1.2. Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш фанининг мазмуни, предмети, мақсади ва вазифалари
“Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш” фани миллий иқтисодиёт ва ялпи ишлаб чиқаришнинг ўсиши, пасайиши, турғунлик даврларини иқтисодий таҳлил ва прогноз қилади ҳамда уни тартибга солишнинг иқтисодий механизмларини шакллантиради.
Қамрови жиҳатидан нисбатан кенгроқ бўлган амалий иқтисодиёт фани сифатида “Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш” фанининг аҳамияти шундаки, у иқтисодиёт йўналишидаги бошқа фанлар интеграцияси вазифасини ўтайди, шу билан биргаликда уларни билишга таянади ҳамда уй хўжаликлари, фирмалар, корхоналар, корпорациялар ва давлатнинг ўзаро манфаатларига тааллуқли бўлган қатор масалаларни ечишда ёрдам беради.
“Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш” ўқув фани сифатида бошқа иқтисодиёт йўналишидаги фанлар билан узвий боғланган, хусусан, “Иқтисодиёт назарияси”, “Микроиқтисодиёт”, “Макроиқтисодиёт”, “Иқтисодий математика”, “Иқтисодий кибернетика”, “Тармоқлараро баланс”, “Лойиҳалар таҳлили”, “Миллий иқтисодиёт”, “Макроиқтисодий таҳлил” каби қатор фанлар билан, чунки, бу фанларнинг барчаси учун иқтисодиёт ягона тадқиқот объекти сифатида хизмат қилади.
Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш фаннинг мазмуни фаннинг пайдо бўлиши, ривожланиш босқичлари ва хусусиятлари, услубиёти ва усуллари, макроиқтисодий кўрсаткичлар ахборот объекти, макроиқтисодий жараёнларнинг иқтисодий таҳлили, бюджет-солиқ, пул-кредит сиёсати, тўлов баланси, бандлик, ишсизлик ва инфляция даражасидаги ўзгаришлар ва улар ривожланиш қоидаларининг такомиллашувининг назарий ва амалий асосларини ўргатади.
Иқтисодий таҳлилнинг предмети бир-бири билан у ёки бу алоқада, доимий ҳаракат ва ривожланишда бўлган предметлар ва ҳодисаларнинг тўпламидан иборат бўлган тадқиқотчиликдир. Бу алоқалар хилма-хилдир ва қисмни бутунича ҳамда аксинча муносабатларда, тенгликлар ва тенгсизликларда, аниқ ёки ноаниқ ўзаро бўйсунувчиликда, бир-бирини тақозо қилишда ва ўзаро боғлиқликда ўз аксини топади. Бирининг ҳолатининг ўзгариб иккинчисига ўтиши акс этувчи ўзаро муносабат табиий, ижтимоий, иқтисодий ҳодисаларни мантиқий-услубий ва гнесеологик билишдир.
Мамлакатнинг иқтисодий ҳолатини, ўтказилаётган жорий чора-тадбирлар зарурлигини, самарасини баҳолашда макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш жуда катта аҳамиятга эга. Таҳлилнинг муҳим вазифаларидан бири мамлакатда содир бўлаётган жараёнларни моделлаштириш сифатини ошириш, ўтказилаётган иқтисодий сиёсатнинг натижаларини аниқлаш. Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш асосий илмий-амалий йўналишлардан бири бўлиб макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзаро боғлиқликларини аниқлаб беришга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |