4-БОБ. КАБЕЛЬ ТАРМОҚЛАРИ
155. Кучланиши 1000 В гача ва ундан юқори бўлган кабель тармоқларини (кейинги ўринларда - КТ) эксплуатация қилишга топширишда ҚМҚ "Тугатилган қурилиш объектларини эксплуатацияга қабул қилиш", "Электротехник қурилмалар"да ва соҳанинг қабул қилиш қоидаларида кўзда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги техник ҳужжатлар бор бўлиши ва буюртмачи учун расмийлаштирилиши шарт:
КТнинг тузатилган лойиҳаси, кучланиши 110 кВ ва ундан юқори бўлган КТ учун кабелни ишлаб чиқарувчи завод ва эксплуатация қилувчи ташкилот билан келишилган бўлиши шарт;
ушбу ҳудудда коммуникациялар ривожланганлигидан келиб чиқиб, 1:200 ёки 1:500 масштабда бажарилган, бирлаштирувчи муфталар ўрнатилган жойлар кўрсатилган трассанинг ижро чизмасини;
кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган ва трассаси ўта мураккаб 6 ва 10 кВ кучланишли КТларнинг йўллар ва бошқа коммуникациялар билан кесишиш жойлари профили чизмаси;
кабелларнинг барабандаги ҳолати далолатномалари, зарур бўлганда намуналарни қисмларга ажратиш ва кўрикдан ўтказиш далолатномалари (импорт кабеллар учун қисмларга ажратиш мажбурий);
кабель журнали;
КТ барча элементларининг инвентар рўйхати (кучланиши 1000 В дан юқори бўлган КТ учун);
қурилиш ва яшириш ишлар далолатномалари, барча ер ости коммуникациялар билан кесишиш ва яқинлашиш жойлари кўрсатилган ҳолда;
кабель муфталарини монтаж қилиш далолатномалари;
хандақлар, блоклар, қувурлар, каналлар, туннеллар ва коллекторларни монтаж учун қабул қилиш далолатномалари;
КТни электр кимёвий занглашдан ҳимоялаш қурилмалари монтажи далолатномалари, шунингдек, лойиҳага мувофиқ занглаш бўйича синовлар натижалари тўғрисида ҳужжатлар;
кабель ўтказилганидан кейин унинг изоляциясини юқори кучланиш билан синаш баённомалари (кучланиши 1000 В дан юқори КТ учун);
изоляция қаршилигини ўлчаш натижалари тўғрисида ҳужжатлар;
хандақлар ва каналларда ўтказилган кабелларни ёпишдан олдин кўрикдан ўтказиш далолатномалари;
паст ҳароратларда кабелларни ўтказишдан олдин уларни барабанда қиздириш далолатномалари;
автоматик ёнғин ўчириш қурилмалари ва ёнғин сигнализациясини текшириш ва синаш далолатномалари.
Кучланиши 110 кВ ва ундан юқори КТни эксплуатация қилишга қабул қилишда юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлардан ташқари, монтаж ташкилоти, буюртмачига қўшимча қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
кучланиши 110 - 220 кВ бўлган, паст босимли, мой тўлдирилган кабеллар учун кабелни ва уни тўлдириб турувчи аппаратларни юқори ижро белгисини;
тармоқларнинг барча элементлари мойини (суюқлигини) синаш натижалари ҳужжатларини;
шимдириш синовлари натижаларини;
юқори босимли мой тўлдирилган кабеллар учун қўшимча мой билан таъминловчи агрегатларни синаш ва текшириш натижаларини;
босим сигнализацияси тизимини текшириш натижаларини;
кабелни ўтказишда тортиш кучлари ҳақида далолатномаларни;
кабеллар ўтказилгандан кейин ҳимоя қопламаларини юқори электр кучланиши билан синаш ҳақида далолатномаларни;
кабелларни, муфталарни ва қўшимча мой билан таъминловчи аппаратураларнинг завод синовлари баённомаларини;
тугалловчи муфталарни автоматик қиздириш қурилмаларини синаш натижалари ҳақида ҳужжатларни;
мой тўлдирилган паст босимли кабелларнинг ва 110 кВ кучланишли пластмасса изоляцияли кабелларнинг ҳар бир фазаси ток ўтказувчи толалари ва қобиқлари (экранлари) бўйлаб токни ўлчаш натижаларини;
кабеллар сиғимини ўлчаш натижаларини;
қудуқларни ва тугалловчи муфталарни ерга улаш қаршилигини ўлчаш натижаларини;
кадастрни;
қўлланилаётган электротехник материаллар ва аппаратурага мувофиқлик сертификатларини.
156. Ҳудудида КТ яқинида ер қазиш ишлари ўтказилаётган корхона раҳбари КТнинг бутунлигини кузатиш учун жавобгар шахсларни ажратади.
157. Қарамоғида КТ бор корхона, электрлаштирилган рельсли транспорт бошқармалари ва хизматлари амалдаги Қоидалар ва НТҲ талабларига мувофиқ ердаги дайди токлар қийматини камайтириш бўйича чора-тадбирлар бажарилишини назорат қилиши шарт.
158. КТни таъмирлаш, уни кўрикдан ўтказиш ва синаш асосида ишлаб чиқилган ҳамда электр хўжалигига жавобгар шахс томонидан тасдиқланган иш жадвали бўйича бажарилади.
159. Кабелларда таъмирлаш ишларини бошлашга фақат у ўчирилганидан ва икки томонидан ерга улангандан кейин рухсат берилади.
Йиғмаларда (ячейкаларда) кабелнинг тугалловчи муфталарини (бирикмаларини) таъмирлаш йиғмалар (ячейкалар) тўлиқ ўчирилганда ва ерга уланганда бажарилади.
160. Кабель трассаларини қазиш ёки уларга яқин жойларда ер қазиш (кавлаш) ишлари, фақат КТни эксплуатация қилувчи ташкилотнинг ёзма рухсати билан ўтказилиши керак. Бунда бажарувчи барча ишлар мобайнида кабелларнинг бутунлиги устидан назоратни таъминлаши шарт. Очилган кабелларни улар осилиб қолишининг олдини олиш учун маҳкамлаш ва механик шикастланишдан ҳимоя қилиш шарт.
Иш жойларида сигнал чироқлари ва огоҳлантирувчи плакатлар ўрнатилиши шарт.
161. Қармоғида КТ бўлган корхона даврий равишда кабель трассалари ўтаётган ҳудуддаги ташкилотлар ва аҳолини ушбу трассалар атрофида ер қазиш ишларини ўтказиш тартиби ҳақида хабардор қилиши шарт.
162. КТлар электр ускуналарни СҚ ва М талабларига биноан, ўзгармас токнинг юқори кучланиши билан даврий равишда профилактик синовдан ўтиши керак.
КТларни навбатдан ташқари синаш зарурлиги, масалан, таъмирлаш ишларидан кейин ёки трассани очиш билан боғлиқ қазиш ишларидан кейин, шунингдек, КТ автоматик ўчганидан кейин тармоқ қармоғида бўлган ташкилот раҳбарияти томонидан белгиланади.
Кучланиши 110 - 220 кВ бўлган КТни синаш фақат электр таъминоти ташкилоти рухсати билан ўтказилади.
163. Кабель тармоқларини эксплуатация қилиш мазкур Қоидаларга 3-илова талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |