Мажбурий аудит - «Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонун”нинг 10-моддасига мувофиқ, қонун-ҳужжатларда белгиланган тартибда, юқори турувчи давлат муассасаларининг талаби билан корхона раҳбарияти буюртмасига асосан аудиторлар томонидан ўтказиладиган аудит текширувидир. «Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонун”нинг 10-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасида мажбурий аудит текширувидан қуйидаги иқтисодий субъкетлар ўтишлари лозим:
Ташқи аудит ўз хусусиятига кўра қуйидаги икки кўринишга эга:
1. Ташкилий-ҳуқуқий шаклига кўра: акциядорлик жамиятлари.
2. Фаолият турига кўра:
- банк ва бошқа кредит ташкилотлари:
- суғурта компаниялари;
- инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамлаб турувчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг бошқарув компаниялари;
- манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари бўлмиш хайрия фондлари ва бошқа ижтимоий фондлар;
- маблағларининг ҳосил бўлиш манбалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қилинадиган мажбурий ажратмалар бўлмиш бюджетдан ташқари фондлар;
- устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган корхоналар. .
Мажбурий аудитдан бош тортиш ёки унинг ўтказилишига қаршилик кўрсатиш корхонадан «Мажбурий аудиторлик текширувини ўтказилишидан бўйин товлаганлик учун хўжалик юритувчи субъектлардан жарима ундириш тартиби тўғрисидаги низом»га асосан энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ундиришга ва унинг раҳбарини қонун билан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Ундирилган жарималар тегишли давлат органи бюджетига даромад сифатида ўтказилади. Жариманинг тўланиши корхонани аудит текширувидан ўтишдан озод қилмайди.
Аудит текширувининг корхона раҳбариятининг ихтиёрисиз, мажбурий тартибда ўтказилишидан мақсад қуйидагилардан иборат:
1) юқорида келтирилган мажбурий аудит субъектлари кенг жамоатчилик маблағлари билан иш юритадиган банк муассасалари, суғурта ташкилотлари,очиқ акциядорлик жамиятлари ва ҳ,к. ташкилотлардан иборат. Жамоатчилик бу ташкилотларга ўзининг маълум мақсадларини кўзлаган ҳолда ўз маблағларини ишониб топширади. Аммо бу маблағлар устидан етарлича назоратнинг ўрнатилмаслиги бу маблағларнинг суистеъмол бўлишига олиб келиши мумкин. Лекин бевосита кенг жамоатчиликнинг ўзи бу назоратни олиб боришининг имкони йўқ. Сабаби, жамоатчилик бухгалтерия ҳисоби тизими тақдим этаётган маълумотлардан унумли фойдаланиш, кўрсаткичларни таҳлил этиш ва улар асосида самарали қарор қабўл қилиш учун етарли малакага эга эмас. Бу вазиятда аудитор текширилаётган субъект ва жамоатчилик ўртасида боғловчи вазифасини бажаради;
2) катта миқдордаги даромадга эга корхоналарнинг молиявий ҳисоботларига нисбатан мажбурий аудит текширувини белгилаш орқали давлат йирик солиқ тўловчилар фаолияти устидан солиқни тўғри, тўлиқ ва ўз вақтида келиб тушиши юзасидан назорат ўрнатади.
Ўз навбатида, мажбурий аудит текширувини ўтказаётган аудиторлик фирмасига ҳам қуйида келтирилган талаблар қўйилади:
1) мажбурий аудит корхонанинг барча фаолият соҳаларини, бухгалтерия ҳисобининг барча элементларини, барча турдаги активларни, корхонанинг ҳамма филиаллари фаолиятини қамраб олиши, бир сўз билан айтганда, аудит текшируви фақат комплекс кўринишда бўлиши керак;
2) аудитор томонидан корхона молиявий ҳисоботига нисбатан бир тарафлама, аниқ хулоса берилиши лозим;
3) мажбурий аудит текшируви аудиторлик фаолиятининг барча стандартларига амал қилинган ҳолда олиб борилиши зарур.
Шу ўринда, мажбурий аудит текширувидан ўтаётган корхона раҳбарияти зиммасига ҳам қуйида келтирилган асосий талаблар белгиланиши мумкин:
1) ихтиёрий аудитдан фарқли равишда, мажбурий аудитда корхона раҳбарияти аудитнинг тематик, яъни бухгалтериянинг фақатгина раҳбарият томонидан белгиланган элементларининг текширилишини талаб этмаслиги лозим. Юқорида таъкидлаганимиздек, аудит текшируви фақат комплекс характерга эга бўлиши зарур;
2) корхона раҳбарияти мажбурий аудит текшируви якунида тақдим этилган аудиторлик хулосасини шу маълумотдан манфаатдор бўлган тарафлардан яширмаслиги керак;
3) мажбурий аудит текшируви якунида аниқланган камчиликлар ва улари бартараф этиш юзасидан тавсияларни олгач, корхона раҳбарияти бу камчиликларни тўғрилаш чораларини кўриши шарт.
Мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаганлиги учун хўжалик юритувчи субъектлардан жарима ундириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майигача йиллик молиявий ҳисобот аудиторлик текширувидан ўтказилмаслиги ва аудиторлик хулосаси мавжуд эмаслиги хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаши деб эътироф этилади, ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаши сифатида жарима солиш учун асос ҳисобланади. Мажбурий аудиторлик текшируви ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъект олдинги йил учун ўз йиллик молиявий ҳисоботини ҳисобот йилининг 1 майигача аудиторлик текширувидан ўтказади ва аудиторлик текшируви тамом бўлгандан кейин 15 кун мобайнида тегишли солиқ органига аудиторлик хулосасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхасини тақдим этади. Аудиторлик хулосаси нусхаси солиқ органига белгиланган муддатда тақдим этилмаган тақдирда хўжалик юритувчи субъект солиқ органига аудиторлик хулосаси мавжуд эмаслигининг сабабини акс эттирувчи тушунтиришни ёзма шаклда тақдим этиши керак.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлашхўжалик субъектининг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жазо қўлланишига олиб келади. Хўжалик субъектининг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жазо қўллангандан кейин календар йил охиригача мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаш хўжалик субъектидан қуйида келтирилган миқдорда жарима ундирилишига олб келади («Мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаганлиги учун хўжалик юритувчи субъектлардан жарима ундириш тартиби тўғрисида Низом” нинг 7-банди).
Бунда мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товланган тақдирда хўжалик субъектига жарима суд қарори асосида солинади, хўжалик субъекти содир этилган ҳуқуқбузарликда айбини тан олган ҳамда жаримани ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда эса, жарима солиқ органи томонидан солинади. Жарима қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади. Бунда хўжалик субъектининг охирги ҳисобот санасидаги жорий активларининг йигирма фоизидан ортиқ бўлган ялпи жарима хўжалик субъектига жарима солиш тўғрисида қарор қабўл қилинган кундан бошлаб ундириладиган суммани олти ой мобайнида ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилган ҳолда ундириб олинади. Жарима ставкалари табақалаштирилган ва мажбурий текшириладиган хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисобот йили охирида маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан олинган ялпи тушуми миқдорига қараб белгиланадиган миқдорларда ундириб олинади. Хўжалик юритувчи субъект жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Тўланадиган жарималар тўлиқ миқдорда республика бюджетига ўтказилади.