Гидрологик – географик усул табиатда сувнинг айланиши ва қуруқлик билан сувлик ўртасидаги мувозанатни бошқаришга асосланган. Бу усул асосан ер ости сувлари оқимининг барқарорлигини сақлаш ва тупроқдаги намликни кўпайтиришга қаратилган бўлиб, у ўз ичига қуйидагиларни олади:
1) дарё сувлари режимини бошқариб туриш. Бунга дарёларда сув омборлари қуриш, шу ҳисобдан сув тошқинлари хавфини бартараф этиш ва дарё суви камайиб қолган даврда сув омборидаги сувдан қўшиб бериш тадбирлари киради. Бунда баъзи жойларда ер ости сувининг сатҳи кўтарилиб, ерларнинг шўрланиши ошиши мумкин, лекин бундан келадиган зарар сув омборининг дарё сувини тартибга солишдан келадиган фойдасига нисбатан арзимас даражададир. Бундай сув омборларининг умумий сув ҳажми Ер шарида 70-йиллар бошида 100 млн. м3 бўлган бўлса, ун йил орасида бу миқдор 410 млн. м3 га чиқди. Бундай сув омборлари жумласига 90-йиллар Амударёда барпо этилган Туямуйин сув омборини ҳам киритиш мумкин;
2) ер ости сув омборлари қуриш, яъни ер ости суви ҳажмини сунъий равишда ер усти суви ҳисобига кўпайтириш. Бу усулдан сув танқислиги сезилаётган ривожланган мамлакатларда кенг фойданилмоқда. Тошқин сувлари ва корхоналарда ишлатилган сувларни тозалаб, ер ости омборларида тўплаш натижасида АҚШ да улардан суткасига 2 млрд л. тоза сув олинмоқда. Германия, Туркия ва бошқа мамлакатларда ҳам ер ости сув омборлари мавжуд;
3) экинзорларни сув билан керагича таъминлаш мақсадида тупроқнинг намлигини сақлашга имкон берувчи мелиоратив тадбирларни амалга ошириш, ўрмон ва ихота майдонларини кенгайтириш. Суғориладиган деҳқончиликда мелиорация ишларини амалга ошириш сувдан унумли фойдаланишининг муҳим усулидир. Буларга сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ёмғир усулида, томчилатиб ва намлатиб суғориш, каналларни бетонлаштириш, лоток ариқлар қуриш каби ишлар киради.
Сувдан фойдаланишга комплекс ёндашиш усули сувдан фойдаланишни режалаштиришда ерларнинг табиий хусусиятларини, ирригация, саноат, энергетика ва коммунал хўжалигининг истиқболли ривожини ҳисобга олган ҳолда сув таъминоти вазифаларини комплекс режалаштиришни кўзда тутади.
Ташкилий чора-тадбирлар сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан унумли фойдаланишда муҳим роль уйнайди. Бу чора-тадбирларга сувнинг сифатини назоратда тутиш, оқова сувларни тозалаш устидан назорат ўрнатиш, сув ҳавзаларига нефть ва бошқа ифлословчи моддаларнинг тўкилишига йўл қўймаслик, корхоналарнинг сувдан фойдаланиши устидан назорат ўрнатиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлайдиган манбаларнинг биологик, кимёвий ва бактериологик ҳолатини назорат қилиш, янги қуриладиган корхоналарнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, уларнинг тозалагич иншоотларисиз ишга туширилишига йўл қўймаслик ва шу сингари кўпгина тадбирлар киради-ки, булар пировардида сув ресурсларини муҳофаза қилишда беқиёс аҳамиятга эга.
12– Мавзу: Оқова сувларни тозалаш турлари.
Маьруза режаси
1.Механик тозалаш
2.Физик-кимёвий тозалаш
3.Биологик тозалаш
Мавзуга доир таянч иборалар: Механик тозалаш, Физик тозалаш, химик, биологик,
Ифлосланган сувлар махсус сув тозалаш иншоотлари да асован уч хил тозаланади:
а) механик тозалаш оқовани сиздириб ўтказиш, тиндириш, инерцион ажратиш, фильтрлаш ва нефтни ажратиб олиш усуллари билан бажарилади. Сиздиришда сувда эримайдиган аралашмалар кўз катталиги 5-25 мм бўлган махсус темир панжаралар ва симтўрлардан ўтказиб, қаттиқ предметлар тутиб қолинади. Тиндириш махсус ҳовузда амалга оширилади. Бунда 1,5 соатгача т индирилган сувдаги баъзи моддалар ўз оғирлиги билан сув тагига чўкади. Тиндирилган бу сув тиндиргич тагидаги тўшама (одатда донадор қумдан фойдаланилади)дан фильтрланади. Инерцион ажратиш гидроциклон-ларда бажарилади. Уларнинг иш принципи ҳавони тозаловчи циклонларга ўхшаш бўлиб, айланма сув оқимидаги баъзи ифлосликлар инерцион куч таъсирида ажралиб чиқади;
б) физик-кимёвий тозалашда сувда эримаган қаттиқ ва муаллақ моддалар ҳамда сувда эриган моддалар тозаланади. Физик-кимёвий тозалаш экстракция, флотация, оксидлаш, сорбция, коагуляция ва ион алмашиниш усулари билан бажарилади. Экстракция – аралашманинг иккита эримайдиган суюқлик (экстрагент ва оқова сув) орасидаги ажралиб ўтиш жараёни (мас., оқова таркибидаги фенол бензол ёрдамида экстракция қилинади). Флотация – оқова ифлосликларининг пастдан берилган ҳаво пуфаклари ёрдамида сув бетига кўпикланиб қалқиб чиқиш жараёни. Нейтрализация – оқова сувнинг нордонлиги ва ишқорлилиги (рН)ни кислота, оҳак, сода, аммиак кабиларни қўшиш билан тартибга тушириш жараёни. Оксидлаш – оқова сув ва ичимлик суви таркибидаги заҳарли биологик аралашмаларни хлор қўшиш билан нейтраллашга асосланган. Сорбция – сорбентлар ёрдамида сувдаги оғир металлар, углеводородлар ва бўёқларни ажратиб олиш жараёни. Сорбент сифатида кўпинча актив кўмирдан фойдаланилади. Бу ишда ёғоч қипиғи, қурум ва титан бўлакчаларидан ҳам фойдаланилади. Коагуляция – ичимлик сувига махсус кимёвий моддалар (коагулянтлар) қўшиш билан ундаги эриган баъзи ифлосликларни ажратиб олиш жараёни. Коагулянт сифатида алюминий ёки темир бирикмалари ишлатилади. Оқова сувларни тозалашда электрокоагуляция қўлланилади. Бунда оқова таркибидаги оғир металлар ва цианидлар ионлашиб, электродлар атрофида тўпланади. Ион алмашиниш – ион алмашинувчи смолалар сиртига сувни ифлословчи баъзи аралашмалар ва оғир металларни ёпиштириб олишга асосланган;
в) биологик тозалаш усули оқова сувлар таркибидаги органик ифлосликларнинг аэроб биокимёвий жараёнлар натижасида тозаланишига асосланган бўлиб, бу жараён табиий ва сунъий шароитларда амалга оширилиши мумкин. Табиий шароитда тозалаш ифлос сувни махсус майдонлардаги тупроқдан фильтрлаб ўтказишга асосланган. Бунда сувни тозалаш учун қалинлиги 80 см бўлган тупроқ қатлами кифоя. Сунъий шароитда эса оқовалар биопрудда тозаланади. Биопрудларда биофильтрлар (аэротенклар) бўлиб бу усул ҳам сувни фильтрлаб тозалашга асосланган. Бунда биопруд тагига донадор ғовак материалдан тўшалган биофильтр қатлами бўлиб, бу қатламнинг сиртида аэроб микроорганизмлар плёнка ҳосил қилади. Бу плёнка кўпинча «тирик лой» ёки «фаол балчиқ» деб юритилади. Бу ерда сувдаги органик ифлосликлар ҳам биокимёвий йул билан парчаланади ва ҳам ифлос сув донадор қаватдан сезиб ўтиб тозаланади. Биофильтр сифатда керамзит, шағал, тошқол ва донадор қумдан фойдаланиш мумкин. «Водгео» Тошкент илмий текшириш институтида ўтказилган тажрибалар кўрсатишича, керамзитдан сиздирилган сув аммоний азотидан ярим соатда 86,7%, бир соатда эса 95,6% тозаланади. Саноат оқоваларини
биотехнологик йўл билан тозалаш ҳам ижобий натижа беради. Биофильтр сифатида микроскопик сув ўтларидан (масалан, сценодесмусдан) фойдаланиб, енгил саноат оқоваларини аммиак, нитрит ва нитратлардан тозалаш мумкин. Кейинги пайтларда сувни тозалашда баъзи юқори ўсимликлар – қамиш, тростник ва эйхорния (сув гаценти)дан фойдаланиш ҳам ижобий натижалар бериши аниқланди.
Республиканинг сув манбаларидаги сувлар ўзларининг тозалиги бўйича 6 типга бўлинади:
1) тоза сувлар – буларга тоғ жилғаларининг сувлари (Пском, Оқбулоқ, Қизилсой, Тошкескен, Теракли, Оқсув ва Геледарё) киради. Бу сувларда биоген моддалар миқдори кам, минераллашиш даражаси паст, оғир металлар ва пестицидлар белгиланган меъёрдан ошмайди;
2) кучсиз ифлосланган сувлар - тоғ олди ҳудудларининг сойлари (Оқтошсой, Угам, Оҳангарон, Гавасой ва Омонқўтон сойлари, Чорвоқ ва Ҳисор сув омборлари). Бу сувларда биоген моддалар ва минераллар миқдори олдинги типдагидан кўпроқ;
3) камроқ ифлосланган сувлар - тоғ олди ҳудудлари ва текисликда жойлашган аҳоли пунктларидан оқиб ўтадиган сувлар (Чирчиқ, Оҳангарон, Норин, Қорадарё, Зарафшон (Самарқанд шаҳридан юқори қисми) дарёлари, Чимқўргон, Қайроққум ва Туямўйин сув омборлари). Бу сувларда минераллашиш, биоген моддалар ва бошқа ифлосликларнинг миқдори белгиланган меъёрдан 2-3 бараваргача юқори;
4) бироз камроқ ифлосланган сувлар - асосан дарёларнинг қуйи оқимларида учрайди (Чирчиқ дарёсининг Чирчиқ саноат мажмуидан қуйи қисмида, Қўқон дарёсининг Қўқон шаҳридан қуйи қисмида, Сиёб ва Шимолий Бағдод коллекторларида). Бу сувларда пестицидлар миқдори меъёрдан 3-5 марта, минераллашиш эса 4-5 мартагача юқори;
5) ифлосланган сувлар - шўрланган тупроқнинг сизот сувлари тўпланадиган захкашларнинг суви ҳамда саноат ва турмуш оқовалари қўшилишидан ифлосланган сувлардир. Бу сувлар асосан Амударё ҳавзасида, Оролбуйи ҳудудларида, Бухоро воҳасида, камроқ Фарғона водийсида учрайди. Бу сувларда минераллашиш меъёрдан 3-5 баравар юқори бўлиб, улар таркибида оқова сувлардаги мураккаб ифлос бирикмалар мавжуд;
6) ўта ифлосланган сувлар - аҳоли зич жойлашган ва саноати ривожланган шаҳарлар атрофида учрайди. Бу сувлар айниқса Тошкент шаҳридан оқиб ўтадиган Солор дарёсининг шаҳардан қуйи қисмида, Чирчиқ дарёсининг Солор билан қўшилгандан кейинги қисмида кўп учрайди. Бу сувларда оғир металлар меъёрдан 40-50 баравар юқори бўлиб, турли хилдаги мураккаб бирикмалар ва заҳарли моддалар миқдори ҳам кўп.
Аҳоли сонининг кўпайиши, шаҳарларнинг кенгайиши, саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши ва қишлоқ хўжалигида заҳарли моддаларнинг тобора кўп қўлланилганлиги муносабати билан кейинги йилларгача сувларнинг ифлосланиши юқорилаб келаётган эди. 1994 йил ер усти сувларининг сифатини яхшилашда бурилиш ясалди - сувларнинг ифлосланиш даражаси тўхтатилди ва баъзи жойларда ҳатто камайтиришга ҳам эришилди. Масалан, Бухоро вилоятидаги захкашлар ҳамда Амударё сувининг ифлослик даражаси бир оз пасайди. Республикада саноат оқова сувларининг йиллик миқдори 300 млн. м3 бўлиб, шундан 230 млн. м3 тозаланмасдан очиқ сув ҳавзаларга ташланар эди. Саноат эхтиёжлари учун сувдан фойдаланишда ёпиқ циклнинг ривожлантирилиши саноат оқова сувлари миқдорини камайтириш имконини берди. 1994 йилда олдинги йилга қараганда оқова сувлар 69 млн м3 га камайди.
Ер усти сувларининг сифати яхшиланиши, суғориладиган деҳқончиликда сувга нисбатан хўжасизликнинг камайтирилиши натижасида 1994 йилдан бошлаб ер суғоришдаги йиллик сув ҳаражатларининг амалдаги меъёри анча камайди. Бу кўрсаткич 1993 йилда гектарига 13,2 минг м3 ни ташкил қилган бўлса, 1994 йилда 12,6 минг м3 га тушди.
Ўзбекистонда ер ости сувларининг йиллик захираси 19 км3 бўлиб, шундан ҳар йили ўртача 9,5 км3 олиб ишлатиляпти. Ишлатилаётган бу сувнинг асосий қисмида минераллашиш 3 мг/л. дан ошмайди. Бу кўрсаткич сувнинг сифати яхшилигидан далолат беради ва шунинг учун ҳам унинг учдан бир қисми (3,43 км3) аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга, қолгани техник мақсадларга сарфланмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳолини марказлашган тартибда қувурлар орқали ичимлик суви билан таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Шу мақсадда 1990-1994 йиллар давомида 13,5 минг км сув қувурлари тортилди. 1990 йилда шаҳар аҳолисининг 81% ва қишлоқ аҳолисининг 52% марказлашган тартибда ичимлик суви билан таъминланган бўлса, бу кўрсаткич 1994 йилда шаҳарликлар учун 84% ва қишлоқ аҳли учун 58,9% ни ташкил килди. Узунлиги 210 км бўлган Дамхўжа-Бухоро сув қувурининг ишга туширилиши Зарафшон воҳасининг қуйи қисмида яшаётган аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини бирмунча ҳал қилди. Ер ости сувларининг фойдаланилмай қолаётган захираси мавжудлиги келажакда халқнинг тоза ичимлик сувига бўлган талабини кондиришда муҳим ўрин тутади.
Мавзуни мустаҳкамлашга доир саволлар
Ерда иқлим ҳосил қилишда сувнинг қандай аҳамияти бор?
Сувнинг биосфера учун аҳамияти нимада?
Сув захираларининг қандай турларини биласиз?
Сув захираларининг географик жойлашиши тўғрисида нималарни биласиз?
Инсоният барча сув захираларидан фойдалана оладими?
Асосий адабиёт
Гарин В.М. и др. – Экология для технических вузов. Ростов-на-Дону,
«Феникс», 2003
Николайкин Н.И. и др. – Экология. М., «Дрофа», 2005
Sultonov P. – Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish asoslari. Toshkent,
13– Мавзу: Литосфера. Тупроқ деградацияси
Маърузанинг режаси
1. Тупроқ, унинг табиат ва инсон ҳаётидаги аҳамияти
2. Дунё ер ресурслари ва улардан фойдаланиш
3. Тупроқ унумдорлиги пасайишининг сабаблари
4. Тупроқни муҳофаза қилиш.
Мавзуга доир таянч тушунчалар
Do'stlaringiz bilan baham: |