Мавзуга оид муаммолар:
1. Францияда сенорлик ва цех тартибларининг яшовчанлиги сабабларии тўлиқ аниқлаш.
2. Францияда ўз-ўзини бошқариш органларининг бошқа давлатлардаги ўз-ўзини бошқариш органларидан асосий фарқлари.
1-савол бўйича дарснинг мақсади:
Буюк франсуз инқилобининг келиб чиқиш сабаблари ва ривожланиши, франсуз жамиятидаги илғор ўзгаришлардаги ўрнини ёритиш.
Идентив ўқув мақсади:
1.1. Франсуз абсолютизмининг салбий оқибатларидан тегишли хулоса чиқаради.
1.2. Инқилобни келтириб чиқарган сиёсий, иқтисодий -ижтимоий омиллар ҳақида тушунчага эга бўлади.
1.3. Инқилобнинг аҳамиятини эътироф этади.
1-саволнинг баёни:
XVII аср ўрталарида Франция Европадаги энг йирик марказлашган давлат бўлиб аҳолиинг 85% қишлоқларда яшарди. Абсолют монархиянинг асосий таянчи католик черкови бўлиб, илғор фикрли гугенотларга қарши таъқибни кучайтирди. Мануфактура ишлаб чиқариши судхўрлик молияси, ташқи савдонинг ўсиши илк капиталистик муносабатлар эди. 1661-1715 йиллар мамлакатни якка ҳолда идора қилган Людовик XIV даврида бутун бошқарув қирол қўлида тўпланди. Кучли армия барпо этилди. 1665-1683 йилларда молия вазири бўлган Кольбер Франциянинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий қудратини ошириш учун давлатнинг ҳўжалик ҳаётига аралашувини кучайтирди.Жаҳон бозорида етакчилик қилиш учун Ост-Индия, Вест-Индия, Левантия монопол компаниялари пайдо бўлди. Франсуз жамиятида рўй бераётган ўзгаришлар консерватор кучларининг жиддий қаршилигига учради. Эски қолоқ тизим замирида пайдо бўлаётган янгича сиёсий иқтисодий, маданий-диний, маърифий ўзгаришлар франсуз маърифатпарварлари, Вольтер, Монтеске, Дидро, Меле, Руссоларнинг ғояларида ҳам ўз ифодасини топди. Гуманистлар шу даврда инсон бахт-саодатига қарши бўлган абсолютизм, феодализм ва уларнинг таянчларини инқилобий йўл билан ағдаришга даъват этиб, идрокда инқилоб ясадилар.XVIII аср охирида монархия ва феодал тузумнинг илғор ислоҳотларни ўтказишга қаршилиги туфайли иқтисодий- ижтимоий аҳвол ёмонлашди.
Инқироздан чиқиш учун Людовик XVI 1614 йилдан бери чақирилмаган Генерал Штатларни 1789 йил 5 майда Версалда тўплаб мажлис ўтказишга мажбур бўлди.Генерал Штатларнинг учинчи табақаси депутатлари халқ вакиллари бўлгани учун ўзларини миллий таъсис мажлиси деб эълон қилиб, қиролдан илғор конститутция жорий этишни талаб қилди.Қиролнинг таъсис мажлисини тарқатиб юборишга ҳаракат қилиши 1789 йил 13 июлда Парижда халқ ғалаёнларига ва буюк франсуз инқилобига сабаб бўлди.
Инқилоб абсолют монархияни, феодал тартиблар ва зулмларни, католик черковининг зўравонлигига барҳам бериш, халқпарвар парламент бошқарувини, барча ҳуқуқларни жорий этишни ўз мақсади деб эълон қилди.14 июлда Бастилия олингандан сўнг ҳокимият Таъсис мажлис қўлига ўтди.Мажлиснинг 4-11 август ер тўғрисидаги декретларига кўра деҳқонлар феодал тўловлар ва мажбуриятларлан озод этилди. Феодаллар сенорлар имтиёзлари бекор қилинди. 1789 йил 2 ноябрда черков ерлари мусодара қилиниб давлат қарзини қоплаш учун сотиб юборилди. 1791 йил сентябр конститутциясига кўра Франция конститутцион монархияга айланди. Монарх ва тайинланган вазирлар ижроия ҳокимияти ваколатини олди. Католик черкови давлат хизматига ўтди. 25 ёшдан ошган 1,5-3 ливрдан кам бўлмаган солиқ тўлаган эркаклар сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди. Илғор ўзгаришларни амалга оширишда таъсис мажлисида Маркиз Лафаейт ва граф Мираббо раҳбарлигидаги конститутцион монархистлар ва сўл депутат Максимилиан Робесперларнинг хизматлари катта бўлди.
Ўтиш даврида турли ғояларни илгари сурган сиёсий клублар фаоллашди. Ж.П. Марат раҳбарлигида Якобинчилар клуби фаоллашди. 1791 йил сентябрда конститутцияга кўра тасис мажлиси ўрнини ценз тизимига асосланган қонунчилик тизими эгаллади.
Қонунчилик мажлисида савдо, тадбиркорлик эркинлиги, ички бозор протекционизми ва ташқи бозорнинг кенгайтирилиши каби тамойилларни ёқлаб чиққан Жиронда департаменти депутатлари жирондистлари таъсири ҳам кучайди.
Франсуз инқилобини бостириш учун 1791 йил 17 августда Австрия ва Пруссия Людовик XVI га ёрдам бериш учун Францияга қарши биринчи коалицияни тузди. Ташқи душманга қарши курашга инқилобий уруш тарафдори бўлган жирондистлар раҳбарлик қилишди. 1792 йил 10 август мағлубиятлар пайтида Парижда халқ қўзғолон кўтариб ватан ҳимоясига нолойиқ бўлган монархияни ағдариб ташлади. Қирол ҳибсга олинди. Мажлисда муваққат ижроия кенгашида жирондистлар раҳбарлик қила бошлашди. Октябр ойига келиб инқилобий армия ўз ҳудудидан интервентларни қувиб чиқариб Белгия, Савойя ва Ницшани эгаллади. 20 сентябрда янги сайланган йиғилиш миллий конвент ўз ишини бошлади. 22 сентябрда Франция Республика деб эълон қилинди. Конвентдаги турли синфлар ўртасида сиёсий зиддиятлар вужудга келди. Якобинчилар ва уларнинг конвентда юқори курсиларини эгаллаган сўл депутатлари Дантон, Марат, Ребеспер, Сен Жюстлар тенглик, бойликсиз республика тарафдори бўлсалар, жирондчилар буржуа бошқарувини ёқлаб, инқилоб ўз мақсадига эришиб бўлди деб ҳисоблаб унга қирши чиқдилар. Халқнинг аксарият қисми якобинчиларга эргашсада, бироқ ташқи урушлардаги ғалабалар, жирондчилар мавқеини мустаҳкамлади. Узоқ тортишувлардан сўнг 1793 йил 21 январда қирол қатл этилди. Халқ ғалаёнларига энг йирик муниципал орган Гаспар, Шомет, Эберлар раҳбарлигидаги Париж коммунаси раҳбарлик қилди. Қирол қатл этилгандан сўнг Европанинг нуфузли монархиялари Францияга нисбатан интервенцияларини кучайтирди. Ўз мақсадига эришган жирондистлар республикани ҳимоя қилмадилар. Натижада якобинчилар, Париж коммунаси, монтанярлар 1793 йил 31 май – 2 июнда Парижда қўзғолон уюштириб, Бриссо, Верно раҳбарлигидаги жирондчиларни ҳокимиятдан олиб сиёсий ҳокимиятни якобинчилар эгаллади. Янги конвент ва янги тузилган инқилобий трибунал эмигрант сенорлар ерларини кичик участкаларга бўлиб сота бошлади. 1793 йил 24 июнда қабул қилинган янги конститутция 21 ёшдан ошган эркаклар учун сайлов ҳуқуқи ва бошқа демократик ҳуқуқларни эълон қилди. 1 палатали мажлис жорий этилди. 1794 йил 4 февралда мустамлакаларда қулчиликни йўқ қилиш тўғрисида қонун қабул қилинди.Ўзларини янги давр асосчилари деб билган якобинчилар янги календарни қабул қилдилар.
Якобинчилир асосий эътиборни аксилфрансуз каолициясига қарши мудофаа уруши олиб боришга қаратди. Якобинчилар тартиб ўрнатиш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун 1793 йил 10 октябрда «Бошқарувнинг вақтинчалик тартиби» тўғрисида қонунни қабул қилди. Бу якобинчилик диктатурасига қарши бўлганларга нисбатан террор сиёсатини кучайтиришнинг ҳуқуқий кафолатидир. Якобинчилар даврида черковга қарши сиёсат олиб борилди. Робеспер бошчилигидаги якобинчилар 1794 йил бошида аксилфрансуз каолициясини мамлакатдан ҳайдаб чиқарди. Робеспер раҳбарлигидаги радикал инқилобчилар диктатураси ўзига қарши муҳолифатни қатл этиш йўлидан борди. Бу барчанинг қаршилига учради. Натижада янги молия саноат доиралари 1794 йил 28 июлда, яъни якобинчилар календарига кўра 9- термидор ойида якобинчиларни ағдариб ташлаб, ҳокимиятни эгалладилар. Якобинчиларнинг барча ислоҳотлари бекор қилинди.Натижада инфляция, тақчиллик янада кучайди.Энг асосий инқилоб ютуқлари сақланиб қолди.
1795 йилда қабул қилинган янги конститутцияга кўра икки палатали қонунчилик корпуси жорий этилди.Ижроя ҳокимияти беш кишидан иборат директорияга топширилди.Директория даврида корупция, анархия, синфий зиддиятлар кучайиб кетди. Директория ўзига қарши бўлган Гракх Бабёф раҳбарлигидаги сўл мухолифат кучларни бостириш йўлидан борди.Термидорчилар даврида босқинчилик сиёсати олиб борилди.Табиийки бу сиёсий ҳаётда ҳарбийларнинг таъсири кучайишига хизмат қилди. Шулардан бири 1798 йил майда Мисрда Англия таъсирига зарба беришга ҳаракат қилган ва Сурияда мағлубиятга учраган генерал Бонапарт эди. Суриядаги ва Италияда рус армиясидан мағлубият натижасида мамлакатда оммавий ғалаёнлар қайтадан жонланди. Ҳукмрон доиралар ички ғаллаёнларни бостириб, темир интизом ўрнатиш ва ғолибона урушлар олиб боришга қодир бўлган қаттиққўл бошқарувни ўрнатишга қарор қилдилар. 1799 йил 9 ноябрда (18 брюмер) молия доиралари директорияни бекор қилиб ҳокимиятни Бонапарт бошчилигидаги уч консулга топширдилар. Буюк франсуз инқилоби шу воқеа билан якунланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |