XIX ASRNING IKKINCHI YARMI – XX ASR BOSHLARIDA O’RTA OSIYO XALQLARI MADANIYATI.
Жадидчилик ҳаракати ва миллий уйғониш
“Жадид” арабча сўз бўлиб, “янги” деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам янгилик ва ислоҳотчиликка интилувчи, янгилик яратувчи фаолият билан машғул бўлган тараққийпарвар, илғор руҳдаги миллий зиёлилар тарихда “жадид” деган номга мушарраф бўлдилар. Уларнинг ҳаракати эса жадидчилик деб номланди. Бу ҳаракатнинг пайдо бўлиши бевосита ўша даврдаги ички муҳит ҳамда ташқи халқаро майдондаги ижтимоий-сиёсий ва демократик янгиланишлар билан боғлиқ бўлди.
XIX аср охири - XX аср бошларига келиб, Туркистонда миллат тақдирига таҳдид солувчи ўта қалтис ва оғир ички тарихий муҳит пайдо бўлди. Бир томондан, Россия мусатамлакачилиги сиёсий жиҳатдан мустаҳкамланди. Мустамалка ва зўравонликка муккасидан кетган рус босқинчилари эса, энди ўз мафкурасини сингдириш орқали маънавий устунликка ҳам эга бўлиши учун маҳаллий халқни руслаштириш, унинг ғурурини синдириш, ўзлигини йўқотишдек, ўта разил шовинистик сиёсатни кучайтирдилар. Иккинчи томондан эса, миллат ва халқимиз ўз сиёсий, маънавий ҳуқуқлари, эрки ва ҳоҳиш-иродасини йўқотди. Учунчидан, умуман мусулмон мутаассиблиги (консерватизм ва бидъат) кучайди. Миллатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий аҳволи ҳамда маънавияти тубанлашди. Бунинг устига устак, дин пешволари орасидаги мутаассибларда янгиликка, дунёвий маърифат ва тараққиётга қаршилик ҳам авж олди. Бу эса, Ислом дини ҳамда шариатига мутлақо зид равишда авж олди.
Мутаассиблар бидъат ботқоғига ботган ҳолатда, ижтимоий мажҳул (ноаниқ)ликдаги ғафлат уйқусига маст бўлиб, ақл ва фаҳм-фаросатлари ожизлиги эвазига, ўзлари сезмаган ҳолда мустамлакачилар манфаати (мафкураси)га хизмат қила бошлайдилар.
Миллат ва халқимиз мана шундай икки томонлама ўта аянчли ва ҳавфли ижтимоий-сиёсий муҳит ҳамда вазиятга дуч келган бир пайтда мусулмон зиёлилар дин хомийлари орасидан янги бир тараққийпарвар гуруҳининг ҳаракати пайдо бўлди. Улар «жадид» (янги) деган улуғ номга муяссар бўлган ҳолда, Миллат ва Ватан, мусулмон халқлари учун маънавий қалқон бўлиб, кураш майдонига отилдилар. Жадидлар миллатни бўйин эгиши ва танама-тақдир қилиш ҳавфидан қутқаришнинг бирдан-бир тўғри йўли аввал тарбия ва маърифат, сўнг ислоҳот эканлигини жуда тўғри англаб етдилар.
Шунинг учун ҳам жадидлар миллат ва халқни ғалаён ва қўзғолонга, инқилобий бузғунчилик каби ёввойиликка даъват этмади. Аксинча, уларни диний-дунёвий маърифат, илм-фан, маданият ва янгиликлар билан қуроллантириб тарбиялаш, ўзлигини англатиш, ижтимоий-маъанвий ғафлат уйқусидан уйғотиб, турмуш тарзи, тафаккури, маънафияти, маданияти, адабиёти ва маорифини ўзгартиришга бел боғладилар.
Абдулла Авлонийнинг ушбу ҳикмати жадидлар учун асосий эътиқод ва амалий фаолият дастури бўлиб қолди: «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё нажот, ё ҳалокат – ё саодат, ё фалокат масаласидир». Дарҳақиқат, бу пайтда миллатни ҳалокат ва фалокатдан асраб, саодатга олиб чиқувчи жадидлар трбияси билан миллатни маънан тобе қилиб, ҳалокат ва фалокатга дучор этувчи мустамлакачилар «тарбия»си қарама-қаршилиги пайдо бўлган эди.
Жадидчилик ҳаракати баъзи-бир тарихга оид адабиётларда айтилганидек, “олдин маданий-маърифий ҳаракат бўлиб, кейин ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ўсиб ўггани” йўқ. У ўз табиати мақсад ва моҳиятига кўра, дастлабки кунданоқ, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва ислоҳотчилик ҳаракат бўлган. Аммо, Ватанни озод ва обод қилиш, миллат ва халқни ҳурриятга олиб чиқиш, тўқ ва фаровон, маданиятли қилиш учун жадидлар асосий эътиборни дастлаб маданий-маърифий ишларга қаратдилар.
Мустамлакачиларининг асосий мақсади, халқни мутлақ тобе ва қарам қилиш, Туркистонда сиёсий эрксизликни қарор топтириб, миллий ўлимни амалга ошириш бўлганлигига шарқшунос олим Н. Н. Веселовский (1848-1918) қуйидагича гувоҳлик беради: «Биз Туркистонга маданият олиб келдик деб ўйлаймиз. Бўйсундирилган осиёликларга тинчлик ва осойишталик бердик деб ўзимизни овутамиз. Аммо буларда бир олий туйғу борки, бу миллат ва унинг миллий ифтихоридир...
Мусулмонлар аҳволини тушунишимиз керак. Сиёсий ўлим (миллий давлатни йўқотиб, сиёсий халқ-ҳуқуқдан айрилиш-мухаррир) оғир, миллий ўлим эса ундан ҳам оғирроқдир. Бизнинг ҳукмронлигимизда улар (туркистонликлар) худди шундай аҳволга тушдилар. Шундай миллий манфаатлар борки, улар халқ оч ёки тўқлилидан қатъий назар, бир кунмас бир кун ўзини намаён этажак”.
Туркистонда руслаштириш сиёсатини амалга ошириш билан маълум миссионерлар гуруҳи мунтазам равишда иш олиб боради. Н.Остроумов, М.Миропиев, В.П.Наливкин ва бошқа ашаддий шовинистлар мана шу гуруҳнинг энг кўзга кўринганлари эдилар. Н.Остроумов ўз миссионерлик вазифасига кўра, Туркистонда генерал-губернатордан ҳам юқори мавқега эга бўлган. В.П.Наливкин эса “Ярим ёввойи осиёликларни ҳамиша қўрқув ва ваҳима ичида қалтираб туришга мажбурлаш керак” деган “дастуриламал” ишлаб чиқиб, уни мустамлакачи маъмуриятга ижро учун тақдим этади.
XX аср бошига келиб миллатни миллий ўлимдан сақлаб қолиш ва истиқлолга олиб чиқиш учун маърифат, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий тарбия асосий омил, энг муҳим маънавий қурол даражасига кўтарилди. Буни эса жадидлар Ватан озодлиги йўлидаги кураш ҳаракатининг асоси деб билдилар. Улар мусулмон мутаассиблигига қарама - қарши равишда диний ва дунёвий маърифатпарварлик ғояларини олға сурдилар. Шариат қоидалари, ”Қуръони карим”ни яхши билганлари учун ҳам дин пешволари орасидаги қолоқликка, ”Тараққиёт исломга зид” деган ақида ва тушунчаларга қарши курашдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жадидчиликнинг пайдо бўлишига аввало Исломдаги диний-дунёвийликнинг, тараққиётпарварлик ва илм-фан, шариат амалларининг ўрни катта бўлди.
Жадидларнинг дадил янгилик яратиши, дунёвийликни тарғиб этиши учун Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу икки ҳадиси - шарифлари маънавий асос ва куч-қувват бўлди: ”Охиратини деб дунёсини тарк қилган ҳам, дунёсини деб охиратини тарк қилган ҳам сизларнинг яхшингиз эмас...”, “Динда ўртача йўл тутганлар, ўртача йўл тутинглар, ўртача йўл тутинглар, чунки ушбу дин амалларида ким оғирлаштириб юборса уни амал енгиб қўяди”.
Хулоса шуки, биринчидан, жадидчилик Исломдаги тараққиётпарварлик, илм-фанга рағбат ва дунёвийликнинг янги даврдаги кўриниши сифатида пайдо бўлди. Жадидлар Исломни ҳар хил мутассиблик бидатлардан асраб ривожлантирди. Иккинчидан, жадидчиликни пайдо бўлиши ва ривожланишига Шарқ ва /арб мамлакатларида ривожланган қуйидаги демократик, миллий-озодлик, ислоҳотчилик ҳаракатларининг таъсири ҳам кучли бўлди:
1. Жамолиддин Афғоний (1839-1897) ва Муҳаммад Абдолар (1848-1903) асос солган мусулмон дунёсидаги ислоҳотчилик ва “наҳда” (уйғониш) ҳаракатлари.
2. XIX асрнинг 90-йилларидан бошланиб, 1905-1907 ва 1917 йилларда катта ғалабаларга эришган рус социал демократик ва инқилобий ҳаракатлари.
3. Туркиядаги аксилмонархистик, конституцион демократик, ижтимоий-миллий уйғониш ҳаракатлари: Танзимат (1840-1860), Ёш усмонлилар (1865-йилдан 80-йилларгача), Ёш Турклар (1889-1918) ва 1908-1909 йиллардаги демократик-инқилобий ҳаракатлар.
4. Жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиб, ривожланишида қримлик Исмоилбек Гаспиралининг (1851-1914) ҳиссаси беҳат катта бўлди. У Қримда XIX асрнинг 80-йиллардаёқ, Россия босиб олган мусулмон халқлари орасида биринчи бўлиб жадидчиликка асос солди. Унинг рус ва туркий тилларда чоп этилган “Таржимон” (1883-1914) газетаси, “Россия мусулмонлиги” (1881), “Оврупа маданиятига бир назар мувозини “ (1885) ва бошқа асарлари ҳамда жадид мактаби учун ёзган дарслик ва қўлланмалари Туркистонга тез кириб келди.
Исмоилбек Гаспирали 1884 йилда “Таржимон” газетаси орқали мусулмонларга қарата шундай мурожаат қилади: “ Суюкли дўстларим, бизнинг учун энг гўзал иш илм ва маориф ишидир. Энг муқаддас интилиш илмга, маорифга интилишдир. Чунки инсонни инсон этган меҳнат ва билимдир. Билим маданий турмуш (цивилизация) га етишиш воситасидир.”
И.Гаспирали 1884 йилда ўн иккита болани янгича усул-”усули жадид”-савтия (товуш) усули билан ўқитиб, қирқ кунда саводини чиқаради. Улар ўқиш ва ёзишги мукаммал ўзлаштира бошладилар. У 1892 йилда Туркистон генерал-губернатори А.Б. Врёвскийга махсус мактуб йўллаб, унда мактабларни ислоҳ қилиш, жадид мактабларини ташкил этиш мадрасалардан бирини замонавий – дунёвий олий ўқув юртга мослаб ислоҳ қилишни таклиф этади. Аммо, бу таклифлар амалга ошмайди. Шундан сўнг Исломбек Гаспирали 1893 йилда Тошкентга келади ва зиёли уламолар билан учрашади. Самарқандда бўлади. У ердан Бухорога бориб, амир Абдулаҳадни жадид мактаби очишга кўндиради ва бу мактабга “Музаффария” деган номни беради.
Жадидчилик ғояси Туркистонда XIX аср 80-йилларининг иккинчи ярмидан бошлаб тарқалиб, шу асрнинг 90- XX асрнинг 5-йили оралиғида мунтазам ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракат сифатида шаклланди.
Жадидчилик ҳаракати асосан икки даврга бўлинади: 1) XIX асрнинг 90-йилларидан-1917 йил февралгача; 2) 1917 йил февралдан-1929 йилгача. Биринчи даврнинг ўзи уч босқичга бўлинади: 1) Жадидчилик ғоясининг пайдо бўлиши ва мунтазам уюшган ҳаракат шаклига эга бўлиши (XIX асрнинг 90-йиллари-1905 йил); 2) Жадидчилик ҳаракатининг нисбатан тез ва қаршиликсиз ривожланиши (1905-1909 йиллар); 3) Жадидчиликнинг чоризм томонидан озодлик, демократик ва инқилобий ҳаракатларга қарши курашни кучайтирган даврдаги ривожланиши (1909-1916 йиллар). Иккинчи давр ҳам воқеалар ривожланишига қараб уч босқичга бўлинади: 1) 1917 йил феврал-октябр; 2) 1917 йил ноябр-1924 йил; 3) 1925-1929 йиллар.
Жадидлар маорифи. Жадидчилик ҳаракати, шу вақтгача Ислом дунёсида сира ҳам кўринмаган илғор ва тезкор ўқитиш “Савтия” (товуш) усулига асосланган жадид мактаблари ташкил топишидан бошланди. Бу мактабларда болалар бир йилда савод чиқариб, мукаммал ўқиш ва ёзишни ўзлаштиради. Бунинг учун эса қадим анъанавий мусулмон мактабларида 5-6 йил ўқиш керак бўлар эди. Айтиш мумкинки, “Савтия” усулидаги жадид мактаби Ватанимиз тарихидаги буюк кашфиётлар силсиласини бойитди.
Жадид мактабида диний ва дунёвий таълим-тарбия ҳамда илм ўзаро уйғунлаштирилди. Болалар қулай парталарда ўтириб, харита ва расмлар ёрдамида тез савод чиқарди ва диний – дунёвий илмиларни ўрганди. Жадид мактабларида қуръони-карим, математика, география, она тили, рус, араб тиллари, ашула ва ҳатто жисмоний тарбия ўқитила бошланди.
Жадид мактаблари тўрт (бошланғич) ва етти йиллик эди. Масалан Мунавварқори Абдурашидхоновнинг етти йиллик мактабини битирган ёшлар дунёвий илмларни, рус тилини яхши ўзлаштирган ҳолда жадид мактабида ўқитувчи, масчитларда имом бўлиш, мадраса ва ҳатто, хориждаги дунёвий олий ўқув юртларида ўқиш, савдо ва бошқа корхоналарда котиб бўлиб ишлаш малакасига эга бўлганлар. Бундай етти йиллик мактаблар Тошкентдан ташқари, Қўқон, Самарқанд каби йирик шаҳарларда ҳам очилади.
Жадид мактаблари пуллик эди. Ҳар ойига ота-оналар баҳоли қудрат, эллик тийиндан бир ярим сўмгача пул тўлади. Бу ўринда ҳар ота-она ўзларининг бойлик ва камбағаллик даражаларини шариат асосида белгилаб пул берадилар. 35 фоизгача камбағал ва ночорларнинг болалари текин ўқитилди. Ўзига тўқ оилалар эса ўз ҳоҳиши билан уч сўмдан ва ундан ҳам кўп пул берган. Булардан ташқари жадидларнинг ўзлари ташкил этган хайрия жамиятлари ҳам жадид мактабларини маблағ билан таъминлаб турган.
Жадид мактабларининг очилишига рус амалдорлари, мусулмон мутаассиблари қаршилик қиладилар. Жадидлар катта матонат ва фидойилик билан эски мактабларга тегмайнамуна сифатида жадид мактабларини ташкил этиб, омма орасида катта обрў қозондилар. Жадид мактаблари қатъий низом ва дастур ва дарсликларга асосланди. Тарихда биринчи бўлиб, жадидлар ўқувчиларга кундалик, чорак ва йиллик баҳолар қўйишни жорий этдилар. Ўқувчилар синфдан-синфга ўтиш ва битириш учун жамоатчилик олдида очиқ чорак, йиллик ва битирув имтиҳонларини топширганлар.
Мактаб очган жадидлар дастур, қўлланма ва дарсликларни ҳам ўзлари яратдилар. Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал”, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Адиби аввал”, “Адиби соний”, “Тажвид” (Қуръонни қироат билан ўқиш усулига оид қўлланма), “ Ҳавойижи диния” (Шариат қонунлари тўплами), “Ёр юзи”, “ Усули ҳисоб”, “Тарихи анбиё”, “Тарихи ислом”, Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим” ва “Иккинчи муаллим”, “Туркий гулистон ёҳуд аҳлоқ“, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Қисқача умумий география”, “Болалар мактуби”, “Исломнинг қисқача тарихи”, “Амалиёти ислом”, “Аҳоли географиясига кириш”, “Россиянинг қисқача географияси” ва бошқалар шулар жумласидандир.
Жадид мактаблари очилиши билан баъзи жойларда қадим ва мактаблари бўшаб қолдилар. Натижада қадим ва жадид мактабдорлари ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар пайдо бўлди. Бунга мутаассиб қози мулла ва уламолар ҳам қўшилдилар.
Жадид мактабларининг жами сони ва улар қаерларда очилиб фаолият юритганлиги ҳақида ҳозирча тўла маълумот йўқ. Лекин, 1903 йилда биргина Тошкентда 20 та (шундан 2 таси ўрта), жадид мактаблари бўлган. Маълумки, 1909 йилдан кейин жадид мактаблари қаттиқ назорат остига олинади, арзимас баҳоналар билан ёпилади. Уларда ўқитиладиган адабиёт ва дарсликлар “охранка”нинг диққат марказида бўлади. Жадид мактаблари Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Хива, Тўқмоқ, Янги Марғилон, Эски Марғилон, Каттақўрғон, Қизил Ўрда, Туркистон, Чуст, Чоржўй, Термиз, Марв шаҳарларида очилади. Шунингдек, Жума (Самарқанд вилояти), Қовунчи (Тошкент вилояти), Тўрақўрғон (Наманган вилояти), Пўстиндўз (Бухоро вилояти) каби катта қишлоқларда ҳам жадид мактаблари очилган. Жадид мактаблари М.Беҳбудийнинг ёзишича, 15-20 йил ичида жами Кавказ мамлакатлари, Эрон, Ҳинд, Миср, Ҳижоз ва бошқа жойларида ҳам жорий бўлдилар.
Жадидчиликнинг асосий мақсадларидан бири мамлакатда замонавий (европача) олий таълимни йўлга қўйиш бўлди. Университет ташкил этиш ғояси Туркистонда илк бор 1892 йилда Исмоилбек Гаспирали томонидан олға сурилди. И. Гаспирали 1906 йилда, яна “Таржимон” газетасида тўғридан-тўғри Бухоро амири ва Хива хонига мурожаат қилиб шундай дейди:
“Фуқоройи ислом сизлардан мол истамас, ош истамас. Дин-”Қуръон”дан, жон-Худодан. Сиз давлатлик хонлардан аҳолига эҳсон этиладиган нарса-нашри маорифга, тараққиёт ва камолатга омил бўлувчи олий даражалик маориф мактабларидир. Кўҳна мадрасалари кўп Бухорои шарифда ва Хивада энди бирор дорилфунуни исломия таъсис этмоқ лозим. Бу дорилфунунларга бир даража илм олган талаба қабул қилиниб, тарих, жўғрофия, кимё, ҳандаса, илми ҳуқуқ, усули идорайи давлат, илми иқтисод ва бошқа лозим фанлар, туркий, форсий, русий ва франсавий тиллар ўргатилса... Ушбу дорилфунунларда муаллим ва мударрислик қила оладиган аҳли камол бор”
Жадидлар олий таълимнинг асоси-университет ташкил этиш учун Тошкент шаҳар Думасидан ҳам фойдаландилар. Мунавварқори, Фитрат, М. Беҳбудий, У. Асадуллахўжаев ва бошқа жадидлар миллий дунёвий олий таълим ғоясини ўз асар ва мақолаларида кенг тарғибот-ташвиқот қиладилар. Олий таълимга замин яратиш учун, жадид мактабларида дунёвий илмлар ўқитилди, хорижга ёшлар ўқишга юборилди.
Дунёвий ҳозирги замон олий ўқув юрти – университетга асос солишга жадидлар фақат 1918 йилда Мусулмон халқ дорулфунунини ташкил этиш билан муваффақ бўлдилар.
Умуман, жадидлар жуда қисқа вақт ичида бутунлай янги яъни жадид халқ маорифи тизими яъни, ҳозирги замон халқ маорифи тизимига асос солдилар.
Жадид матбуоти ва журналистикаси. Жадидчилик ҳаракатининг иккинчи бир муҳим фаолияти миллий матбуот ва журналистикасига асос солиш бўлди. Туркистон жадидлари рус демократик ва инқилобий ҳаракатининг ютуқларидан ҳам самарали фойдаландилар.
Золим “оқ пошшо” Николай II инқилобий-демократик ҳаракат босими остида 1905 йил 17 октябрда махсус манифестга имзо чекиб, демократия, матбуот ва сўз, ҳар хил йиғинлар ўтказиш эркинлигини жорий қилишга мажбур бўлди. Буни жадидлар катта қувонч билан кутиб олдилар.
Мана шундан сўнг жадидлар миллат ҳимояси учун жанговар қалқон ва муаззам минбар бўлган газета ва журналларни ташкил этиш учун жуда шахдам курашадилар.
Тошкентда Исмоил Обидий “Тараққий” (1906), Мунавварқори Абдурашидхонов “Хуршид” (1906), Абдулла Авлоний “Шуҳрат” (1907), Саидкарим Саидазимбоев “Тужжор” (1907), Аҳмаджон Бектемиров “Осиё” (1908), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев “Садои Туркистон” (1914-1915) газеталари, шунингдек, Абдураҳмон Содиқ ўғли (Сайёх) “Ал-Ислоҳ” (1915) журналини нашр этишга муваффақ бўлдилар. Самарқандда эса Муҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” русча (1913) газетаси ва “Ойна” (1913-1915) журналини, Қўқонда Обиджон Маҳмудов “Садои Фарғона” (1914) газеталарини чиқарди. Бу газета ва журналлар доимо маҳфий полиция “охранка”нинг айғоқчилари кузатуви, таъқиби остида бўлдилар.
Жадид матбуоти 1917 йил февралда рус подшоси тахтдан ағдарилгач, янада ривожланди. Жуда қисқа вақт оралиғида февралдан октябргача Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов “Нажот” (1917 й. март), А. Баттол “Шўрои ислом” (1917 й. май), Абдулла Авлоний “Турон” (1917 й.), Аҳмад Заки Валидий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Кенгаш” (1917 йил июн), “Улуғ Туркистон” (1917 й.), Қўқонда Бўлат Солиев “Эл байроғи” (1917 й. сентябр) газеталарини, Ҳ.Ҳ. Ниёзий “Кенгаш”, Ашурали Зоҳирий “Юрт” (1917 йил июн) журналларини, Самарқандда эса Шоҳмуҳаммадзода “Ҳуррият” (1917 йил апрел) газеталарини чоп этдилар.
Буюк миллатпарвар жадидлар, жадид матбуоти орқали миллатни ўз маданий-иқтисодий аҳволи, сиёсий қарам ва ҳуқуқсизлигини англатишга, унда босқинчиларга қарши нафрат, миллий истиқлолга ишонч руҳини тарбиялашга муваффақ бўлдилар. Шунинг билан бирга улар миллий мухторият ва жумҳурият ғоясини, миллатлараро тенглик ва қон-қариндошликни тарғибот қилишни тўғри йўлга қўядилар.
Жадид адабиёти ва санъати. Академик А. Н. Самойлович жадид адабиётини ўрганиб, 1916 йилда “Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган хол эди” деб ёзган эди. Дарҳақиқат, олим учун кутилган “Янги адабиёт”-жадид адабиёти бўлди. Бу адабиёт ўз мазмун ва моҳияти ҳамда жанрларига кўра, минг йиллар давомида шаклланиб ривожланган мумтоз адабиётимиздан тубдан фарқланувчи янги адабиёт бўлди.
1. Агар мумтоз адабиётда дунёвийликка нисбатан диний жиҳат устунроқ бўлган бўлса, жадид адабиётида буларнинг ўртасида ўзаро тенглик яъни диний-дунёвийлик қарор топди.
2. Жадид адабиёти мумтоз адабиётдан фарқли равишда ғарб адабиётидаги роман, драма, эссе, ҳикоя ва бармоқ вазнига асосланган шеърият (поэтика) каби бадиий жанрлар кўринишига эга бўлди. Проза ва публицистика пайдо бўлди.
3. Жадид адабиёти бевосита ижтимоий-сиёсий ва маърифатчилик мафкураси, миллий-озодлик хусусиятига эга бўлди. Унда мазлум халқ ҳаёти бевосита ўз ифодасини топди. Бадиий асарлар жонли халқ тилида ёзилди. Ижтимоий фаоллик ва миллий руҳ бу янги адабиётнинг энг муҳим хусусиятига айланди.
4. Жадид адабиётидаги бадиий-лирик қаҳрамон қиёфаси мумтоз адабиётдаги қаҳрамон қиёфасидан тубдан ўзгарди. У энди анъанавий ошиқ ёҳуд маърифатпарваргина эмас, балки мавжуд мустамлака жамияти тартиб-қоидалари ҳамда миллий тенгсизлик билан келиша олмайдиган, шу билан бирга янгича ўз ижтимоий-сиёсий ва аҳлоқий қарашига эга бўлган шахсдир.
Жадидчилик ҳаракати жадид адабиётининг асосчилари бўлган йирик истеъдод эгалари-жадид адиби, шоири, драматурги ва санъати арбобларини ҳам тарбиялади. Жадидшунос таниқли олим профессор Бегали Қосимовнинг таъкидлашича, уларнинг 1905-1917 йилларда адабий-маданий ҳаракатчиликда қизғин фаолият кўрсатганлари саксондан ортиқ бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919), Саидаҳмад Сиддиқий Ажзий (1864-1927), Васлий Самарқандий (1869-1925), Мунавварқори Абдурашидхонов (1878-1931), Абдулла Авлоний (1878-1934), Тўлаган Хўжамёров-Тавалло (1882-1939), Сидқий Хондайлиқий (1884-1934), Аваз Ўтар ўғли (1884-1919), Муҳаммадшариф Сўфизода (1869-1937), Абдурауф Фитрат (1886-1938), Садриддин Айний (1878-1954), Абдулвоҳид Бурхонов (1875-1934), Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929), Абдулла Қодирий (1894-1938), Абдулҳамид Чўлпон (1897-1938) ва бошқалар шулар жумласидандир.
Жадид адабиётида драматургия яъни жадид драмаси энг сермаҳсул ва оммабоп жанр сифатида алоҳида кўзга ташланади. Жадид ғояларининг халққа ёйилиши, сингиши ва амалий натижалар беришида драматургия ва театр санъатининг таъсир кўрсатиши кучли бўлди. Шунинг учун ҳам жадид адибларининг аксарият йирик номаёндалари ўз ижодий-амалий фаолиятини драма ёзиш ва театр билан боғлиқ ҳолда олиб бордилар.
Мутахассисларнинг аниқлашича, 1917 йил октябр тўнтарилишигача драматургия соҳасида ўттиздан ортиқ драма, трагедия, комедия асарлари ёзилган ва уларнинг кўпчилиги театрларда саҳналаштирилган. Ўзбек жадид драматургияси ва театрига илк бор асос солган Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлди. Унинг “Падаркуш” драмаси биринчи бор 1914 йил 27 февралда Тошкентдаги “Колизей” театрида қўйилиши жуда катта маданий-маърифий воқеа бўлди. Бу кун ўзбек театрига асос солинган сана сифатида тарихга кирди. Шундай қилиб, миллий жадид адабиёти драматургияси ва театри пайдо бўлди. Адабий танқидчилик ва бадиий таржимончилик ҳам шаклланди.
Жадид хайрия ва бошқа маданий-маърифий жамиятлари. Ҳар қандай ҳаракатда бўлгани каби бу ҳаракат ҳам ўз иқтисодий асосига эга. Акс ҳолда у, бу даражада ривожланмаган бўлур эди. Унинг иқтисодий таъминот манбаини маданий-маърифий хайрия жамиятлари, бой-бадавлат кишилар томонидан савоб олиш ва миллат нуфузини кўтариш учун берилган беминнат эҳсонлар ташкил этди. Жадидчилик ва жадидлар асосан ўрта ҳол мусулмон зиёлилари ҳамда дунё кўрган илғор руҳдаги савдогардан иборат бўлди. Тошкентлик Саидкарим Саидазимбой ўғли, туркистонлик Саидносир Миржалилов (таниқли ёзувчи Ойбекнинг қайнотаси), андижонлик Миркомил Мирмўминбоев ва бошқа бойлар жадидчилик ҳаракати ривожланишига катта иқтисодий ҳисса қўшдилар.
Жадидлар ҳар хил хайрия жамғармаларини ташкил этиш, бой ва бадавлат кишиларнинг ортиқча маблағларини миллат ва Ватан манфаати йўлида сарфлашга ҳам катта эътибор бердилар.
Тошкентда 1909 йилда “Кўмак”, 1913 йилда «Дорилу ожизин» Бухорода 1910 йилда “Тарбияи атфол” хайрия жамиятлари ташкил этилади. Уларнинг олдига қўйилган асосий мақсад сармоя топиб, жадид мактабларига ёрдам бериш ва иқтидорли ёшларни Туркия ва бошқа хорижий мамлакатларга ўқишга юборишдан иборат бўлди.
“Кўмак”нинг таъсисчилари Мунавварқори Абдурашидхонов, Низомқори Хасанов, Абдулла Авлоний, Башарулла Асадуллахўжаев ва Тошхўжа Туёқбоевлар бўлди. Бу ва “Тарбияи атфол”нинг ёрдамида 1911 йилда 15 та, 1912 йилда 30 та туркистонлик иқтидорлик ёшлар Истанбулда ўқиганлиги ҳақида маълумот бор.
Жамият ўз аъзоларидан тушадиган пулдан ташқари ҳар хил ишбилармонлик йўллари билан ҳам пул топади. Масалан, грамофон жамияти билан келишиб, бир неча халқ ҳофизлари ва ўз тарбиясидаги мактаб болаларининг ашулаларини грампластинкаларга ёздириб, сотиш билан, уларнинг ҳар биридан ўн тийиндан фойда олади. 1913 йилда қўйилган биргина спектаклдан 600 сўмга яқин, Рамазон байрами куни “Томоша кечаси” ташкил қилиб эса, 1087 сўм 17 тийин фойда олинади.
Мусулмон жамияти “Кўмак” уставида камбағал ўқувчи ва етим болалар, қари ва ногирон мусулмонларга маънавий ҳамда моддий ёрдам бериш, уларга бошпана, ошхона, касалхона ва амбулатория очиш, шунингдек, мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари учун нафақа (стипендия)лар таъсис этиш кўрсатилган эди.
Тошкентда Мунавварқори, Абдулла Авлоний ва бошқалар 1911 йилда ташкил этган кўп тармоқли “Турон” номли жамият совет ҳокимиятининг дастлабки йилларигача самарали фаолият юритади. Унинг қошида театр труппаси (1913 й.), “Турон” номли кутубхона ва нашриёт (1913 й.) ҳам ташкил этилади. Булар бутун Туркистон бўйлаб маърифат ва зиё, илм-фан тарқалиши, китоб чоп этиш ва босмахона ишлари ривожланишига катта ҳисса қўшдилар.
Қўқонда “/айрат” (1913 й.), Самарқандда “Зарафшон”, Тўрақўрғонда (Наманган вилояти) “Кутубхонаи Исҳоқия” (1908 й.) номли кутубхоналар ташкил топади. Шунингдек, жадид босмахонаси ва китоб дўконлари анча кенг тармоқ отди.
Жадидларнинг 1916 йилдаги халқ қўзғолонига муносабати. Жадидчилик аслида Ватан озодлиги ва миллат равнақи учун курашнинг тинч демократик ва маданий-маърифий, ислоҳотчилик йўлини танлайди. Халқни беҳуда қўзғолон кўтариб қон тўкишдан сақлаб, сиёсий ташкилий уюшишга, ақл-фаросат билан иш олиб боришга чорлайди. Шунинг учун ҳам улар 1916 йилдаги умумхалқ қўзғолонига бефарқ бўлмадилар, халқ билан бирга бўлиб, уни кўп қон тўкишдан сақладилар. Совет тарих фани жадидларни қўзғолонда халқ томонида эмас, балки чор ҳукумати томонида бўлган деб нотўғри кўрсатиб келди.
Жадидлар қўзғолон кўтариб, ўлимга ҳам тайёр турган халқни тинчлантириб, йигитларни ташкилий уюшган холда мардикорликка юборишга раҳбарлик қиладилар. 15 августда Тошкент шаҳрида Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев раислигида махсус қўмита тузилди. Бу ташаббус бошқа жойларда ҳам амалга ошади. Улар ҳарбий маъмурият билан келишган холда иш олиб борадилар. Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори, генерал-майор Ликошиннинг 759-рақамли маълумотига кўра, Жиззахда 44 та қишлоққа ўт қўйилган. Уларнинг кўпи бутунлай, ёниб-кул бўлган.
Жиззах қўзғолони ҳақида маълумот тўплаб, китоб ёзмоқчи бўлган ва 1938 йилда “Миллий иттиҳод”нинг аъзоси сифатида қамалиб, қамоқхонада уриб ўлдирилган Мамадиёр Аллаёровнинг ёзишича, рус аскарлари 40 кишини уйига қамаб, ўт қўйиб юборган.
Мардикорликка юбормасликнинг иложи йўқлигини яхши билган жадидлар йигитларни ижтимоий биқиқлик ва мутаассиблик муҳитдан чиқиб, ўзга юртларда “кўзи очилиши”ни ҳам назарда тутдилар. Ҳақиқатан ҳам 1917 йилдан кейин мардикорликдан қайтган йигитларнинг кўпчилиги миллий-озодлик курашида ва жадидчилик ҳаракатида фаоллик кўрсатдилар. Жадидлар жойлардаги норозиликлар эвазига чоризм амалдорларини бироз ёнберишга мажбур этишга ҳам муваффақ бўлдилар.
Андижон жамоатчилиги номидан 1916 йил июлда У.Асадуллахўжаев билан Вадим Чайкин Санкт Петербургга бориб, IV Давлат Думасига Туркистондаги хунрезлик ва ўзбошимчаликлардан шикоят қилади. Шундан сўнг депутатлар Туркистондаги рус аҳолиси ҳарбий мажбуриятдан озод қилинган бир пайтда, маҳаллий аҳолидан мардикорликка олиш сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан хавфлик эканлиги ҳақида ҳарбий вазир номига телеграмма юборади. Подшо Ноколай II ҳам буни эътиборга олган ҳолда мардикорликка олиш мудатини 15 сентябргача кечиктиришга мажбур бўлади. А.Н. Куропаткинни эса Туркистон генерал-губернатори қилиб Тошкентга юборади. Унинг билан бирга дума аъзолари Керенский, Таваккалов ҳамда М.Чўқаев, Ш.З.Муҳаммадиёров ҳам вазиятни ўрганиш учун ўлкага келади.
Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев берган маълумотлар асосида Куропаткин ўзини халқчил қилиб кўрсатиш мақсадида баъзи амалдорларни ишдан олади.
Шундай қилиб, жадидлар халқ миллий-озодлик ҳаракатига ғоявий-мафкуравий ва ташкилий раҳбарлик қилишга муваффақ бўлади. Бу эса жадидчилик, бу даврга келиб Туркистонда катта таъсирчан ижтимоий-сиёсий кучга айланганлигидан далолат беради.
Жадидчилик ҳаракати ва рус ижтимоий демократик инқилоби. 1917 йил 27 февралда Россия императори Николай II рус демократик инқилоби тазйиқи остида ўз тахтидан воз кечди. Бу билан Россиядаги Романовлар сулоласининг уч юз йиллик монархистик ҳокимияти барҳам топади. Давлат думаси Муваққат ҳукумат тузиб, унга мамлакатни бошқариш ва Таъсис мажлисини чақириб ҳокимият масаласини узил -кесил ҳал қилиш вазифасини топширади.
Иккинчи томондан эса. бу совет тарихида “буржуа ҳукумати” деб номланган ҳукуматга қарама-қарши равишда инқилобий ҳаракатга раҳбарлик қилаётган социал-демократик партиялар жойларда ишчи, аскар ва деҳқонлар депутатлари совет (шўро)ларини тузиб, янги ҳокимиятнинг маҳаллий жойлардаги органларини ташкил этдилар. Бу холат Россия босиб олган барча мамлакатлар қатори Туркистонда ҳам истиқлол учун кураш авж олишига сабаб бўлди. Жадидчилик ҳаракатининг ҳиссаси миллий озодлик курашда беҳад катта бўлди.
Маҳаллий халқ ва жадидлар рус инқилобини фақат миллий истиқлолга эришиш нуқтаи назаридангина қўллаб-қувватладилар. Туркистондаги инқилобий ҳаракатга асосан рус социал-демократик партиялари раҳбарлик қилди. Инқилобнинг бош шиори эса “Озодлик, Тенглик ва Биродарлик” эди. Жадидлар эса “Озодлик, Тенглик ва Адолат” деган шиорга амал қилар эди. Улар мана шу шиор остида миллий ҳокимият, миллий давлатчиликни тиклаш учун мусулмон халқ оммасига раҳбарлик қилдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, Туркистонда Россиядаги каби икки ҳокимиятчилик эмас, балки қуйидаги уч ҳокимиятчилик пайдо бўлди:
1. Жадидлар ташкил этган “Шўрои исломия” ва унинг жойлардаги шўъбалари, Тошкентдаги Туркистон ўлка мусулмонлари маркази ёки баъзи адабиётларда “Миллий марказ” деб номланган марказ;
2. Туркистондаги рус ва аскар (кейинроқ деҳқон) депутатларининг маҳаллий ва марказий советлари;
3. Россия Муваққат ҳукуматининг Туркистон Муваққат қўмитаси ва унинг вилоятлардаги бўлимлари.
Рус подшоси ўз тахтидан воз кечганлиги ҳақидаги хабар етиб келиши биланоқ, жадидларнинг Тошкентдаги маданий-маърифий жамияти “Турон” тезда сиёсий фаоллашди. Унинг ташаббуси билан 1917 йил 6, 9 ва 13 март кунлари бўлиб ўтган халқ йиғинларида маҳаллий ҳокимият бошқаруви масаласи муҳокама қилиниб, демократик руҳдаги қарорлар қабул қилинди. 9 март куни Тошкентнинг Чорсудаги Жоме масжидида 20 минг кишилик йиғин бўлиб, у Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (раис), Мунавварқори (раис муовуни), Исломбек Худоёрхонов (котиб) лар раҳбарлигида ўтади. Аввало ҳуррият қурбонлари руҳига тиловат ўқиб, фотиҳа тортилди. Шундан сўнг Эски шаҳар полицмейстри Колесников бўшатилиб, унинг ўрнига ҳокимият бошлиғи этиб собиқ Қўқон хони Худоёрхон ўғли Исломбек Худоёрхонов сайланади.
6 мартдаги йиғилишда жадидлар томонидан шаҳар ижриоя қўмитасига сайланган Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Тошпўлатбек Норбўтабеков ва бошқалар қайта сайланадилар. Бу халқ қурултойи мақомидаги йиғинда рус ишчиси ва аскарлари советларига ўхшаш маҳаллий халқ бошқарувига вакиллар ҳам сайланади. Кейинчалик бу вакиллар йиғини Мунавварқори таклифи билан Қуръони Каримдаги «Шўро» сурасига нисбатан “Шўрои исломия” деб номланади. Бу йиғинда сайланганларга яна қадимчилар норози бўлганлари сабабли 13 мартда яна ўша Жоме масчитида катта халқ йиғини ўтказилади. Унга Мунавварқори, Абдулвоҳидқори, Саидрасул Махмуд Саидазизлардан иборат раёсат (президиум) раҳбарлик қилади. Тошкент шаҳар Ижроқўмитасига Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Шайхонтоҳур, Тошпўлатбек Норбутабеков Кўкча, Зайниддинхўжа Саримсоқхўжаев Себзор, Абдусафийҳон /анихон ўғли Бешёғоч даҳаларидан вакил қилиб сайланади.
15 март куни “Шўрои исломия” нинг биринчи ташкилий мажлиси бўлиб, унга Абдулвоҳид қори Абдурауфқори ўғли раис, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли эса муовун этиб сайланади. Кейинроқ эса Абдулвоҳид қори Шайхантоҳур даҳасига қози бўлиб сайлангач, 6 апрелда унинг ўрнига Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев сайланади.
Апрелнинг бошларидан бошлаб “Шўрои исломия”нинг Ўш, Андижон, Фарғона (Скобелев) Туркистон, Мари, Самарқанд, Қўқон, Наманган ва бошқа шаҳарларда ҳам маҳаллий шўъбалари пайдо бўлади.
Бу сиёсий ҳокимият ташкилотларининг “Нажот” (1917 йил март), “Кенгаш” (1917 йил июн), “Шўрои ислом” (1917 йил 16 май Тошкент) “Эл байроғи” (1917 йил сентябр Қўқон), “Ҳуррият” (1917 йил апрел Самарқанд) каби газета ва журналлари чоп этилиб, улар мухторият, тенглик, эрк ва мустақиллик ғояларини кенг ёядилар.
“Шўрои исломия” маҳаллий бошқарув органи ва миллий ҳукумат куртаги сифатида ўз фаолиятини асосан қуйидагиларга қаратди:
Туркистон мусулмонлари орасида сиёсий, илмий ва ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ғояларини кенг ёйиш;
Туркистон мусулмонларини ягона ғоя, маслак ва фикр асосида бирлаштириш чора, тадбирларини кўрмоқ;
Бошқа мамлакатнинг мустақиллик ва демократияга асосланган бошқарув идора усули ва шаклларини ўрганиш, таъсис мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш;
Туркистоннинг ҳамма шаҳар, қишлоқ ва овулларида митинглар ўтказилиб, сиёсий, ижтимоий хутба (маъруза )лар ўқитиш;
Эски маъмурий раҳбарларни янгилари билан алмаштириш йўлларини халққа тушунтириш;
Туркистондаги барча миллат вакиллари орасидаги эски ихтилофларни бартараф этиш ва бўлажак ихтилофларнинг олдини олиш;
Турли миллат ва фирқалар билан аълоқада бўлиб, мусулмон халқининг талабини ва ўз вакиллари орқали маълум қилмоқ, зарур бўлганда эса улардан ёрдам олмоқ.
“Шўрои исломия” томонидан Тошкентда 16-23 апрелда Умум Туркистон мусулмонларининг биринчи қурултойи чақирилади. Унда қуйидаги масалалар муҳокама қилинади: Муваққат ҳукуматга муносабат; Россиядаги бошқарувни шакли хақида; Таъсис мажлисига тайёргарлик; Туркистонда маҳаллий фуқароларни бошқарув идораси; ўлкадаги диний-шариат муассасаларни янгилаш; диний маҳкама бошқармасини ташкил этиш; озиқ-овқат, урушга муносабат; уруш ортида ишлаётган мардикорлар; “Шўрои исломия”нинг ўлка марказий ташкилотини ташкил этиш; “Шўрои исломия”нинг ижроия қўмиталарига муносабат; умумроссия мусулмонлари съездига делегатлар сайлаш; ер-сув масаласи.
Қурултой Россия конституциясини қайта ишлаш, Россия Федератив Демократик Республикаси таркибида миллий-ҳудудий-федератив демократик республика ташкил этиш ҳақида қарорлар қабул қилади. Шунингдек, қурултой Туркистон ўлка мусулмонларининг Марказий шўросини таъсис этади. Унга Мустафо Чўқаев раис, Заки Валидий Тўғон котиб этиб, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Ислом Шоҳиаҳмедов ва бошқалар раёсат аъзоси бўлиб сайланадилар. Қурултойда қатнашган рус фирқалари вакиллари ҳам мухторият масаласини қўллаб-қуватлайдилар.12 июнда Туркистон мусулмонларининг ўлка Марказий шўроси (Миллий маркази) мажлиси бўлиб, унда унинг Низоми қабул қилинади.
Миллий хокимият учун кураш авж олган бир пайтда жадидлар билан қадимчи уломолар ўртасида келишмовчилик жуда кескин тус олади. Уламолар 1917 йил июнда “Шўрои исломия” дан ажралиб чиқиб, “Шўрои уламо” ни ташкил этадилар. Бу билан улар миллий манфаат ва демократик ҳаракатга хиёнат қиладилар.
“Шўрои уламо” ташкилоти ўзининг “Ал-Изоҳ” журналини ҳам ташкил этади. Бу журналда мутаассиблик билан тараққиётпарварликка оид мақолалар ҳам босилиб туради. Уламочилар ҳам миллий истиқлол тарафдори эди. Лекин улар жадидлардаги дунёвийлик билан келиша олмай, жадидларни шариатга хиёнат қилишда ноҳақ айбладилар.
Жадидлар билан уламолар ўртасида келишмовчилик Тошкент шаҳар Думасидаги депутатлар орасида ҳам кучли бўлди.
Сентябр ойининг бошларига келиб большевиклар таъсирида рус ва ишчи аскар советлари Тошкентда ҳокимиятни ўз қўлига киритиш йўлида маҳаллий халқ манфаатини хаспўшлаши хокимият учун кураш масаласини жуда мураккаблаштириб юборди. Шунинг учун ҳам жадидлар ташаббуси 1917 йил 7-11 сентябрида бўлиб, ўтган Туркистон мусулмонларининг иккинчи ўлка қурилтойида кўрилган асосий масала маҳаллий ҳокимиятни ташкил этиш масаласи бўлди.
Қабул қилинган қарорда, умумхалқ манфаатини тўла ифода этувчи коалицион ҳукумат тузиш ғояси олға сурилади. Бу тўғрида “Туркистанские ведомости” газетаси шундай деб ёзади: “Туркистон мусулмонларининг иккинчи ўлка қурултойи ҳокимият ишчи ва деҳқон депутатлари советларига берилишига қаршилик билдиради. Ҳокимият коалицион яъни умумхалқ ҳокимияти бўлмоғи ва мамлакатдаги барча кучларга суянмоғи лозим” (1917 йили 13 сентябр).
Қурултой большевикларнинг “Бутун ҳокимият советларга!” деган шиорига нисбатан жиддий норозилик билдиради. Коалицион ҳукумат масаласини Туркистондаги кўпчилик русийзабон аҳоли ва социал-демократик партиялар ҳам қўллаб-қувватлайдилар.
Жадидчилик ҳаракатининг сўл қанотига айланган “Шўрои уламо” намоёндалари ҳам большевикларнинг ҳокимият масаласидаги бир томонлама синфий қарашларига Тошкентда (17-20 сентябрда) Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойини чақириб қаттиқ зарба беради. Ушбу қурултой қуйидаги қарорларни қабул қилади:
1. “Шўрои Исломия”, “Шўрои Уломо”, “Турон”,ва бошқа Туркистон ва Қозоғистондаги ҳамма мусулмон ташкилотларини бирлаштирувчи “Иттифоқи-ул-мусулимин” партиясини ташкил этиш.
2. Россия демократик республикаси таркибига кирувчи Туркистон Федератив Республикасини ташкил этиш.
Туркистон Федератив республикасининг таркиби 12 кишилик Туркистон ўлка қўмитаси, 5 йиллик муддатга сайланувчи “Маҳками шаърия” (Парламент) ҳамда “Шайхул ислом” (Бош прокурор) дан иборат бўлиши белгиланади.
Қурултой ҳокимият тўғрисида қуйдагича қарор қабул қилди: “Туркистон ўлкасининг 98 фоиз нуфузини ташкил этувчи 10 миллион мусулмон рус инқилоби эълон қилган Ҳуррият, Тенглик, Биродарлик асосларида миллий-маданий мухторият ҳуқуқига мутлоқ равишда эга, маҳаллий ҳокимият биринчи навбатда мусулмон вакилларидан, ҳам маълум миқдорда бошқа сиёсий ташкилотлар вакилларидан ташкил топиб, таъсис этилуви лозим. Ҳокимиятнинг тасодифий ерли аҳоли манфаатига ёт бўлган кичик гуруҳлардан тузилган ишчи, аскар ва деҳқон ташкилотларининг қўлида жамлануви халқчиллик асосларига зиддир ва маҳаллий мусулмон халқига одил ҳаёт тузумини таъминлаб беруви амри маҳолдир.”
Қурултойда очарчилик хавфини олдини олиш учун 1917 йилда 50 фоизга қисқартирилган пахта майдони бутунлай тугатилиб, ҳамма ерга фақат буғдой ва бошқа дон экилиши алоҳида кўрсатилди.
Ўлка мусулмонлари марказий шўроси-”Шўрои исломия” (Миллий марказ) Тошкентда ҳокимиятни большевиклар босиб олишга тайёргарлик кўраётганлигидан ташвишланиб, ҳокимиятни қандай йўл билан бўлса-да, қўлга киритиш учун бор имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилади.
Жадидчилик ҳаракати жуда қисқа муддатда, айниқса, рус феврал инқилоби ғалабасидан сўнг, энг таъсирчан ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий кучга айланди. У миллатда ижтимоий-сиёсий онгни уйғотишга, истиқлолга ишонч руҳини тарбиялашга муваффақ бўлди.
Бу дарвга келиб жадидлар нафақат мусулмон балки, русизабон халқ орасида ҳам раҳбар куч сифатида катта нуфуз ва обрў-эътиборга эга бўлди. Улар миллий демократик ва озодлик ҳаракатларига раҳбарлик қилдилар. Демократик инқилоб ғалабасидан сўнг тўла демократлашган Россия таркибида демократик Миллий Мухторият ҳукуматни ташкил этиб, миллий давлатчиликни тиклаш учун жадидлар омма орасида ташкилий-тарғибот ишларини жонлантирди. Буни русийзабон халқлар ва кўпчилик рус социал-демократик партия ва ташкилотлар ҳам қўллаб-қувватладилар.
Хулоса шуки, жадидларнинг жасоратли ва заҳматли, бунёдкорлик ва ислоҳотчилик буюк ижодий –маърифий меҳнатлари самараси ўлароқ, XX аср бошларига келиб, Туркистонда тарихан ҳақиқий Миллий Уйғониш (Ренессанс) ҳодисаси (даври) пайдо бўлди. Бу даврни иккинчи бир маънода жадидлар Ренессанси (уйғониши) деб айтиш ҳам ҳақиқатга тўғри келади.
Миллий Уйғониш ёки жадидлар Ренессанси ходисаси тарихий тараққиётнинг сўнгги босқичидаги учинчи уйғониши бўлди. У олдинги IX-XII ва XIV-XV асрлардаги икки буюк Уйғонишларнинг тарихан қонуний давоми сифатида юз берди. Лекин улардан фарқли равишда аниқ миллийлик хусусияти ва диний-дунёвийлик мазмун ҳамда моҳият эга бўлди.
Шунингдек, юқоридаги мана шу ўзларига хос ва мослик билан бирга, бу уч Уйғонишда ўзаро умумийлик яъни тарихий бағрикенглик ҳам мавжуддир. Аввало, Миллий Уйғониш билан олдингиларнинг орасида биринчисидан ўн икки – тўққиз, иккинчисидан етти – олти асрлар фарқ бўлса-да, улардаги умумийлик дин билан дунёвийлик ўртасида ўзаро мўътадил уйғунлик муносабати ҳукмрон бўлди. Иккинчидан, биринчи Уйғониш қадим антик дунё маданиятини «уйғотиб, тирилтирилган» бўлса, иккинчи Уйғониш шу биринчи уйғонишни қайта уйғотди. Жадидлар эса бу тарихий анъанани давом эттирди. Олдинги икки Исломий уйғонишларни «тирилтириб», «қайта уйғотиб», уларни XX аср дунё тамаддуни (цививлизацияси)га мослаб янада такомил топтирди.
Муборак истиқлол йилларида тарих фани ва айниқса, жадидшунос адабиётчи катта олим Бегали Қосимов яратган жадидшунослик илмий мактабининг сўнгги хулосаси, қўлга киритган ютуқлари мана шу юқоридагилардан иборат бўлди. Шуни ҳам айтиш жоизки, жадидчилик ҳаракати даврида ўз мазмун ва моҳияти ҳамда кўринишига кўра Миллий Уйғониш даври бўлганлигини ўз вақтида жадидларнинг ўзлари ҳам қайд этган эди. Масалан, Мирмухсин Шермуҳаммедовнинг «Туркистон бобойи» (1916 й.) мақоласи, Лазиз Аслзоданинг «Туркистоннинг миллий уйғониши тарихи» асари ва Водуд Маҳмуд ҳам ўз мақолаларида «уйғониш» сўзларини ишлатгани бунга мисолдир.
Туркистондаги Миллий Уйғониш – жадидлар Ренессансини хориждаги олимлар ҳам тан олиб, ўз асарларида бунга амал қилмоқдалар. Шу ўринда япон олими Хиса Коматсу ўзининг «Чиғатой гурунчи»да «Турк дунёсини уйғотиш йўлида жон тиккан адиблар» иборасини ишлатилиши ва немис олимаси Ингобарг ҳам Туркистон уйғониши ҳақидаги ёзганини эслаш кифоядир. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жадидлар Уйғониш даврига асос солганлигини эътироф этган ҳолда шундай дейди: «XX аср бошида, мустамлакачилик зулмига қарамай, халқимиз янги уфқларга – миллий ва эркинлик сари интилиб яшашган бир даврда буюк аждодларимиз – жадидлар томонидан амалга оширилган бу улкан иш, бу ҳаракатни ўзига хос маънавий жасорат наъмунаси, деб аташ мумкин».
Ҳақиқатан ҳам жадидлар юқорида кўрсатиб ўтилганлиги ва мусулмон мутаассиблиги кучли бўлишига қарамай жамиятда туб маданий – тараққий бурилиши ясашга муваффақ бўлдилар. Туркистонда миллий тафаккур ўзгарди, миллат ижтимоий ғафлат уйқусидан уйғониб сиёсий ва маърифийлашди. Миллат адабиёти янгиланди, миллий театр маориф ва мактаб, матбуот, маданий-маърифий уюшма (жамият) ва сиёсий партиялар пайдо бўлди.
Буларнинг самараси ила бутунлай янги, яъни жадид маданияти ривож топди. Бу маданият ҳозирги замонавий маданиятимизнинг пойдевор тоши бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |