Кураш чоралари. Чидамли навлар яратиш ва қўллаш, экиш учун қуруқ, соғлом, фунгицид (бактерицид) билан дориланган уруғлик туганак ишлатиш, нам тупроққа экмаслик; далани керагидан ортиқ суғормаслик; алмашлаб экишни жорий этиш; ниҳоллар янги ўсиб чиққанда ва экин гуллаганда касалларини ягана қилиб, даладан чиқариб, йўқотиш; ҳосилни йиғиш, ташиш, омбохоналарга жойлаш ва сақлаш жараёнида механик жароҳат етказмаслик, уларни қуритиб, сўнгра қуруқ жойларда, 2-4°С ҳарорат ва 90-95% ҲНН да сақлаш лозим (Пересыпкин, 1982; Int. Potato Center, 1982; Вянгеляускайте и др., 1989; Бўриев ва б., 2002; Саттарова ва б., 2003). Картошкани омборхоналарда сақлаш даврида ҳўл ва бошқа чиришлар билан кураш чоралари ҳақидаги маълумотлар кейинги бобда келтирилган.
Картошка фузариоз сўлиши (фузариоз вилт)ни Fusarium oxysporum f. tuberosi ва бошқа Fusarium туркумига мансуб гифомицет замбуруғлар қўзғатади (Дьякова, 1969; Int. Potato Center, 1982). Улар иссиқсевар замбуруғлар бўлиб, бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган. Вертициллёз вилтдан фарқли ўлароқ, фузариоз картошка тез сўлишига олиб келади, бунда сўлиш ўсимлик тепасидан пастга тарқалади. Пастки барглар сарғаяди, юқори ярусдагиларида хлоротик доғлар пайдо бўлади, ўсимлик тепаси қизғиш тус олади, илдиз ва илдизпоялари чириши, ўтказувчи тўқималари мицелий билан тўлиб, тиқилиб қолиши ҳамда замбуруғ метаболитлари ўсимликни заҳарлаши сўлиш сабаблари ҳисобланади.
Картошка туганаклари фузариоз қуруқ чиришини Fusarium oxysporum, Fusarium cambucinum, Fusarium cilmorum, Fusarium solani ва баъзи бошқа Fusarium турлари қўзғатади. Картошка туганаклари ўсув даврида одатда зарарланмайди, уларнинг кўпчилиги ҳосилни кавлаб олиш, қоплаш, омборхонага ташиш ва жойлаш пайтларида зарарланади. Қўзғатувчилар механик жароҳатлар, совуқ урган жойлар, ҳашаротлар ва бошқа патоген замбуруғлар шикастлаган тўқималар орқали туганакларга киради ва зарарлайди. Зарарланган туганаклар устида олдин қайноқ сувда куйганга ўхшаш, бироз ботиқ доғлар пайдо бўлади. Улар ўсиб, катталашади, кулранг-қўнғир тус олади ва остидаги тўқималарга ва туганак ичига ўтади. Тўқималар қуруқ чириб, кукунга ўхшаб қолади, туганак ичида бўшлиқлар, каваклар пайдо бўлиб, у ерда, зарарлаган замбуруғ тури билан боғлиқ ҳолда, ҳар хил рангли мицелий (моғор) ривожланади. Туганакларнинг чириган жойлари соғлом тўқимадан аниқ ажралиб туради, уларнинг устида концентрик доиралар ва мицелий ривожланади.
Тошкент вилоятида картошка ўсув даврида фузариоз билан 24,9-43,5% га касаллангани хабар қилинган (Ҳакимов ва б., 2005).
Do'stlaringiz bilan baham: |