13-БОБ. ЭЛЕКТР ЎЛЧАШ ВОСИТАЛАРИ
201. Ҳар бир корхонада давлат стандартлари ва идоравий низомларга мувофиқ мажбуриятлари электр энергиясини ўлчаш ва ҳисобга олиш воситаларини даврий кўрикдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатишдан, мазкур воситаларнинг ҳолатини назорат қилишдан, текширишдан иборат бўлган метрология хизмати ёки шундай хизмат функциясини бажарувчи бўлинма ташкил этилиши шарт.
Метрология хизмати (бўлинма) "Ўзстандарт" агентлигининг НТҲ ва идоравий метрология хизмати органлари талабларига мувофиқ қиёсловчи ва таъмирловчи ускуналари ва намунавий ўлчов воситалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Мазкур хизматларнинг фаолияти давлар стандартларига ва метрологик хизмат ҳақидаги идоравий низомларга мувофиқ амалга оширилади.
202. Подстанциялар ва ТҚларда электр энергиясини ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларининг ишини, шу жумладан қайд қилувчи асбоблар ва авария режимида ёзув автоматик тезлатиладиган асбоблар ишлашининг кузатувини корхонанинг раҳбарияти (электр хўжалигига жавобгар) қарори билан аниқланган бўлинмаларнинг навбатчиси ёки тезкор таъмирловчи ходими олиб боради.
203. Электр энергиясини ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларининг ташқи элементлари бутунлиги ҳамда тозалигига улар ўрнатилган ускунага техник хизмат кўрсатувчи ходим жавоб беради.
Электр энергиясини ўлчаш ва ҳисоблаш воситалари ишидаги барча носозликлар ҳақида ходим зудлик билан корхонанинг метрологик хизмати функциясини бажарувчи бўлинмасига хабар бериши шарт.
Қайд қилувчи асбобларнинг нормал ёзувини таъминлаш бўйича ишлар билан боғланмаган электр ўлчаш воситаларини очишга фақат корхонанинг метрология хизмати функциясини бажарувчи бўлинма ходимига, таъминловчилар ёки истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб учун ўрнатилган ўлчов воситаларини эса бўлинма ходимига уларнинг вакиллари билан биргаликда рухсат берилади.
204. Иккиламчи занжирларига электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари уланган ток ва кучланиш ўлчов трансформаторларини ўрнатиш ва алмаштиришни энергия билан таъминловчи ташкилот рухсати билан уларни эксплуатация қилувчи корхона ходимлари бажаради.
Энергия билан таъминловчи ташкилот ва истеъмолчилар ўртасида ҳисоб-китоб ўтказиладиган электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари энергия билан таъминловчи ташкилот ходимлари, истеъмолчи вакили иштирокида алмаштирилади.
Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини қиёслашни "Ўзстандарт" агентлиги ёки у ваколат берган метрология хизмати амалга оширади.
205. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ишидаги барча нуқсонлар ва ишламай қолишлар ҳақида истеъмолчи-корхона зудлик билан энергия билан таъминловчи ташкилотни хабардор қилишга мажбур.
206. Энергия билан таъминловчи ташкилот қуйидагиларни пломбалаши шарт:
электр энергиясининг ҳисоб-китобини ҳисобга олиш занжирларини, ҳисобга олиш занжирларининг оралиқ клеммаларини, кучланиш занжирларининг автоматик ўлагичларини;
ток трансформаторларини иккиламчи чўлғамларини шунтлаш қисқичлари билан синаш қутиларини ва электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини алмаштириш ёки қиёслаш учун улар ўчириб қўйилганда кучланиш занжирларини уланган жойларни;
электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари уланган кучланиш трансформаторларининг юқори кучланиш тарафида сақлагичлар ўрнатилган камераси панжараларини ёки эшикларини;
электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари уланган кучланиш трансформаторлари ажратгичларининг юритма дастакларидаги мосламаларни.
Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари уланган кучланиш трансформаторларининг иккиламчи занжирларида сақлагичларни, уларнинг бутунлигини сигналли назоратисиз ўрнатиш ман этилади.
207. Электр ўлчаш воситаларини эксплуатация қилиш мазкур Қоидаларга 12-илова талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |