7-§. Техник ҳужжатларни юритиш
98. Ҳар бир корхонада электр қурилмаларни эксплуатация қилишига ижозат бериш учун асос бўлган техник ҳужжатлар бўлиши шарт.
Уларнинг таркибига қуйидагилар киради:
қурилишнинг зичлигига қараб 1:500 ёки 1:200 масштабдаги бош план; унга бинолар, иншоотлар ва ер ости коммуникациялари киритилади;
энергия билан таъминловчи ташкилот ва "Ўзэнергоинспекция" билан келишилган лойиҳа ҳужжатлари (чизмалар, тушунтирувчи ёзувлар ва бошқалар), кейинчалик киритилган барча ўзгаришлар билан;
яшириш ишларни қабул қилиш далолатномалари, электр қурилмаларни эксплуация қилишга қабул қилиш далолатномалари, электр ускуналарини синаш, ўлчаш ва созлаш далолатномалари ва баённомалари;
бирламчи ва иккиламчи электр бирикмаларнинг ишчи ижро схемалари;
асосий электр ускуналарининг техник паспортлари;
электр ускуналар, аппаратуралар ва электротехник буюмларнинг мувофиқлик сертификатлари;
электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномалар, шунингдек, ҳар бир иш жойи бўйича лавозим йўриқномалари ва меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар;
корхона электр таъминотининг умумий схемаси.
Бундан ташқари, ҳар бир цех ёки мустақил ишлаб чиқариш участкаси қуйидагиларга эга бўлиши зарур:
электр ускуналари ва ҳимоя воситаларининг техник маълумотлари, шунингдек, уларга берилган инвентар рақамлари кўрсатилган рўйхат журналига ёки паспорт карталарига (паспорт маълумотларига ёки журналларга ускуналарни синаш, таъмирлаш ва ревизия баённомалари ва далолатномалари илова қилинади);
электр ускуналари, электр қурилмалари ва иншоотларнинг чизмаларига, эҳтиёт қисмлар чизмалари комплектига, ҳаво ва кабель трассаларининг бажарилган чизмалари ҳамда кабель журналларига;
ер ости кабель трассалари ва ерга улаш қурилмаларининг бинолар ва доимий иншоотларга боғланган чизмаларига, шунингдек, улаш муфталари ўрнатилган ва бошқа коммуникациялар билан кесишиш жойлари кўрсатилган чизмаларга;
бутун корхона бўйича ва алоҳида цехлар ёки участкалар (бўлинмалар) бўйича тузилган электр таъминотининг умумий схемасига;
цехлар, участкаларда (бўлинмалар) электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш асосида эксплуатация қилиш йўриқномаларига ва ҳар бир иш жойи бўйича лавозим йўриқномаларига ва меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларга.
Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар тўплами энергетика объектининг техник архивида сақланади.
99. Эксплуатация қилиш жараёнида электр қурилмаларида амалга оширилган барча ўзгаришлар зудлик билан схема ва чизмаларда, электр хўжалигига жавобгар шахснинг имзоси, унинг лавозими ва ўзгариш киритилган сана кўрсатилиб, акс эттирилиши шарт.
Схемаларга киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотлар ушбу схемаларни билиши зарур бўлган барча хизматчилар эътиборига (тезкор журналга ёзиш билан) етказилиши шарт.
Схемаларнинг амалдаги эксплуатацияга мослиги камида 2 йилда 1 марта текширилганлиги ҳақида белги қўйилиб, текширилиши шарт.
100. Электр таъминотининг зарур схемалар тўплами электр хўжалиги учун жавобгар шахсда, унинг иш жойида бўлиши шарт.
Цех, участка (бўлинма) электр қурилмаларининг ва улар билан электр боғланган бошқа бўлинмаларнинг тезкор схемалари тўплами ушбу бўлинманинг навбатчи ходимида сақланиши шарт.
Асосий схемалар ушбу электр қурилма хонасининг кўринарли жойига осиб қўйилади.
101. Мазкур Қоидаларда кўзда тутилмаган, алоҳида ишлаб чиқариш шароитларига ёки электр қурилмаларига эга истеъмолчиларда ушбу электр қурилмаларга хизмат кўрсатувчи электротехник ходимлар учун ишлаб чиқариш хусусияти, ускуналар ва технология хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, бош муҳандис ёки корхонанинг электр хўжалигига жавобгар шахс томонидан тасдиқланган эксплуатация йўриқномалари ишлаб чиқилган бўлиши шарт.
102. Ҳар бир иш жойи бўйича лавозим йўриқномаларида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши шарт:
ушбу лавозимдаги хизматчилар учун билиши мажбурий бўлган ускуналарга хизмат кўрсатиш йўриқномалари рўйхати, НТҲ, электр ускуналарнинг схемалари;
ходимларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
юқори турувчи, бўйсунувчи ва иш бўйича алоқадор бошқа ходимлар билан ўзаро муносабатлар.
103. Электр ускуналарини эксплуатация қилиш шароитлари ўзгарган ҳолларда, йўриқномаларга тегишли қўшимчалар киритилади ва бу ҳақида ушбу йўриқномаларни билиши шарт бўлган ходимлар хабардор қилиниб, фармойишлар журналига ёзиб қўйилади.
Иш жойи бўйича лавозим йўриқномалари 5 йилда 1 марта, эксплуатация қилиш йўриқномалари 3 йилда 1 марта қайта кўриб чиқилади.
104. Ҳар бир ишлаб чиқариш участкасида, цехида тасдиқланган рўйхат бўйича йўриқномалар тўплами бўлиши шарт. Цехнинг, участканинг электр хўжалигига жавобгар шахсида йўриқномаларни тўлиқ тўплами ва тегишли ходимнинг иш жойида зарур тўплам сақланиши шарт.
105. Тезкор ходимларнинг иш жойларида (подстанцияларда, тақсимловчи қурилмаларда ёки электр ускунага хизмат кўрсатувчи ходим учун ажратилган хоналарда) қуйидаги ҳужжатлар юритилиши шарт:
тезкор схема ёки схема-макет;
тезкор журнал;
электр қурилмаларида ишларни бажаришга наряд бланкалари;
алмашлаб улаш бланкалари;
электр ускуналаридаги носозликлар журнали ёки картотекаси;
назорат ўлчаш асбоблари ва электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари рўйхатлари;
бириктирилган участкада тезкор хизмат кўрсатиш бўйича мустақил бажариладиган ишлар рўйхати;
ишлаб чиқариш йўриқномаларини ҳисобга олиш журнали;
аварияга қарши машғулотларни ҳисобга олиш журнали;
электр қурилмаларини шахсан бир ўзи кўздан кечиришга ҳуқуқи бор шахслар, тезкор фармойишлар бериш ҳуқуқига эга шахслар, энергия билан таъминловчи ташкилотнинг жавобгар навбатчилари рўйхатлари;
релели ҳимоя, автоматика, телемеханика журнали ва релели ҳимоя ҳамда автоматика ўрнатилган карталар;
фармойишлар журнали.
Маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда, тезкор ҳужжатлар ҳажми бош муҳандис ёки электр хўжалигига жавобгар шахс қарори билан тўлдирилиши ёки камайтирилиши мумкин.
106. Тезкор ҳужжатлар, назорат-ўлчов асбобларининг қайд этувчи диаграммалари, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари рўйхатлари, БАТ тезкор-маълумот комплекси томонидан шаклланадиган чиқиш ҳужжатлари қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжатларга киради ва белгиланган тартибда сақланиши керак.
Тезкор ҳужжатларни даврий равишда (корхонада белгиланган муддатларда, камида бир ойда 1 марта) юқори турувчи электротехник ёки маъмурий техник ходимлар кўриб чиқиши шарт. Уларнинг электр ускуналари ишидаги нуқсонлар ва бузилишларни бартараф қилиш чораларини кўришлари мажбурий.
Do'stlaringiz bilan baham: |