Банк ликвидлиги деганда нимани тушунасиз ва у қандай баҳоланади. банкнинг ликвидлилиги - банк активлар ўсишини молиялаштириши ва кўзда тутилмаган (номақбул) йўқотишларсиз мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш имконияти.
Ликвидли активларга қуйидагилар киради:
- нақд пуллар;
- соф қуйма олтин;
- банкнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) очилган ҳисобварақларидаги маблағлар;
- банкнинг бошқа банкларда очилган вакиллик ҳисобварақларидаги маблағлар;
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ва Марказий банкининг қимматли қоғозлари;
- қисқа муддатли (30 кунгача) банклараро кредитлар ва депозитлар;
- таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар ҳукуматлари ва Марказий банклари томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар, шунингдек бу мамлакатлар ҳукуматлари ва Марказий банкларига бошқа молиявий талаблар;
- «Standard & Poor`s», «Fitch Ratings» ва «Moody`s Investors Service» компанияларининг инвестицион рейтинг даражасидан кам бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тан олинадиган бошқа рейтинг компанияларнинг ушбу баҳо даражаларига тенг бўлган рейтинг баҳоларига эга, ривожланган фонд биржалари рўйхатларига киритилган, таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатларнинг етакчи компаниялари қимматли қоғозлари.
Активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш тартибини гапириб беринг. Тижорат банкларининг активлари сифатига кўра «стандарт», «субстандарт», «қониқарсиз», «шубҳали» ва «умидсиз» тоифаларга таснифланади.
Қарзларнинг ўз муддатида тўланишига шубҳа туғдирмайдиган активлар сифати «стандарт» деб таснифланади. Тижорат банки захира капитали таркибида сифати «стандарт» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг 1 (бир) фоизи миқдорида стандарт активларга яратиладиган захира шакллантириши лозим.
Тижорат банки сифати «субстандарт» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг 10 (ўн) фоизи миқдорида махсус захира шакллантириши лозим.
Тижорат банки сифати «қониқарсиз» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг 25 (йигирма беш) фоизи миқдорида махсус захира шакллантириши лозим.
Тижорат банки сифати «шубҳали» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг 50 (эллик) фоизи миқдорида махсус захира шакллантириши лозим.
Тижорат банки сифати «умидсиз» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг 100 (юз) фоизи миқдорида махсус захира шакллантириши лозим.