Бирикма терминлар. Терминларнинг тузилишига кўра сермаҳсул типларидан бирини бирикмали терминлар ташкил қилади: «Қарийб барча соҳалар терминологиясида бирикма терминлар миқдор жиҳатидан асосий ўринлардан бирини эгаллайди»1.
Бирикмали терминларнинг бошқа тип терминлардан миқдоран кўп эканини ўзбек терминшунослари олиб борган ҳисоб-китоблар ҳам тасдиқлайди2.
Бизнинг ҳисобимизча, 1677 ономастик терминларидан 1358 таси бирикмали терминлардир. Бу терминлар умумий миқдорининг 50 фоиздан ошиқроғини ташкил қилади.
Бирикмали тузилма ономастика терминлари икки ва ундан ортиқ сўзлардан ташкил топади. Кузатишларимиз қайд қилинган 1358 та терминнинг 891 таси икки сўзли, 403 таси 3 сўзли, 57 таси тўрт сўзли, 5 таси 5 сўзли, 2 таси 6 сўзли эканини кўрсатди.
Қуйида бирикмали терминларнинг ушбу типларидан баъзи намуналар келтирамиз:
1. Икки сўзли бирикма терминлар: исм бериш, исмлар серияси, маҳаллий антропонимия, минтақавий топонимия, мотивланганлик мезони, назарий номшунослик, негативлик қонуни, номинатив функция, номлаш акти, номлаш санъати ва б.
2. Уч сўзли бирикма терминлар: апеллятив асосли номлар, гап қолипли топоним, киши атоқли оти, ноль кўрсаткичли ном, ном бериш санъати, ономастик сўз ясаш ва б.
3. Тўрт сўзли бирикма терминлар: аслида изофали бўлган исм, жойга ишора қилувчи аниқлагичлар, жой номларининг марказий картотекаси, жой номларининг семантик таснифи, исмнинг турдош отлик маъноси, номнинг маҳаллий талаффуз шакли, услубий маъно ташувчи ном, флорани акс эттирувчи номлар ва б.
4. Беш сўзли бирикма терминлар: исм ва фамилиянинг ягона шакли, тарихий-лисоний қимматга эга номлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик номлар, тотем асосида юзага келган этнонимлар ва б.
5. Олти сўзли бирикмали терминлар: компонентлари тенг бирикувга асосланган қўшма номлар, компонентлари тобе бирикувга асосланган қўшма номлар.
УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР
Ўзбек ономастикаси терминларининг пайдо бўлиши, шаклланиши ҳамда уларнинг муҳим лисоний хусусиятларини ўрганиш қуйидаги умумий хулосаларга келиш имконини беради:
1. Ҳозирги ўзбек тилидаги атоқли отлар тизимини лисоний аспектда ва илмий асосларда тадқиқ қилиш ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланди. Ўзбек ономастикаси терминологиясининг кенг маънода шакллана бошлаши мана шу даврга тўғри келади.
2. Ўзбек ономастикаси терминларининг энг ривож топган тармоғи ўзбек антропонимикаси ва топонимикаси терминларидир. Атоқли отларнинг бошқа тармоқлари ўзбек тилшунослигида ҳали кенг тадқиқ қилинмагани туфайли уларга оид терминлар ҳали етарли равишда тармоқланмаган. Чунончи, зоонимика, фитонимика, космонимика соҳаларининг терминлари.
3. Ўзбек ономастикаси терминологиясида икки тип терминлар асосий ўрин тутади: 1) атоқли отга эга бўлган объектлар ва тушунчаларнинг номлари: тоғ номи, булоқ номи, қишлоқ номи каби; 2) ономастика соҳасига алоқадор илмий тушунчаларни ифода қилувчи терминлар: ономастик конверсия, топонимик аниқлагич, антропонимика, атоқли от, гидроним ва б.
4. Ономастика терминларининг мавзуий гуруҳлари бой ва хилма-хил бўлиб, унда ономастик объектларни англатувчи терминларнинг мавзуий гуруҳлари ва ономастик тушунчаларнинг типларини ифода қилувчи мавзуий гуруҳлар ҳамда ономастика соҳаларини англатувчи мавзуий гуруҳлар алоҳида ажралиб туради.
5. Ономастика терминларининг лу\авий таркиби ўз ва ўзлашма лексемалар асосида ҳосил қилинган сўз ва бирикма терминлардан иборат бўлиб, ўз қатламга мансуб терминлар тарихий-анъанавий терминлар таркибида учрайди: от, аташ, от қўйиш ва б.
Терминларнинг ўзлашма қатламида баъзи арабча лексемалар: исм, тахаллус, куния (кунят, куня), шахс исми учрайди. Содда сўз шаклли ўзлашма терминларнинг асосий қисми байналмилал терминлардан иборат: антропоним, топоним, годоним, фамилия, мифоним каби. Ўзлашма терминларнинг асосий қисмини қадимий лотинча ва юнонча лексемалар ташкил қилади. Бу терминларнинг аксарияти генетик жиҳатдан қўшма сўз характерида бўлиб, ҳозирда маъноли қисмларга ажратилмайдиган содда сўз каби тушунилади: меркуроним, ороним каби. Баъзи ҳолларда терминларнинг байналмилал шакли билан ўзбекча шакллари параллел қўлланиши кузатилади: топоним ғғ жой номи, гидроним ғғ сувликлар номи, ономастика ғғ номшунослик, зооним ғғ ҳайвонлар атоқли оти, мифоним ғғ афсонавий номлар, макротопоним ғғ йирик объектлар номи, микротопоним ғғ майда объектлар номи каби.
6. Ономастика терминлари тизимида бирикма шаклли терминлар миқдоран кўп бўлиб, содда ва қўшма тузилмали терминлар унчалик сермаҳсул эмас.
7. Ономастика терминларининг ясалишида синтактик усул асосий ўрин тутади, лексик-семантик ва морфологик усуллар ономастика терминлари учун типик эмас. Ономастика терминлари тизимида бирикмали, яъни ёйиқ терминларнинг кўп учраши бу соҳада терминларнинг ҳали етарли равишда меъёрланмаганидан далолат беради.
8. Ҳозирги ўзбек ономастика терминологиясида вариантдорлик ва синонимия кучли. Бу ҳол ҳам ўзбек ономастика терминлари янада такомиллаштиришга муҳтож эканини кўрсатади.
9. Ономастика терминларининг асосий қисми бир маъноли бўлиб, терминологик талабларга жавоб бера олади. Шу билан бирга ўз қатламга мансуб баъзи терминларда кўпмаънолилик, синонимия, вариантдорлик ҳодисалари кузатилади. Бу ҳол ономастика терминларини меъёрлаш ва янада такомиллаштириш лозимлигини тақозо қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |