3. Механика усулларининг организмдаги жараёнларни тадқиқ қилишда қўллаш
Биомеханика фани ҳар хил таъсир остида бўлган тирик тизимларнинг механик ҳаракатини тадқиқ этади. Организмдаги ҳаракатнинг механик кўриниши асосий биологик ҳаракатга бўйсунади. Биологик ҳаракат ҳаракатнинг бошқа турлари билан узвий боғланган бўлиб уларсиз мавжуд бўла олмайди.
Биомеханика – янги фан бўлиб, биофизика ва биохимияга њхшаб биология ва механиканинг умумий чегарасида ётади. У механиканинг асосий принципларини тирик организмларга қўллаш билан ифодаланади. Биомеханиканинг асосий хусусияти шундаки, ноорганик табиатни тадқиқ қилишда аниқланган механика принциплари тирик тизимлар учун қўлланилади. Тирик организмлар материал дунёнинг ҳамма ходисалари каби физика ва механика қонуниятларига бўйсунади. Лекин тирик организмларда химия ва биологиянинг қатор принциплари ҳам муҳим роль ўйнайди, булардан ташқари психологияни ҳам ҳисобга олиш керак.
Биомеханика механик нуқтаи назардан организм фаолиятини меҳнат ва социал муҳит ҳамда ташқи муҳит шароитларида функционал бутунлик сифатида қарайди. Физика, механика ва химия тирик организмларнинг регенерация (ўзини қайта тиклаш) ва адаптация (мослашув) хоссаларини тушунтириб бера олмайди. Бундан келиб чиқадики биомеханика бошқа фанлар билан биргаликда иш олиб бориши керак ва янги ҳодиса ва жараёнларни фақат механика усуллари билан ечиш мумкин деб таъкидламаслиги керак.
Тирик организмларни бошқа фанлар орқали тадқиқ қилиш масаласи қадим замонлардан бери мавжуд. Биомеханика ғояларини Аристотел (эрамизадн олдин 384-322 йй) ва Гален (эрамиздан олдин 210-130 йй) ишларида учратиш мумкин.
Ибн Сино тана тузилиши, кўз фаолияти ва юрак уришини таҳлил ва ташҳис қилишда механика, акустика усулларидан кенг фойдаланган. Айниқса унинг юрак ритмикаси ва аритмияси соҳасидаги регуляр ва норегуляр тебранма ҳаракат қонуниятларини аниқлашда олган натижалари ўз замонаси, ва ҳаттоки ҳозирги замон фани учун ҳам жуда катта ютуқдир.
Леонардо де Винче (1452-1579) одам танаси ҳаракатини ўрганишда жонбозлик кўрсатиб – тана ҳаракати механикасини яратди.
Механика асосчиси Галелео Галилей (1564-1642) олдин медицинани кейин физикани ўрганди. У юрак урушини муфассал текширган.
Машҳур математик ва астроном Ж.Борелли (1608-1679) жуда моҳирлик билан ҳаракат вақтидаги скелет ва мускулар фаолиятини ва юрак ҳаракатини текшириб чиқди. Буюк инглиз олими, механик Роберт Гук (1635-1703) хужайрани тирик организмнинг асосий элементи сифатида қабул қилишни таклиф қилди.
Гальвани (1731-1789) ноорганик табиатни тадқиқ қилишда қўлланилган усулларни мушак хоссаларини ўрганишда қўллади. Эйлер (1707-1783) 1775 йилда артерияларда тўлқин тарқалишини текширди. Машҳур олим Гельгольц (1821-1894) Кёнингберг, Бонн ва Берлинда физиология, физика ва анатомия бўйича профессор бўлган. Унинг илмий ишлари оптика, акустика, термодинамика, электродинамика, физиология, медицина ва гидромеханика ривожланишига жуда катта ҳисса қўшди.
Машҳур француз математиги ва астрономи Лаплас (1749-1827) “жаҳон” машинаси ғоясини олға сурди ва машинанинг ҳамма қисми механика қонунларига бўйсунишини, агар уларнинг ҳолатлари ва тезликлари аниқланса, унда ҳамма бўладиган ҳодисаларни ва одамлар ҳаётини олдиндан башорат қилиш мумкин деб таъкидлади.
Кейинчалик қатор тадқиқотчилар термодинамика принциплари асосида ишлайдиган двигателлар фаолияти ва тирик организмлар жараёнлари ўхшашлигини аниқлашди. Шу аснода ҳаётнинг узлуксиз “эркин энергия” оқимини талаб қиладиган жараён эканлиги аён бўлди.
Микроскопнинг кашф қилиниши табиатни ўрганиш йўлидаги катта муваффақият бўлди ва тирик организмлар тузилишининг, бошқарилишининг мукаммал қирраларини кўриш имконини берди. Микроскоп орқали олинган натижалар механика принципларини тирик организмларга қўллаш ғояларини кенгайтирди.
Биомеханика соҳасида физиологлар ҳам фаол ишлай бошладилар. Улар тирик организм физиологиясини биомеханикасиз аниқлаш мумкин эмас эканлигини тушундилар. Биомеханика тирик организмларнинг нормал фаолиятини тушунишга, органлар ва бошқа компонентларнинг ҳар хил шароитларда узвий боғланишларни аниқлашда ёрдам беради; у ташқи муҳит ва ёш ўзгарган сари тирик организм ўзгаришини башорат қилади; бошқарув, мослашув, сунъий тўқима, орган қисмлари ва бутун органларни трансплантация қилиш ва ҳимоялаш имкониятларини кўрсатади.
Кўпчилик машҳур физиологлар механика усулларини яхши ўрганиб ва уларни тирик организмдаги ҳодиса ва қонуниятларни тушунтиришда қўллаганлари учун катта муваффақиятларга эришдилар. Мисол тариқасида Хейлис (1677-1761), Пуазейл (1700-1869), Франк (1885-1944), Старлинг (1866-1921) ва бошқаларни келтириш мумкин. Крох микроциркуляция механикасини ривожлантиргани учун, Хейл эса мускуллар механикасини ривожланитиргани учун Нобел мукофотига сазовор бўлишган.
Шундай қилиб, организм механика, физика ва химияни узвий боғлайдиган олий бирликдир, организмда механик ҳаракат физик ва химик ўзгаришлар асосида вужудга келади ва модда алмашуви, нафас олиш, ҳамда мускул ҳаракатларини юзага келтиради. Тирик организмдаги механик ҳаракатни таҳлил қилишда унинг биохимик ва биофизик ҳодисалар билан боғлиқ эканлигини ҳисобга олиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |