин менинг ёнимга суриб қўярди.
– Тўра ака, биламан, барибир емайсиз. Шундоқ бўлгач, нима учун товуқ гўнгни титкилаб ичидан қурт-қумурсқа қидиргандек тити-пити қилаверасиз?! Қўйинг, ўша сиз излаётган сичқоннинг б.қи котлет остида кўмилиб тураверсин! – деб зардам қайнаб олдида турган иссиқ овқатни тортиб олардим.
Тўра ака пешонасини тириштириб бирпас башарамга тикилиб турарди-ю, бирдан юз-кўзларига табассум таралиб:
– Вой, аблаҳ! Вой, ярамас! Бунинг гапини қаранглар! – деб ён-верига қараб, озғин елкаларини силкитиб кулиб юборарди.
Ўзаро ғиди-биди қилиб ўтирганимизни Шукур Холмирзаев кўриб қолса:
– Тўра ака, ҳойнаҳой, Мирзачўлдан қизиқ-қизиқ гапларни топиб келган бўлсангиз керак. Илтимос, мен ҳам эшитай, – дерди жўрттага ялинчоқ тусга кириб. – Яқинроқ ўтирсаларинг бўлмайдими?
– Овқат устида, Шукур, эсипаст одам гап сотади. Таомни маҳтал қилиб қўймаслик керак. Ҳар қанча гап бўлса, кечки гурунг чоғида гаплашаверамиз, –деб эътироз билдирган бўларди Тўра ака.
– Айтмоқчи, Неъмат ўғлим экиб бе-риб кетган анор мева қиляптими?
– Салқин жойга қурдириб қўйибман, тарвақайлаб ўсди-ю, лекин гулини тўкиб юборяпти… Биласизми, Бухоро шевасида дарахт кўчатини ерга “қурдик” дейишади! – деб завкланиб кулади Шукур ака. Тўғри-да, бутун Ўзбекистон кўчат экиб ётган бир пайтда бухороликлар кўчат қурса қурибди-да!
Ҳазил-ҳузул бўлади. Шу тарзда Тўра ака оғир ботмайдиган қилиб Шукур Холмирзаев таклифини қабул қилмайди. Сабаби тушунарли бўлмаса, изоҳ бериб ўтаман: боя айтганимдек, Тўра ака ошхона овқатини деярли истеъмол қилмасди, фақат ўзини астойдил овқатланаётгандек этиб кўрсатарди, холос. Менимча, Тўра аканинг ошқозони доғланмаган оқ мойда пиширилган овқатни ҳазм қилолмасди. Шунинг учун тухум қуймоқ ёки ширгуручга ўхшаш ёғсиз пишириладиган таомларни нонушта пайти тановул қиларди-ю, бошқа пайт чой ҳўплаб ўтирарди. Баъзан тухум қуймоқ ҳам емасди, тухумни қайнатиб пиширтирарди. Хуллас, ўзининг “хурмача» қилиқларини бошқаларга кўрсатиб иштаҳасини бўғиб, таъбини тирриқ қилгандан кўра мен билан бир четда ўтиришни афзал кўрарди.
Тўра Сулаймон билан Тўлапберган оға эски қадрдон экан. Йилда бир-икки марта учрашиб қолишса ҳам худди кеча ёки ўтган куни кўришгандек гапларини қолган жойидан давом эттириб кетишаверарди.
– Оға, устоз сизда пул борлигини қаердан билган экан? – деб дабдурустдан сўраб қолади бир гал Тўра ака.
Тўлапберган оға бирдан кулиб юборади; у гап ким ҳақида кетаётганини дарҳол англайди. Гап – устоз Миртемир тўғрисида бошланган бўлади.
Ўтган асрнинг 60-йилларида Дўрмондаги меҳмонхона чинорлар остидаги бир қаватли бинодан иборат бўлган экан. Куз чоғида Миртемир домла “ижод қилиш” учун келиб, битта хонани банд этиб олгач, уч-тўрт кундан сўнг хабар олгани келган “шогирдка”нинг “қўлёзмаси”ни обдан “таҳрир” қилгач, хонасидан чиқиб одамларга қўшиладиган бўлади. Ҳафта давомида мадрасанинг ҳужрасидек тор хонада қамалиб ўтирган Миртемирнинг сабр-тоқатига Тўлапберган оға албатта ҳавас қиларди.
– Овулдан энди келган одамда пул бўлади-да, Тўравой! – деб кулимсирайди Тўлапберган оға.
– Ие, ҳа-а, дарвоқе! – деб жилмаяди Тўра ака. – Кейин нима бўлди?
– Нима бўлганини мен қайдан биламан, Тўравой! – деб кулади. – Қизиқ савол берасан-а!.. Нима бўлган бўлса, олдин бўлган. Кейин устознинг ижоди бўйича илмий иш қилаётган жувон шаҳарга қайтиб кетади, Миртемир ака эса “Манас” таржимасини давом эттиради.
– Ўша пайтда “Манас”ни таржима қилаётган эдими?
– Аниғини билмайман-у, лекин каттароқ бир ишга қўл уриб қўйган эди.
– Ҳозир ўша жувонни кўрсангиз танийсизми? – деб савол бераман адабиёт атрофидаги жувоналарни бир-бир кўз олдимдан ўтказиб.
– Эҳ-ҳе, иним, мен айтаётган воқеага ўттиз йил бўлган! – деб ўнг қўлини юқори кўтаради Тўлапберган оға. – Ўттиз ёшида аёл киши ўтин бўлади. Ўша аёл шу пайтгача икки марта ўтин бўлган бўлса керак.
– Устознинг номаълум чечамизга яқинлигини қаердан сезгансиз?

– Мен ёмон хаёлга бормаганман… Лекин бир куни редакцияга борадиган бўлиб қолдим. Нонуштадан сўнг кийиниб йўлга отландим. Қалин папкани қўлтиқлаб Арғин бекатига борсам, э-э воҳ, ўша жувон турган экан. Ўзимни кўрмасликка, танимасликка солдим. Енгил машина келиб қолди; қўл кўтардим, тўхтади. Ҳайдовчи билан гаплашдим. Олдинги ўриндиққа ўтириб: “Кетдик, айтган пулингизни бераман”, дедим. Ҳайдовчи эса ўриндиқда ўтирган аёлни кўриб қолиб: “Синглим, қаерга борасиз?” деб сўрайди. Жувон борадиган манзилини айтади. “Бўпти, ўтиринг, аввал мана бу кишини айтган жойига элтиб қўйиб, кейин сизни ташлаб қўяман”, дейди ҳайдовчи. “Раҳмат”, деб орқа ўриндиққа ўтиради жувон. Шаҳарга кетдик. “Инқилоб хиёбони”га етмасдан аёл: “Шу ерда тўхтанг, ака, мен радиога боришим керак”, деб йўлкирани тўлаб машинадан тушиб қолади. Беихтиёр жувон берган пулга кўзим тушди; уч сўмлик эди, яп-янги, ҳали бели синмаган қасирмачоқ пул берган эди боёқиш. Ҳатто қайтимини ҳам олмади. Мен Пушкин кўчасидаги Ёзувчилар уюшмаси бино ёнидан машинадан тушиб уч сўм узатдим. Ҳайдовчи менга бир сўм қайтим беради ва башарамга ғалати қилиб қараб қўяди.


– Ўшанда устозга қанча берган эдингиз? – деб сўрайди Тўра ака.
– Санаганим йўқ, – деб кулади Тўлапберган оға. – Бир неча кундан сўнг Миртемир ака хийла сўлғин тортиб хонасидан чиқиб биз билан нонушта қилади. Бечора қаттиқ ижод қилаётган бўлса керак деб ўйлаганман. Мен бўлсам, ҳар куни саккиз-ўн соатдан ортиқ столга михланиб ўтира олмайман. Мана, Миртемир ака ҳар куни йигирма тўрт соат ижод қиляпти. Ундан ўрнак олиш керак.
– Устоз ростдан ҳам қаттиқ ишларди, – деб гап қўшади Тўра ака.
– Тўғри, қаттиқ ишларди. Лекин ҳозир гап бошқа ёқда… Нонуштадан сўнг домла секин қўлтиғимдан ушлаб: “Пича пул бериб тургин, бўтам”, деди. Хўп, қанча керак деб сўрадим. Қанча кўп бўлса, шунча яхши, деди. Хўп, ҳозир хонангизга киритиб бераман, дедим. Йўқ, овора бўлма, ўзим бориб оламан, деди. Хонамга бирга кирдик. Жомадонимдан бир боғлам уч сўмликни олиб, белдамчасини йиртиб тенг ярмини узатдим. Бўладими, деб сўрадим. Яна пича қўш, бўтам, деди. Яна қўшдим. Раҳмат айтиб, чиқиб кетади. Жувонни кузатиб юборганидан сўнг: “Яна сафар Тошкентга қачон йўлинг тушади, бўтам, деб сўрайди. Баҳорда келаман, дейман. Ўшанда албатта менга учрашасан, эсингдан чиқмасин, деб тайинлайди. Бердақ шеърларини таржима қиляпман, бир қисмини Нукусга олиб кетиб ўзбекча газеталарга тарқатиб чиқасан, дейди. Хўп, дейман.
– Хайрият, устоз қарзидан қутилган экан, – дейди Тўра ака. – Ёки тўлиқ қутилган эмасми? – деб чўнтагини ковлай бошлайди.
– Э-э, Тўравой, оға-ини ўртасида қарз-парз деган гап бўлмайди. Қўй, чўнтак ковлама, уят бўлади. Агар пулинг кўп бўлса, ана, Набижонга бер! – дейди оға.
– Ие, мен ундан қарзманми! – деб Тўра ака муштуми билан дук этказиб ҳазил аралаш елкамга уриб қўяди.
Суҳбат давомида билдимки, кейинчалик устоз Миртемир бева бўлиб қолган ижодкор аёлни ими-жимида никоҳлаб олган экан.
Овқатланиб, боғни бирпас сайр этиб чиққанимиздан сўнг ҳар ким ўз хонасига кириб кетиб ижод билан машғул бўларди. Фақат Шукур ака кечаси ишларди; тун бўйи машинкаси чиққилаб чиқарди.
Орадан икки соат ўтиб Тўра ака эшикни тақилатмасдан хонамга кириб келарди:
– Бақийип, нима қиляпсиз? Кетдик, озгина тамадди қип олайлик, – дерди.
– Хўп, ҳеч бўлмаса, шу ёзаётган гапимга нуқта қўйиб олай, – деб машинкамдан бош кўтармасдим.
Тўра ака диванда ўтириб бирорта китоб ё газета-пазетага кўз югуртирарди.
– Бўпти, кирарсиз, кипитилникни чойнакка тикиб қўйган эдим; қайнаб тошиб кетмасин, – деб хонани тарк этарди.

Тўра ака катта идишга гўшт қовуриб босиб келарди. Ҳафтада икки марта ўғилларидан бирортаси келиб инжиқ отадан албатта хабар олишарди. Хуллас, Тўра аканинг хонаки дастурхони ҳам доим тўкин бўларди.


Баъзан Тўлапберган оға билан Тўра ака хоналарида кичик зиёфат уюштириб қоларди. Шукур ака “увол” бўлаётган ноз-неъматларни кўриб ўқтин-ўқтин бош чайқаб қўярди.
– Шукуржан, сен тўйиб-тўйиб эт жеб алғин, кейин улфатчилик қилаверасан, – деб Тўлапберган оға суюкли инисининг қўлига иликли суяк тутқазарди.
Шукур аканинг айтишича, “Шарқ юлдузи”да ишлаб юрган пайтида “Маманбий афсонаси”ними ё бошқа бир романиними журналда чоп этилишида қатнашган, муҳаррирлик қилган, муаллиф билан хўб талашиб-тортишган, охир-оқибат ораларидан шамол ўтмайдиган оға-ини бўлиб қолишган экан. Тўра акани эса Тўлапберган оға билан устоз Миртемир боғлаб кетган эди..
Биз у пайтларда “Ватан” ҳафтаномасида ишлардик. Тўлапберган оға Тошкентга бирров келиб кетадиган бўлиб қолса, таҳририятга бориб йўқлаб қўярди. Шундай қилиб, ёш ижодкорлар билан танишарди: “Нима қиляпсан? Нима ёзяпсан?” деб бирма-бир сўраб чиқарди. “Бекор торманглар, ёзинглар, – деб тайинларди. – Сизнинг ёшингизда Пушкин нима қилган? Қодирий нима қилган? Усмон Носир нима қилган?.. Шундай саволни ўзингизга бериб кўринг. Кейин, майли, виждонингиз кўтарса, бемалол ялло қилиб юраверинг”.
“Оға, агар Усмон Носир бизнинг ёшимизда отилиб кетган бўлса, нима қилайлик?” деб илмоқли савол бериб қоларди Иқбол. Кимдир кулмоқчи бўларди, кимдир оғага синовчан тикилиб қоларди: қани, энди қандай “маслаҳат” берар экан?.. “Иқбалжан, олдин отилиб кетишга яраша ижод қилиш керак, иш қилиш керак. Ундан кейин, майли, отилиб кетсанг ҳам алам қилмайди. Дурустми?” деб ҳаммамизга бир-бир қараб чиқарди. “Дуруст, оға, дуруст!” деб маъқулларди Иқбол.

Раҳбаримиз Ёқубжон Хўжамберди ҳам, Мусулмон Намоз, Рўзимбой Ҳасан, Муртазо Қаршибой, Иқбол, Асқар Маҳкам, Сирожиддин Саййид каби ходимлар ҳам Тўлапберган оға билан қадрдонлашиб кетади. Айниқса, ўша пайтларда оға тўғрисида “Бир сиқим тупроқ” номли бир саҳифали эссе ёзиб эълон қилганимдан сўнг йигитлар оғамизни чинакамига яхши кўриб қолади. Ҳар ҳолда мен оғадан эшитган, у киши ҳақида бошқалар гапириб берган айрим иборатли воқеаларни кўпчилик билмасди. Лекин устознинг куйинчаклигини, самимий инсон эканини кўпчилик биларди.


Эсимда, биз хийла синашта бўлиб қолганимиздан сўнг “Қорақалпоқ достони” трилогиясини қайта ишлаб, тўлдирилган ҳолда нашр этмоқчи эканини айтади.

– Набижан, трилогиянинг ўзбекча нусхасига ўзинг муҳаррир бўлмайсанми?


– Бўлишим мумкин, лекин қаттиқроқ таҳрир қилиб юборсам, ишқилиб, юзкўрмас бўлиб кетмаймизми? – дейман ҳазил аралаш.
– Йўғ-э, муаллиф билан муҳаррир китоб чиқариш жараёнида талашиб-тортишади, аммо юзкўрмас бўлиб кетганини ҳеч эшитмаганман, – деб кулади оға.
Хуллас, оғанинг машҳур трилогияси менинг “умумий таҳририм” остида қайта нашр этилади. Биз ҳартугул юзкўрмас бўлиб кетмадик. Аксинча, Тўлапберган оға Дўрмондаги боғ ҳовлисида қўй сўйиб, ўғилларини чақириб, улар гувоҳлигида менга бошдан-оёқ сарпо кийдиради. Шоир дўстим Аъзам Ўктам ёзда қорақалпоқча кийим-бошга бурканиб боғчамга кириб келганимни кўриб бағоят ажабланади. Бир пасдан кейин Тўлапберган оғанинг ўзи ҳар хил тансиқ ноз-неъматлар кўтариб келиб қолгач, Аъзамжон баттар ҳайратланади. Улар қучоқ очиб кўришади. Чорпояга чиқиб ўтирадилар.
– Эҳ, аттанг, трилогиянгизни қайта нашр этиш ниятингиз борлигини билганимда, устоз, ўзим муҳаррир бўлардим-ку! – дейди Аъзамжон кулиб. – “Чўлпон” нашриётида эллик-олтмишта китобга муҳаррирлик қилдим, лекин бирорта автор менга бошдан-оёқ сарпо қилгани йўқ, баъзилар ҳатто бир оғиз “раҳмат” айтиб кетишга ҳам арзимайди.
– Ие, ие! Муҳаррирнинг меҳнатини қадрламаган ёзувчи-шоир одам эмас, – деб ҳукм чиқаради оға. – Дурустми?
– Ана, бу бошқа гап, – деб қўллайди Аъзамжон. – Эҳ, аттанг…
***
“Маманбий афсонаси”, “Бахтсизлар”, “Гумроҳлар” романлари “Қорақалпоқ достони” трилогиясини ташкил этади. Бу романлар 1982 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган. Ҳатто “Маманбий афсонаси” 1968 йилда алоҳида чоп этилган заҳоти Ҳамза номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.
Мен “Қорақалпоқ достони” трилогиясининг қайта нашр этиш жараёнида бевосита қатнашганим учун Тўлапберган оға ўттиз беш-қирқ йил давомида (ваҳоланки, роман 1968 йилда ўзбек тилида илк бора нашр этилиган бўлса-да, лекин аслиятда беш-олти йил олдин ёзилган; демак, 1960 йил билан 1998 йил орасида салкам қирқ йиллик вақт масофаси борлиги маълум бўлади) ижодий жараён тўхтатилмайди. Ёзувчи сюжет линиясига ҳам, айрим воқеаларга муаллиф муносабатларига ҳам янгиликлар киритади. Агар тадқиқотчилар романларнинг эски ва янги вариантларини қиёслаб ўрганиб чиқса, Тўлапберган Қаипберганов ижодий лабораториясида қизғин иш жараёни узлуксиз давом этганини аниқлаган бўларди. Ёки бўлмасам, қўлига қалам олиб адабиётга кириб келаётган ёзувчилар биринчи навбатда қандай ёзиш кераклигини ўрганиш учун ҳам Тўлапберган оға ижодига мурожаат этса, кўп нарса ўрганиши мумкин. Гапимиз қуруқ насиҳатгўйликдан иборат бўлиб қолмасин: ўзим Тўлапберган оғанинг ижодий “устахонаси”га саёҳатни бошлаб бераман.
077 1959 йилда (муаллиф 30 яшар эди) Тошкентдаги “Ўзадабийнашр”да Тўлапберган Қаипбергановнинг “Секретарь” повести чоп этилади. Таржимонлар Ф. Насриддинов, Ш. Шомуҳамедов. Китоб 117 бет. Расмли. Бошланиши:
“1942 йил. Қаҳратон қиш. Илк саҳардан бери бўралаб ёғаётган қор бирдан тинди. Сал ўтмай қуёш чарақлаб кетди. Булутдан чиққан қуёш нури ҳамма ёқни қоплаб олган оппоқ қорда жиловланиб, кўзни қамаштиради.
Кун ботишдан эсган изғирин шамол юз-кўзларни ялаб боради. Ёқа-енгингдан кирган совуқ аъзойи баданингдан ўтиб, бўйнингни қисишга мажбур қилади.
Шаҳардан қайтган уч йўловчи бола жунжиб эшакларини олдиларига солганча яёв ҳайдаб келмоқдалар. Улар ғарч-ғурч қилаётган қирчиллама қорда баъзан депсиниб оладилар. Бошларидаги қулоқчин боғичларини тушириб боғлаб олишган. Рўпарадан эсган шамолни писанд қилмай, ўрга томон илдам чиқиб борадилар.
Икки юзи нашқ олмадай қизариб кетган Отамурод, бошидаги телпагини юқори кўтарилиб кетаётгандай ҳис қилиб, оқ қўлқоп кийган қўли билан уни дам-бадам босиб қўяди. Боядан бери жим келаётган Амет совуқ қотган қўлқопсиз қўлини қўйнига суқаркан:
– Отамурод, – деб сўз бошлади…”
1979 йилда “Секретарь” қиссаси “Ёш гвардия” нашриётида қайта чоп этилади. Энди таржимон Фатҳиддин Насриддиновнинг битта ўзи. Илгари “повесть” дейилган бўлса, энди “қисса” бўлиб қолади. Яъни, русча термин ўзбекча атамага ўзгартирилади.
Шу ўринда кичик лирик чекиниш қилишга тўғри келади. Гап шундаки, Фатҳиддин Насриддинов 1979 йилда ТошДУнинг журналистика факультети талабаларига, яъни – бизга “таҳрир маҳорати” курси бўйича дарс берганлар. Домла ўшанда кўп фойдали гапларни айтган. Лекин биз кечки бўлим талабалари бўлганимиз учун биримиз қурилишда, биримиз заводда, яна биримиз ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳасида ишлардик. У пайтларда ҳеч бир талаба бевосита матбуотда ёки нашриётда ишламасди. Шунинг учун домланинг гаплари бизга назарий фикр-мулоҳазалардан иборатдек туюларди, холос. Фойдали эди-ю, аммо… Агар домла бизга ўзи таржима қилган “Секретарь” повест-қиссанинг икки нусхасини ўқитиб, улар бир-биридан нимаси билан фарқ килишини кўрсатиб берганда “таҳрир маҳорати” қанақа бўлишини иккинчи босқич чоғимиздаёқ англаб етган бўлардик. Кейин ҳар биримиз матбуотда, нашриётларда беш-ўн йил иш¬лаб қайтатдан “велосипед кашф” этишга мажбур бўламиз. Ёш қаламкашлар ҳозирдан қандай ёзишни ўрганиб олса, кейин нимани ёзишни ўзлари ажратиб олаверади…
Эски китоб ислоҳ қилинмаган пул бўйича 2 сўм 90 тийин бўлган. Янги китоб эса 35 тийиндан сотилади.
“Секретарь” қиссасининг 1979 йилдаги нусхаси бундай бошланади:
“1942 йил.
Қаҳратон қиш.
Туни билан тинмай паға-паға ёғиб чиққан лайлак қор азонга яқин тўхтаб, ҳаво очила бошлади. Теварак-атрофни қоплаб ётган оппоқ қор ҳозиргина булутлар орасидан чиққан қуёш нурларида жилваланиб, кўзларни қамаштирарди.

Аммо ҳаво совуқ. Кунботар ёқдан эсаётган изғирин шамол юз-кўзларни ялайди. Почангдан кириб, енг-оёқларингдан чиқмоқчи бўлади. Бадан-баданларингга игна санчиб, қунишиб-қимтинтиради, бўйнингни ичга тортишга мажбур қилади.


Эрта саҳар шаҳардан йўлга чиққан уч бола совуқнинг зўридан дам олишга ҳам илож тополмай, эшакларини олдинга солиб ҳайдаганларича дилдираб келишяпти. Гоҳо сал тўхтаб деписиниб олишади.
Сиртдан қараганда учаласининг ҳам бўй-басти баб-баравардай, қулоқчинларининг қулоғини тушириб, боғичларини боғлаб олишган. Учови ҳам бошларини қуйи эгиб, эшакларини хи-хилаб бормоқда.
Олдинда бораётган бироз ўктамроқ ва савлатлироқ кўринган Отамуроднинг икки бети қалампирдай қип-қизариб кетган, худди телпаги бошидан тушиб кетадигандай у оқ қўлқопли ўнг қўли билан уни босиб-босиб қўяди. Унинг кейинидаги ўрта бўйли, чўпдай ориқ Аметнинг бир қўли қўйнида, иккинчи қўлидаги халачўп билан эшагини нуқиб ер сузган кўйи:
– Отамурод, – дейди…”
Хуллас, 1959 йилда эълон қилинган “повесть” билан орадан йигирма йил ўтиб қайта нашр қилинган “қисса” ўртасида жуда катта фарқ бор. “Повесть” уч бўлимдан иборат эди, “қисса” эса йигирма боб. “Повесть”да Отамуроднинг юзи худди “нақш олмадай қизарган” бўлса, “қисса”да “қалампирдай қизаради”. “Повесть” билан “қисса” нусхасидаги ўзгаришлар яхшими-ёмонми? Бу борада қатъи ҳукм чиқариш мумкин эмас. Чунки ўзгаришлар айрим масалаларга ёзувчининг муносабати ўзгариб, воқеаларга малакали баҳо берилганини кўрсатади. “Малакали баҳо” қанақа бўлишини асар нусхаларини қиёслаб кўрган тадқиқотчи аниқ кўради.
“Секретарь” қиссаси устидаги ижодий ишини ёзувчи йигирма йилдан сўнг ҳам давом эттирган. Ваҳоланки, у йигирма йилдан кейин “Қорақалпоқ достони” трилогияси устида қизғин ишлаётган эди.
Дарвоқе, “Секретарь” қиссаси билан “Қорақалпоқ достони” трилогияси орасида “Сўнгги ҳужум” (1970 й.) ҳам яратилади. Бу роман ўзбек тилида эълон қилинганда муаллифнинг исми “Тўлак” деб ёзилган. Лекин Тўлапберган оғанинг ўзи “Тўлак” деган номни ёқтирмасди, фақат Шукур Холмирзаев “Тўлак оға” деб мурожаат қилса, индамасди-ю, бошқалар шундай деса, албатта исмини тўлиқ айтишни талаб қиларди. Менимча, оғанинг ота-онаси ўғлини эркалатиб “Тўлак” дейишган бўлса керак. Унда нима учун “Сўнгги ҳужум” романининг титул варағида “Тўлак” деган исм чиқиб кетган?
Оғанинг илк романи ўзбек ўқувчисига бундай таништирилади:
“1930 йиллар. Республикада қишлоқ хўжалигини коллективлаштиришнинг дастлабки даври… Бир томондан, коммунистлар билан комсомол ёшлар деҳқонларнинг фаол қисмига суяниб қишлоқ меҳнаткашларини колхозларга бирлаштирадилар. Иккинчи томондан, ниқобланиб олган синфий душманлар – Жунайидхон босмачиларининг қолдиқлари – колхозчилик ҳаракатига жон-жаҳдлари билан тўсқинлик қиладилар; соддадил кишиларни йўлдан урадилар, қишлоқ активларини ўлдиришгача бориб етадилар, халқ мулкига ўт қўядилар. Роман воқеаси қотилларни излашдан бошланиб кетади. Асарда қизиқарли воқеа ва ҳодисалар, кураш картиналари, лирик онлар тасвири, энг муҳими – анчагина одамларнинг жонли образлари мавжуд.
Келинг, яхшиси, бу асарни ўзингиз ўқиб чиқинг, “Сўнгги ҳужум” автори Т. Қайипберганов қаламига ўз баҳонгизни беринг”.
Дарҳақиқат, роман фожиа тасвири билан бошланади: “Ўт тушиб томи қулаган ва ҳамон тутун буруқсиётган уй олдида тўпланиб турган қишлоқ аҳолисидан ажралиб, уч сувори йигит олдинга чиқди. Дарменбойдан бошқа иккитасининг ҳарбийча кийимларидан уларнинг ГПУда ишлашлари яққол кўриниб турарди…”
Бу роман “Ёш гвардия” (Тошкент, 1970 й.) нашриётида ўзбек тилида чоп этилади. 248 саҳифа. Таржимонлар Ҳ. Ниёзов билан Н. Худойберганов. Ҳайдарали Ниёзов узоқ йиллар “Шарқ юлдузи” журналида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлаган камтарин қаламкаш эди. Норбой Худойберганов эса Ўзбекистонда “жанговар танқидчилар”дан биттаси ҳисобланарди.
Шу ўринда Тўлапберган оға асарларининг ўзбек таржимонлари хусусида икки оғиз гапириб ўтмоқчиман. 1963 йилда нашр этилган “Муаллимга раҳмат!” повестини Д. Файзираҳмонов таржима қилган. Трилогияни Лола Тожиева ўзбекчага ўгирган. “Қорақалпоқнома” роман-эссени эса Р. Отаев таржима қилади.
Афсуски, Тўлапберган оғанинг иккита йирик асарини битта таржимон ўзбек тилига ўгирмайди. Ҳар гал таржимонлар нашриётларнинг буюртмаси бўйича ўзгараверган. Агар битта таржимон (масалан, Низом Комилов каби нуктадон инсон) Тўлапберган Қаипберганов асарларни ўзбекчага ўгирганда муаллиф ҳам, ўқувчиларимиз ҳам ютган бўларди.
Таржимонлар орасида муаллиф руҳини тўғри англаган буюк зот, шак-шубҳасиз, бетакрор ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор эди.
Устоз Абдулла Қаҳҳор билан Тшлапберган оғанинг ижодий ҳамкорлиги тўғрисида батафсил тўхталишдан олдин “Сўнгги ҳужум” мавзусида (коллективлаштириш даври) Михаил Шолохов “Очилган қўриқ” диалогиясини, Абдулла Қаҳҳор эса “Қўшчинор чироқлари” романларини яратганини алоҳида таъкидлаб ўтмокчимиз. Айтмоқчи, улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Обид кетмон” романи ҳам коллективлаштириш мавзусига бағишланган. Бу асарлар гарчи битта мавзуга бағишланган бўлса-да, лекин бир-бирини асло такрорлаймайди. Нима ҳақда қандай ёзишни ўрганмоқчи бўлган ҳаваскор қаламкаш бу асарларни синчиклаб мутолаа қилса, маҳорат сабоғини олиши мумкин. Зеро, ёзувчи ёзишни ёзиш жараёнида ўрганибгина қолмайди, айни чоғда бошқалар қандай ёзганини ўткир нигоҳ билан тафтиш этиб ҳам қаламини чархлайди.
***
Ана энди устоз Абдулла Қаҳҳор билан Тўлапберган оға муносабати тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Тўлапберган оға шундай ҳикоя қиларди:
“Дўрмон ижод боғига ўтган асрнинг 60-йилларида таътил чоғлари келиб турардим. Ҳозир Саид Аҳмад номига ўтиб қолган боғ-ҳовлида устоз Абдулла Қаҳҳор аёли билан муқим истиқомат қиларди. Абдулла ака билан Кибриё опа эрта баҳорда боғларига келиб кеч кузда шаҳар ҳовлисига қайтиб кетишарди. “Муаллимга раҳмат” повестим ўзбек тилида чоп этилган, гонорар олиб белим бақувват бўлиб қолган кезларда овулда яшайдиган танишим Ғойиб Ёқубовга “Бир совуқ томчи” қиссамни таглама таржима қилдириб Тошкентга олиб келган эдим. У пайтлар Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” пьесаси саҳналаштирилган, “Синчалак” повестини К. Симонов рус тилига таржима қилган, хуллас, устознинг гуриллаган даври эди. Қаҳҳор домланинг ҳовлиси ёнидан ўтаётган чоғларимиз унча-мунча одам у тарафга кўз қирини ташлашга ҳам ботинмасди. Салобати босарди устознинг.
Ҳар куни кечки пайт боғни сайр этиб юрардик. Танишларимга: “Қиссамни Абдулла Қаҳҳорга ўқитиб, маслаҳат олмоқчиман. Шунга нима дейсизлар?” деб мурожаат этдим. “Ие, Тўлапберган эсинг жойидами! Абдулла Қаҳҳор ўзига ёқмаган асарни авторига қўшиб пийпалаб ташлайди. Кейин ҳеч қачон ўмганингни кўтара олмасдан бир умр майиб бўлиб қоласан!” деб қўрқитишади танишларим. Дастлаб, ростдан ҳам қўрқиб юрдим. Зимдан кузатиб амин бўлдимки, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳовлисига ҳадди сиғиб кириб чиқадиган ёзувчиларнинг ҳам шохи йўқ экан.
“Бор-э, нима бўлса бўлар! Ёзганларим тўғрисида бошқалардан мақтов эшитганимдан кўра, Абдулла Қаҳҳордан калтак еб майиб бўлиб қолганим минг марта афзал!” деб қўлёзмани устозга киритиб бердим. Сўнг бир неча кун жўка тагига қўйилган сўри-чорпояда ҳукм ўқилишини кутиб ўтирадиган! бўлдим. Бошқаларга қўшилмай қўйдим. Бошқалар ҳам мени кўрса, четлаб ўтарди. Одамларнинг қизиқ одати бўлади: бошига кулфат тушган кимсадан ҳамма ўзини тортади. Ёзувчилар ҳам оломондан деярли фарқ қилмайди. Худди абадиятдек туюлган бир ҳафта ҳам ўтди.
Бир куни боғ ходимларидан бири: “Қайипберганов, сизни Абдулла Қаҳҳор йўқлаяпти, пешиндан кейин у кишига учрашар экансиз”, дейди. Таклифни эшитиб довдираб қолдим. Кўнглимдан ҳар хил гаплар кечади. Ҳар ҳолда уйига чақириб уришмаса керак деб умидвор бўламан. Йўқ, балки кўпчиликнинг олдида шарманда қилмаслик учун уйига чақираётган бўлиши мумкин, юзма-юз ўтирғизиб кўйиб, роса пўстагимни қоқса керак! Оббо, одамларнинг маслаҳатига қулоқ солиб, бу қиссамни ҳам бирорта нашрётда чоп қилдириб, индамасдан юртимга қайтиб кетсам бўлмасмиди?! Нима қилардим ўзимга ташвиш орттириб…
Хуллас, Абдулла Қаҳҳор пешиндан кейин мизғиб олиб, уйғонадиган пайтни мўлжаллаб боғ-ҳовлига юрагимни ҳовучлаб кириб бордим. Устоз тўкин дастурхон тузаб, ойнаванд ёпиқ айвонда диванда ўтирган экан. Кибриё опа ҳамон дастурхон атрофида куймаланиб юрарди. Салом-алик қилдик. Устоз ёнидан жой кўрсатди. Ўтирдим. Томоғим қуриб кетган, ютинсам танглайимга тилим ёпишиб қолади… “Тўлапберган, қиссангизни ўқидим. Менга маъқул бўлди. Агар рухсат берсангиз, таржимонингиз ёнига мен ҳам номимни қўйиб, у ер-бу ерига қалам уриб таҳрир қилардим. Таҳрир охирига етгунча шаҳарга тушсангиз бирров “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятига кириб бош муҳаррир Асқад Мухторга учрашиб: “Абдулла ака менинг повестимни таҳрирдан чиқаряпти, яқин сонларидан бирида уни чоп этишга жой топилармикан, деб сўраяптилар”, деб кўринг-чи, нима дер экан”, деди устоз.
Ўша куни бир дастурхон атрофида ўтириб тамадди қилдик, кўп нарсалар тўғрисида гаплашдик. Тўғрисини айтсам, менинг томоғимдан овқат ўтмади, қулоғимга гап ҳам киргани йўқ. Фақат устозга мен ёзган қисса маъқул келганини билдим, холос. Эртаси куни шаҳарга тушиб Асқад Мухторга учрашдим, унга омонат гапни етказдим. “Ие, Тўлапберган, Абдулла ака қиссангизни таҳрир қилиб берадию биз журналдан жой топмаймизми?! Топилади жой, шу сонига тушириб юборамиз, тезда олиб келинг қиссани!” дейди Асқад ака. Келиб Абдулла акага Асқад Мухторнинг жавобини айтдим. “Ундай бўлса, Тўлапберган, сиз Тошкентда ишларингизни битириб Нукусга қайтаверинг. Мен қисса таҳририни тугатиб, уни машинкада оққа кўчиртириб ўзим “Шарқ юлдузи”га элтиб бераман ёки биротасидан бериб юбораман. Агар таҳрир чоғида муҳим гаплар чиқиб қолса, сизга хат ёзиб юбораман”, дейди устоз. Мен хижолат бўламан, Лекин у кишига гап қайтаришга журъат этолмайман. Шундай қилиб, мен Абдулла Қаҳҳорнинг назарига тушганман, иним”.
Улар ўзаро хат ёзишиб турган экан. Яқинда жонкуяр қаҳҳоршунос дўстимиз Отабек Жўрабоев устоз уй-музейининг фидокор директори Нодира Жалолова билан ҳамкорликда “Абдулла Қаҳҳор: шахс ва ижодкор. (Архив қўлёзмалари ва хотиралар асосида мақолалар тўплами)” номли ибратли китоб (“Тамаддун” нашриёти, 2013 йил) чиқарди. Ундан кўчирма келтираман:
“Абдулла Қаҳҳор таржимон сифатида ҳам ўзбек адабиётида сезиларли ўрин эгаллади. Адиб қорақалпоқ ёзувчиси Тўлапберган Қайипбергановнинг “Совуқ бир томчи” қиссасини ўзбек тилига ўгирди. Ёш ижодкорнинг икки ва Абдулла Қаҳҳорнинг бир қоралама мактуби архивда сақланган. Масалан, 1965 йил ноябрь ойида ёзилган мактуб Т. Қайипбергановнинг Абдулла Қаҳҳорга ёзган мактуби (КП. №51 ҳужжат). Бу мактуб қорақалпоқча ёзилган.
1964 йил 27 декабрь санаси билан ёзилган Абдулла Қаҳҳорнинг Қайипбергановга ёзган мактуб қораламаси сақланиб қолган (КП. №51 ҳужжат). Мазкур хат матни ҳавола этилмоқда:
“27-ХII-1964
Дўстим Қаипберганов
Йўллаган табрик ва совғаларингиз учун раҳмат. Келаётган янги йилингиз қутлуғ бўлсин.
“Номус”ни ўша кунлариёқ қўлга олмаганим чакки бўлган экан, эр-хотин боғдан кўчиш олдида касалликка чалинганимизча ҳалигача ўзимизга келолмаймиз.
Сизнинг олдингизда уятли бўлиб, бироз ишлаш имконияти бўлиши биланоқ асарни қўлга олдим. Асарда яхши образлар кўзга кўриниб қолган, лекин буларни яна ҳам ёрқинроқ қилиш, асарни кераксиз тафсилотдардан тозалаш зарурлиги ўзингизга маълум эди. Иш жараёнида бирмунча фикрлар туғилди.
1. Камол хоинвачча бўлса ҳам отасининг боласи эмас; одам боласи экани кўриниб турганидан кейин унга кимдир қучоғини очиши, уни ҳаётга йўллаб юбориши керак. Ҳаёт ҳақиқати шу.
2. Санъат ходими ҳозирги туришида воқеадан четда, модомики бу образ қолиши керак экан, уни воқеа доирасига тортиш, унга характер бериш зарур.
3. “Интернационализм”ни кўрсатувчи оилалар битта повестда кўп бўлиши шарт эмас, шунинг учун сартарош хотин тўғрисидаги гаплар эҳтимол зарур эмасдир.
4. Камолнинг маст бўлиши, Февраль билан учрашиб гўристонга бориши, якка гўр тўғрисидаги гапларни бир боб қилиш зарур эмас, бу бобдаги айрим деталларни бошқа бобларда ўрни билан ишлатиб юбориш мумкин.
Мен бу ерда асосий фикрларни айтдим. Иккинчи даражадаги бошқа мулоҳазалар ҳам бор. Шу фикр ва мулоҳазалар асосидаги парчаларни ёзиб ҳам кўйганман. Агар сиз рози бўлсангиз, ишни шу йўсинда давом эттираман.
Асар қорақалпоқ тилида чиққан, ўзбекчаси аслидан фарқ қилса қандақ бўлар экан, деган мулоҳазага борманг, чунки биз ҳам асаримиз русчага таржима қилинган вақтда таржимон маъкул фикрлар айтса катта-кичик ўзгаришлар киргизамиз, ҳатто уни қайта ишлаймиз. Бунинг мисолини бизнинг кўп асарларимизда кўришингиз мумкин.
Сизга ҳурмат ва салом билан
Жавобингизни кутаман.
Тошкент, Шелковичная, 26”.
Тўлапберган оғанинг Қаҳҳорга жўнатган қорақалпоқча хатлари улар ўртасидаги муносабатлар нақадар самимий, нақадар ижодий эканини яққол кўрсатади…
Демак, маълум бўляптики, қиссанинг дастлабки номи “Номус” бўлган экан; унга Абдулла Қаҳҳор “Совуқ бир томчи” деб янги ном қўяди. Бу номга муаллиф ҳам рози бўлган.
Хўш, нима учун Абдулла Қаҳҳор шу қиссани қайта таҳрир ва таржима қилишга қизиқиб қолади?
1933 йилда “Ўзадабийнашр”да Абдулла Қаҳҳорнинг иккинчи китоби “Олам яшарадир” номли ҳикоялар тўплами чоп этилади. Китоб тепасига “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!” шиори ёзиб қўйилган. Сиёсий муҳаррир – Ёқубоф, адабий муҳаррир – Муҳамедоф. Менимча, гапнинг давомини Қаҳҳорнинг ўзидан эшитган маъқул:
“1933 йилда иккинчи китобим “Олам яшарадир” деган ҳикоялар тўплами босилиб чиқди. Бу тўпламга биринчи қилиб қўйилган ҳикоя “Олам яшарадир”да беш қиз, бир кампир ва бир йигитнинг суҳбати ҳикоя қилинади. Бурунги эртакларда соҳибжамол қиз харидорлари олдига афсонавий шартлар қўяр эди, харидорлардан қайси бири шу шартларни бажарса, ўшанга тегар эди. Менинг қизларим ва кампирим йигитнинг олдига афсонавий эмас, замонавий шартлар қўйишади, ҳар бири унга биттадан савол беради.
1. Нима учун биз пахта экишга мунча аҳамият берамиз?
2. СССР нима учун Миллатлар иттифоқига кирмайди?
3. Нима учун муштумзўрни синф сифатида битириш керак?
4. Социализм динни сиғдира оладими?
5. Халқ хўжалигини тараққий қилдиришда олти шартни айтиб беринг. Хўжаликни тараққий қилдириш учун нималар қилиш керак?
Йигит газетада ўқиганлари, радио ва лекцияларда эшитганлари асосида бу саволларга тўғри жавоб беради, яъни олти шартни айтиб беради.
Ҳозирги ёшларда қайси бири адабиётни ва унинг пропаганда қуроли эканини шу хилда тушунади?..
Бу ҳикояни ёзгани менга нима илҳом берибди? Ҳамма газеталарда босилган, мажлисларда қайта-қайта изоҳ берилган, ҳатто плакат қилиб деворларга ёпиштирилган “олти шарт”ни илҳом билан айнан кўчириб, илҳом билан қаҳрамоннинг оғзига солибманми?
Тўпламда илҳомсиз, дардсиз ёзилган, демак китобхоннинг таъби тортмайдиган бошқа ҳикоялар ҳам бор.
Бу ҳикояларни ёзишда мени ишга солган нарса кўнгил туғёни – илҳом эмас, биринчи муваффақиятнинг кайфи бўлди. Биринчи китобим тўғрисида унча-мунча яхши фикрлар бўлгандан кейин тезроқ иккинчи китобни чиқаришга, тўпламни мумкин қадар каттароқ қилишга, тезроқ катта ёзувчи бўлишга, тезроқ шуҳрат қозонишга бел боғладим. Бироқ бу ҳаракат акс натижа берди: биринчи китобимга диққати жалб бўлган одамларнинг иккинчи китобим билан ҳафсаласини совутиб қўйдим. Шу ҳикояларга сарф қилган вақтимни, ҳафсаламни, тўккан кўз нуримни илҳом билан ёзилган битта ҳикояга сарф қилсам, камолот йўлида иккинчи қадамни босган бўлар эдим.
Афсуски, шу “ҳикоя”ларга узоқ-яқин қариндош асарлар ҳозир ҳам учраб туради…”
Абдулла Қаҳҳор иккинчи китобидан ўрин олган деярли барча “ҳикоя”ларини “брак”ка чиқариб ташлайди. Деярли деяпмиз, лекин ҳаммасини демаяпмиз. Ўша иккинчи китобдан жой олган “Гумроҳ” ҳикояси бундай бошланади:

“Уйқу ичида унинг лабига совуққина бир нарса теккандай бўлди. Кўзини очмай қўлини лабига олиб келган эди, қўли ҳам ўшанга учради. Ушламоқчи бўлиб пайпаслаган эди, тополмади. У уйқусини тамом қочирмасликка тиришиб, секин кўзини очди. Йўғон бошли кишининг қоп-қора гавдаси уни пастлаган чирокдан тўсар эди.


– Ота! – деди у бошини кўтариб.
Жавоб бўлмагандан сўнг уни ваҳима босди. Кўзларида уйқудан ҳеч асар қолмади. У ҳатто пастлаган чироқнинг хира шуъласида ҳам жуда яхши кўрар эди. Оғзидан бир газ юқорида турган тўппонча қоронғидаги мушукнинг кўзидай ярқираб кўринди. У яна бошини ёстиққа қўйди”.
Демак, Абдулла Қаҳҳор ўттиз йил олдин ёзган “Гумроҳ” ҳикоясида киши баданига совуқ бир нарса тегса, бирдан сесканиб кетишини рўй-рост тасвирлайди. Ўттиз йилдан кейин эса Тўлапберган Қаипберганов ёзган қиссанинг танлама таржимасида ҳам ўша ҳолатга дуч келади, ўша ҳолатни гўё қайтадан бошидан кечиради.
“Совуқ бир томчи” қиссаси бундай бошланади: “Бу йигит билан мен Нукус ҳаммомида танишиб қолдим.
Мен ҳаммомга кирганимда бу йигит чеккароқдаги супанинг бурчагига ўтириб олиб, мускуллари эшилган-буралган билакларига шошиб-пишиб совун суртмоқда эди. Тосга сув тўлдириб олдим-да, унинг ёнидаги бўш жойга бориб ўтирдим. Танишдик. Йигитнинг оти Камол экан. Харчанд қарамай десам ҳам, ҳадеб унга кўзим тушаверди: қад-қомати келишган, вужудидан куч-кувват ёғилиб турган, бир қарашда қадимий Юнон тарихий китобларидаги баҳодир ҳайкалини эслатадиган бунақа йигитни умримда кўрган эмасман…
Баданим ловуллаб, ҳузур қилиб ўтирганимда тепадан бир совуқ томчи нақ бошимга “чак” этиб тушди. Сесканиб бошимни кирпидай ичкари тортдим. Камол менинг совуқ томчидан сесканганимни пайкаб:
– Ёруғ дунёнинг ҳам баъзан мана шунақа совуқ томчилари бўлар экан, – деди…”
Сездингизми, Қаҳҳор ўттиз йил олдин бошидан кечирган руҳий ҳолатни қайта бошидан кечиради. Таглама таржимадан ҳам Тўлапберган Каипбергановда ёзувчи нигоҳи борлигини яққол пайқайди ва “Ўтмшддан эртаклар”, “Муҳаббат” каби умрининг охирида ёзишга асраб қўйган асарларини бир четга йиғиштириб “Номус” қиссасининг ўзбекчасини — “Совуқ бир томчи”ни яратади.

***
Дунёда халқнинг дардини бадиий ҳақиқат даражасига кўтарган ёзувчилар жуда кам. Бизда буюк Абдулла Қодирий халқ қомусини яратмоқчи бўлган. Лекин замон бунга йўл қўймайди. Абдулла Каҳҳорнинг ўзи ҳам “Сароб” романида бошлаган яқин ва янги тарих фожиаларини “Зилзила” романида давом эттирмоқчи бўлади. Бироқ, у ҳам мўлжалдаги ишини охирига етказа олмади. XX асрда бирталай истеъдодли ўзбек адиблари дунёга келади. Ҳозир уларни номма-ном санаб ўтиришнинг мавриди эмас. Афсуски, улар ҳам кейинги асрдаги халқ тарихини, халқ қиёфасини ёрқин ифодайлайдиган яхлит монументал бадиий асар ярата олмади.


Халқ тимсолини яққол кўрсатадиган кенг қамровли асарларни Тўлапберган Қаипберганов яратди. Унинг нафақат “Қорақалпоқ достони” трилогияси, балки “Кўз қорачиғи”, “Раҳмат муаллиф!”, “Секретарь”, “Совуқ бир томчи”, “Қорақалпоқ қизи”, “Сўнгги ҳужум” каби қиссалари, романларида қорақалпоқ халқининг юз эллик-икки юз йиллик тарихи ўзининг бадиий ифодасини топган.
Адибнинг ўзи “Қорақалпоқ достони” трилогияси ўзбек тилида нашр этила бошлаганда “Маманбий афсонаси”нинг кириш қисмида бундай деган эди: “Қорақалпоқ халқининг бугуни ва ўтмишини қаламга олар эканман отам ва онам, акамнинг ўгитлари доим қулоқларим остида жаранглаб туради. Орадан йиллар ўтиб асарларим бир неча бор қайта нашр қилиниб, элга танилганимдан кейин ҳам ота-онам билан акамнинг ўгитларини унутганим йўқ. Тарихий ҳодисаларни бой бўй-басти билан тасвирлашга ҳаракат қилдим. Қорақалпоғистоннинг ҳамма бурчакларини кезиб чиқдим; саҳифалари сарғайиб кетган қанчадан-қанча китобларни ўқидим; гоҳида пою пиёда, гоҳ машинада, гоҳ самолётда бориб тарихий жойларни зиёрат қилдим… Болалигимда эшитган афсоналар билан тарихий воқеаларни муқояса қилдим, зарурларини олдим, нозарурларини тушириб қолдирдим. Заргар бўлмасам-да, ҳарқалай, олтинни мисдан фарқлаб олишга ҳаракат қилдим. Тарихий мавзуга мурожаат қилар эканман, бугуннинг аҳамиятини чуқурроқ очишга эътибор бердим…”
Ўша сўзбошида (муаллифи П. Шермуҳаммедов) яна бундай дейилган: “Ҳар йили Тўлапберган Қаипберганов апрель ойининг сўнгги кунлари ўзи туғилиб ўтган овули Шўртанбойга бирров келиб кетади. Ҳар доим адиб бирор янги асарини бошламоқчи бўлса ёки ўзга юртларга сафар қилса, ёки қиссаси ё романига сўнгги нуқтани қўйган бўлса, албатта Шўртанбойга келиб кетади…
Олисдан туриб қараган кишига Шўртанбой овули тепаликка қурилган қалъага ўхшаб кўринади. Овулнинг атрофи нуқул тўронғил ва юлғинлар билан қопланган тўқайзор, оқбошлар билан қопланган паст-баланд тепалар, тиниқ кўллар, сал нарироқда уфққа қадар чўзилиб кетган бепоён пахта далалари…”
Мана энди биз – Тўлапберган оғанинг тутинган инилари, самимий мухлислари устоз изларини излаб илк баҳор кунлари Шўртанбойга сафар қиламиз…

Тўлапберган оға қорақалпоқ халқининг бадиий қомусини яратади. Ўзи ҳам ҳамиша барҳаёт қомусга ўхшайди.


Qoraqalpoq xalqining buguni va o‘tmishini qalamga olar ekanman otam va onam, akamning o‘gitlari doim quloqlarim ostida jaranglab turadi. Oradan yillar o‘tib asarlarim bir necha bor qayta nashr qilinib, elga tanilganimdan keyin ham ota-onam bilan akamning o‘gitlarini unutganim yo‘q…



Download 1,83 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish