8-§. Хавфсизлик техникаси, ёнғин ва
экология хавфсизлиги
107. Электр қурилмаларининг тузилиши, уларни эксплуатация қилишни ташкил этиш ҳамда таъмирлашда меҳнат муҳофазаси стандартлари талабларига ва ХТҚга жавоб бериши шарт.
108. Электр қурилмаларига хизмат кўрсатишда қўлланиладиган ҳимоя воситалари, мосламалар ва асбоблар меҳнат хавфсизлиги бўйича амалдаги НТҲга мос равишда кўрик ва синашлардан ўтиши шарт.
109. Электр хўжалиги ходимлари лавозими (касби) учун мажбурий ҳажмдаги электр ускуналари ва электр қурилмаларида ишлар бажарилганда, хавфсизлик талабларини белгилайдиган меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларга амал қилишлари шарт.
110. Электр хўжалигини ҳар бир хизматчиси хизмат кўрсатилаётган ускунага тааллуқли меҳнат хавфсизлиги ва иш жойида меҳнатни ташкил қилиш талабларини билиши ва бажариши шарт.
111. Ҳар бир корхонада хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича ишлар ушбу ишларнинг хавфсиз бажарилишини ва ташкил этилишининг ягона тизимини, электротехник, технологик ва бошқа ходимларнинг функционал вазифаларини, уларнинг ўзаро муносабатларини, лавозим бўйича жавобгарликларини белгилайдиган меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими ҳақидаги низомга мос келиши шарт.
Корхона раҳбари ва электр хўжалигига жавобгарлар (бош энергетиклар, бўлим ва электр таъминоти хизмати бошлиқлари) электр хўжалиги хизматчилари учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва ходимларни электр токидан шикастланиш ҳолларининг олдини олиш бўйича ташкилий-техник ишлар учун шахсан жавобгар бўлади.
Корхоналар таркибий бўлинмаларининг электр хўжалигига жавобгарлари (электр цехи, подстанциялар, хизматлар, лабораториялар бошлиқлари, усталар ва бошқалар) хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратиш, кўргазмали қўлланма билан йўриқ бериши, ходимларга хавфсиз ишлаш усулларини ўргатиш, шунингдек, доимий равишда ускунанинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимига мос келишини назорат қилиш, ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя қилишларини ва бажарилаётган иш хусусиятидан келиб чиқиб, улар ҳимоя мосламалари, махсус кийимлар ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари қўллашларини тизимли назорат қилиб бориш бўйича ташкилий ҳамда техник тадбирларни ўтказилишини таъминлашлари шарт.
112. Ҳар бир бахтсиз ҳодиса, шунингдек, меҳнат хавфсизлиги талабларининг бузилиши ҳолатлари, уларнинг содир бўлиш сабабларини ва уларни юзага келтирган айбдорларни аниқлаш ва бундан кейин бу каби ҳолатлар такрорланмаслигининг олдини олиш чораларини кўриш учун синчиклаб текширилиши шарт.
Бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши шарт.
Бахтсиз ҳодисалар текшируви тўғри, ўз вақтида ўтказилиши ва ҳисобга олиниши, Н-1 шаклидаги далолатномалар расмийлаштирилиши ва уларда кўрсатилган чора-тадбирларнинг бажарилиши учун раҳбарлар, бутун корхона ва унинг тегишли таркибий бўлинмалари электр хўжалигига жавобгар шахслар жавобгар бўлади.
113. Электр қурилмаларида юз берган бахтсиз ҳодисалар учун хавфсизлик ёки меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқнома талабларини бевосита бузган шахслар билан бирга корхона ва унинг таркибий бўлинмалари электр хўжалигига жавобгар шахслар, шунингдек, меҳнат хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитариясини таъминламаган, меҳнат хавфсизлиги стандартларини бажармаган ҳамда бахтсиз ҳодисанинг олдини олиш учун зарур чоралар кўрмаган бошқа маъмурий-техник ходимлар ҳам жавобгар бўлади.
114. Электр қурилмаларида гуруҳли бахтсиз ҳодисалар ва оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни текшириш материаллари корхонанинг барча таркибий бўлинмалари электр хўжалиги ходимлари билан биргаликда ишлаб чиқилиши шарт. Бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун тадбирлар ишлаб чиқилиши шарт.
115. Корхона таркибий бўлинмалари электр хўжаликларининг барча ишлаб чиқариш ходимлари электр токи таъсирига тушган одамни қутқариш ва унга биринчи ёрдам беришнинг амалий усулларига, шунингдек, бошқа бахтсиз ҳодисаларда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш усулларига ўргатилган бўлиши шарт.
116. Корхонанинг ишлаб турган электр қурилмаларида бошқа ташкилотлар қурилиш-монтаж, созлаш ва таъмирлаш ишларини ўтказаётганда қурилиш-монтаж, созлаш, таъмирлаш ва эксплуатация қилувчи ходимларнинг ўзаро ҳаракатларини ҳисобга олувчи меҳнат хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, портлаш ва ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳамкорликда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши шарт.
Битта ускунада ёки иншоотда бир вақтнинг ўзида бир нечта ташкилот иш бажарганда, ишларнинг бирлашган иш жадвали тузилиши шарт. Ушбу тадбирлар ва иш жадваллари корхона электр хўжалигига жавобгар томонидан тасдиқланиши шарт.
Иш жойини тайёрлаш, ишларнинг бирлашган иш жадвалини бажариш ва меҳнат хавфсизлиги бўйича биргаликда тузилган тадбирларни бажариш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек, ишга қўйиш учун корхонанинг ва тегишли таркибий бўлинманинг электр хўжалигига жавобгар шахслари жавобгар бўлади.
Бошқа ташкилотлар раҳбарлари ушбу ташкилотлар ходимлари малакасининг мувофиқлиги учун уларнинг хавфсизлик талабларига риоя қилишлари ва ўз участкаларида меҳнат хавфсизлиги бўйича тадбирларни ташкил қилишлари ва бажаришлари учун жавобгар бўлади.
117. Корхона электр хўжалигининг ҳар бир бўлинмасида дори қутилари, дори-дармон ва тиббий воситалар бор биринчи ёрдам сумкалари бўлиши шарт.
Ходимлар соҳа меъёрларига мос равишда махсус кийим, махсус оёқ кийим ва бошқа индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари шарт.
118. Ишлаб турган ускуналар бор хоналарда (бошқарув, релели панеллар ва шунга ўхшаш қурилмалардан ташқари), очиқ ва ёпиқ тақсимлаш қурилмаларида (кейинги ўринларда - ОТҚ, ЁТҚ), қудуқларда, камераларда, электр станцияс, электр тармоқлари каналлари ва тунелларида, қурилиш майдончаларида, таъмирлаш зонасида бўлганида, шунингдек, ҳаво электр узатиш тармоқларига хизмат кўрсатаётганда ходимлар ҳимоя каскаларини кийишлари шарт.
119. Электр ускуналари, электр қурилмалари, шунингдек, улар ўрнатилган бинолар ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги Энергетика корхоналари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига жавоб бериши шарт.
120. Қонунчиликка мувофиқ корхоналар ва ташкилотларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгарлик ушбу объектлар раҳбарлари зиммасига юкланади.
121. Алоҳида цехлар, лабораториялар ва бошқа ишлаб чиқариш участкаларида ёнғин хавфсизлиги учун уларнинг раҳбарлари, улар йўқ бўлганда - уларнинг вазифаларини бажарувчи хизматчилар жавобгар бўлади.
122. Ҳар бир корхонада ёнғинга қарши режим ўрнатилган бўлиши ва ишлаб чиқариш хусусиятларини ҳисобга олувчи ёнғинга қарши тадбирлар бажарилиши шарт.
123. ЁҲҚга мувофиқ ҳар бир цехда, лабораторияда, устахонада ва корхонанинг бошқа бўлинмаларида ёнғин хавфсизлигининг аниқ чоралари ва ёнғинга қарши режим ҳақида йўриқнома ишлаб чиқилиши шарт.
Ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари ҳақида йўриқнома бўлинмалар раҳбарлари томонидан, ёнғин хавфсизлиги бўйича муҳандис - инспектор ёки корхона раҳбари томонидан буйруқ билан бириктирилган ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгар шахс билан биргаликда ишлаб чиқилади. Объектлардаги ёнғин-қутқарув бўлинмалари билан келишилади (агар у корхонада мавжуд бўлган ҳолда) ва корхона раҳбари ёки бош муҳандиси томонидан тасдиқланади. Йўриқнома кўринарли жойда осиб қўйилади.
124. Ҳар бир ишчи-хизматчи объектдаги ЁҲҚлари талабларини билиши ва қатъий бажариши, ёнғин ёки ёнғин чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларга йўл қўймаслиги, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланишни билиши шарт.
125. Амалдаги ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ёки бажармаган айбдор шахслар уларнинг қилган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари хусусиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
126. Корхона раҳбари буйруғи билан қуйидагилар белгиланиши керак:
корхонанинг барча ишчи-хизматчилари кириш, бирламчи (иш жойида), такрорий, режадан ташқари, жорий йўриқномаларидан, мухандис-техник ходимлар ҳамда ёнғинга хавфли ишларни олиб борувчилар ёнғин-техник минимуми бўйича машғулотлар ўтишлари шарт.
Бу машғулотлар корхона раҳбари тасдиқлаган дастур бўйича камида 2 йилда 1 маротаба ўтказилади.
127. Объектда юз берган ҳар бир ёнғин ёки ёниш ҳолатлари юзасидан Давлат ёнғин хавфсизлиги назорати органи томонидан терговга қадар суриштирув ўтказилади, суриштирув вақтида уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш зарур.
Корхоналарда юз берган ёнғинга электр қурилмаларининг (электр ускуналарининг) алоқаси бўлган ҳолларда, текширув комиссиясида "Ўзэнергоинспекция" ходими иштирок этади.
128. Электр қурилмаларини эксплуатация қилишда бевосита ёки билвосита атроф-муҳитга таъсир қиладиган ифлос моддаларни атмосферага чиқаришни ва сув объектларига оқова сувларни чиқаришни камайтириш ёки йўқ қилиш, товуш босимини пасайтириш ва табиий манбалардан сув истеъмолини камайтириш чоралари қабул қилиниши шарт.
129. Атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш, рухсат этилган чегаравий ёки вақтинча келишилган ташланмалар меъёридан, сув объектларига ифлослантирувчи моддаларнинг ташланиши - рухсат этилган чегаравий меъёрлардан, шовқин таъсири - ҳар бир объект учун ўрнатилган шовқин қуввати меъёридан ошмаслиги шарт.
130. Катта ҳажмдаги мойли электр ускуналарини (трансформаторларни, мойли реакторларни, ўчиргичларни ва бошқалар) эксплуатация қилувчи корхонада мойнинг атроф-муҳитга авариявий ёки бошқа ҳолда чиқиб кетишининг олдини олиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилиши шарт.
131. Электр қурилмаларини эксплуатация қилишда заҳарли чиқиндилар юзага келадиган корхоналарда уларни ўз вақтида утилизация қилиш, зарарсизлантириш ва кўмиш таъминланиши шарт.
132. Белгиланган санитария меъёрларига ва табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилишни таъминлайдиган қурилмаларсиз ёки ушбу талабларга риоя қилишни таъминламайдиган, ишга яроқсиз қурилмали электр қурилмаларини эксплуатация қилиш ман қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |