1.6. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНИ, УНИНГ МАЗМУНИ ВА НАТИЖАЛАРИ
Ишлаб чиқариш жараёни - бу кишиларни ўзларининг истеъмоли учун зарур бўлган моддий ва маънавий неъматларни яратишга қаратилган мақсадга мувофиқ фаолиятидир. Моддий ва маънавий неъматлар яратиш, турли хизматлар кўрсатиш жараёни кишилар иқтисодий фаолиятининг асосий томонидир.
Кишилар ўзларининг онгли мақсадга мувофиқ унумли меҳнати билан табиат моддаларининг шаклларини ўзгартирадилар ва истеъмоли учун зарур бўлган маҳсулотни вужудга келтирадилар. Меҳнат жараёнида кишилар билан табиат ўртасида моддалар алмашинуви билан бирга инсоннинг ўзи ҳам ҳар томонлама камол топиб боради, яъни кишилар ўзининг меҳнатга бўлган қобилиятини, билимини оширади ва уларни амалда қўллашни кенгайтириб боради.
Бошқача қилиб айтганимизда, ишлаб чиқариш жараёни истеъмол қийматларни вужудга келтириш учун мақсадга мувофиқ қилинадиган ҳаракатдир, табиат яратган нарсаларни киши истеъмоли учун ўзлаштириб олишдир, киши билан табиат ўртасидаги модда алмашувининг умумий шартидир, киши ҳаётининг абадий табиий шароитидир.
Ишлаб чиқариш жараёни инсоният тараққиётининг ҳамма босқичларига, ҳамма мамлакатларга, эл-юртларга ва халқларга хос бўлиб, умуминсоний категориядир (тушунчадир).
Шунинг учун бу жараён узоқ тарихга эга бўлиб, оддий тош ва ёғоч қуроллардан фойдаланиб, энг содда овчилик ва деҳқончилик қилишдан тортиб то ҳозирги замон мураккаб технологиясига асосланган роботсозлик, самолётсозлик, компьютер техникаларини, замонавий радио ва телевидение воситаларини ишлаб чиқаришгача бўлган йўлни босиб ўтди. Ҳозирги даврда мамлакатимиз ҳудудида бир неча юзлаб тармоқлар ва соҳаларда халқимизнинг истеъмоли ва ишлаб чиқаришнинг ўзи учун зарур бўлган истеъмол буюмлари ва асбоб ускуналар ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқаришнинг энг йирик соҳалари саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва алоқа, қурилиш, савдо, тайёрлов ташкилотлари, коммунал ва уй – жой хўжаликлари, турли хил техник ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларидан иборат. Ҳар бир мамлакат ўз тараққиётининг шу даврдаги босқичи учун зарур ва қулай бўлган тармоқлар таркибини вужудга келтиришга ҳаракат қилади. Бунда ресурслар чекланганлиги ҳисобга олиниб ишлаб чиқаришни ўстириш ва халқнинг талабини қондириш учун ўта зарур бўлган, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, чет эллар билан бўладиган ҳамкорликни юксалтиришга имкон берадиган тармоқларга алоҳида эътибор берилади.
Эҳтиёжлар тури қанча кўп бўлса шунга биноан ишлаб чиқаришнинг тармоқ ва соҳалари ҳам кенгайиб боради. Уларни ўрганиш осон бўлиши учун ишлаб чиқариш икки катта соҳага: моддий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига бўлинади.
Моддий ишлаб чиқариш соҳаларида (саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқалар) зарурий моддий неъматлар яратилади, хизмат кўрсатиш соҳаларида эса турли хил маънавий неъматлар яратилади ва хизматлар кўрсатилади. Бу икки соҳа бир-бири билан чамбарчас боғланган ҳолда ривожланади ва бир-бирига таъсир кўрсатади.
Республика миллий иқтисодиётида товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ЯИМдаги мутлоқ миқдори ва нисбий улуши қуйидаги маълумотлар билан тавсифланади (1-жадвал).
1-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |