Касаллик қўзғатувчиси ва унинг белгилари. Фузариоз сўлиш касаллигини дейтеромицетлар синфига оид Fusarium oxysporum f. vasinfectum замбуруғи қўзғатади. Лаборатория озиқа муҳитида у вегетатив мицелий, макро- ва микроконидия ҳамда хламидоспораларидан иборат колония ҳосил қилади. Қўзғатувчининг белгилари озиқа муҳитларида уларнинг таркиби, ҳаво ҳарорати ва намлиги билан боғлиқ ҳолда ҳар хил бўлиб, мицелий юпқа парда ва момиқ-бароқ шакллари орасида ўзгаради, ранги кўпинча оч-пушти, кам ҳолларда оч-сариқ бўлади. Картошка - декстрозали муҳитида колония оқ тусли, аммо субстратга бинафша ранг пигмент ажралиб чиқиши мумкин. (Kapellman, Smith, 1981). Баъзи бошқа муҳитларда ёш колониянинг ранги пушти-бинафша, вақт ўтиши билан тўқ-қизил, охири бинафша кўкимтир тус олади; стерилизация қилинган гуруч муҳитида турғун оч-сариқ пигмент ҳосил қилади (Соловьева, 1954).
Микроконидиялар 1 ҳужайрали, рангсиз цилиндр, эллипс ёки тухум шаклли, ўлчами 5-12x2-4 мкм, кўп миқдорда субстрат устидаги мицелийда, шилимшиқ модда билан ёпишган сохта каллачаларда ёки бевосита гифаларда тўп-тўп бўлиб ривожланади. Макроконидиялар оз миқдорда, конидиофораларда ҳосил бўлади, уларнинг кўпчилиги 4, баъзилари 5 ёки 6 ҳужайрали, рангсиз, урчуқ ёки эллипс шаклли, деярли тўғри ёки бироз ўроқ каби эгилган, ўлчами 25-59x3-5 мкм, кўпинча 35-40x3,5-4,5 мкм. Конидиофоралар ҳалқасимон шохланган, оч-сариқ ёки оч-пушти тусли, бевосита мицелийда якка-якка, кам ҳолатларда даста-даста бўлиб, шилимшиқ модда билан ёпишган пионнот ва спородохийлар ҳосил қилиб ривожланади. Хламидоспоралар кўп миқдорда, гифа ўртасида ёки учида, одатда якка ҳолда, баъзида занжирларда ривожланади, калин деворчали, 1 ёки 2 ҳужайрали, диаметри 4-6 мкм (Соловьева, 1964; Соловьева, Мадумарова, 1969; Каримов, 1976; Билай, 1977; Сидорова, 1983). Замбуруғ склероций ҳам ҳосил қилиши аниқланган (Kapellman, Smith, 1981). Хламидоспора ва склероцийлар касалликка мойил хўжайин ўсимлик мавжуд бўлмаганида ҳамда қиш ва ёзнинг ноқулай ҳарорати шароитида патоген тупроқда сақланиши учун хизмат қилади.
Вилт билан зарарланган ўсимликлар фитопатологик таҳлил қилинганда, Fusarium oxysporum дан ташқари бошқа турлари ҳам ажралиб чиқиши мумкинлиги аниқланган. Жумладан F.bucharicum, F. culmorum, F. heterosporum, F. martii var.caoucasium, F.moniliforme, F. solani ва б.қ. (Гапоненко, 1965; Хохряков ва б.қ., 1966; Шапова, Григорьянц, 1971, Файзиев, 1980). F.bucharicum ғўза илдиз бўйинчасида рак, F. martii var.caoucasium -экинларда "яшинсимон" сўлиш касалликларини қўзғатиши хабар қилинган. Ғўзада фузариоз сўлишни маълум бир экологик шароитларда, бошқа Fusarium турлари ҳам қўзғатиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар (Yassin, Daffala, 1982; Сидорова, 1983) мавжуд бўлса ҳам, бу касалликнинг қўзғатувчиси сифатида фақат Fusarium oxysporum f. vasinfectum тан олинади.
Касаллик қўзғатувчисининг тур ичида табақаланиши. Fusarium oxysporum тури ичида 76 тачага махсус формалар (forma speciales ёки forma checialisata=f.sp.) баён қилинган (Booth, 1971), унинг тур ичида табақаланишини ўрганишга кўп тадқиқотлар бағишланган, аммо уларнинг натижалари кўпинча бир-бирига мос эмас.
Баъзи тадқиқотчилар бу замбуруғ ўсимликларнинг алоҳида турларига нисбатан тор ихтисослашган деб ҳисоблашади (Головин, 1953; Соловьева, 1955, 1959; Subba-Rao, Сидорова, 1983). Хабарга кўра (Сидорова, Акмурадов, 1980), замбуруғнинг 7 та формаси (vasinfectum, lucopersici, cucumerinum, cucumis, niveum, cucurbitaria, phaseoli) жуда тор ихтисослашишини намоён этиб, фақат ўзлари дастлаб ажратиб олинган экин турларини (мувофиқ равишда ғўза, помидор, бодринг, қовун, тарвуз, қовоқ, ловияни) зарарлаган.
Бошқа тадқиқотчилар (Степанова, 1962; Нигманова, 1964, 1965; Налепина, 1971) таъкидлашича, патогенда ихтисослашиш мавжуд эмас ёки кам намоён этилади. Мисол учун, замбуруғнинг ғўза, 2 тур нўхат, соя, бурчоқ, ловия, мош ва вигнадан ажратилган штаммларнинг ҳар бири тажрибада шу экинларнинг барчасини зарарлаган ва у кенг ихтисослашган тур ҳисобланади (Нигманова, 1965). Л. Н. Налепинанинг (1971) тажрибаларида замбуруғнинг ғўзадан олинган изоляти 2 тур нўхат, ловия, люпин, бодринг, қовун, тарвуз, қовоқ, карам помидорни зарарлаган; нўхат, бодринг, карам ва помидордан кам ажратилганлари эса ғўзадаги сўлиш касаллигини қўзғатган.
Учинчи гуруҳ олимлар (Убайдуллаева, 1969; Степанова, 1971; Armstrong, Armstrong, 1971, 1974, 1978) ихтисослашиш амлитудаси ва унинг барқарорлик даражаси замбуруғнинг формалари учун турлича ва кўпинча ўзгарувчан эканлигини қайд этишди. Ҳар хил экин турларини сунъий зарарлаш тажрибаларида формалар бошқа экин турларини турли даражада шикастлай олса ҳам, одатда «ўзининг» хўжайин турига энг юқори вирулентлик намоён этади. В. И. Билай (1977) фикрига кўра, Fusarium oxysporum турида жиддий ва аниқ ихтисослашиш мавжуд эмас, унинг ихтисослашган формалари эса адаптив ва ҳар хил даражада генетик барқарор бўлган таксон сифатида ҳисобланиши лозим. Fusarium oxysporum тури ичида ихтисослашиши ҳам тор, ҳам ҳар хил даражада кенг бўлган формалар мавжуд бўлиши мумкин. Юқорида айтилган мулоҳазалар асосида В. И. Билай "forma speciales" терминини эмас, балки тушунчани адаптив форма маъносида талқин килувчи «forma» терминини қўллашни таклиф қилди ва бу таклиф кўпчилик олимлар томонидан қабул килинди.
Юқорида келтирилган ва сўнгги йилларда маълум бўлган тадқиқотлар натижалари таҳлили асосида, Fusarium oxysporum умуман тор ихтисослашган, аммо унинг махсус формалари ичидаги айрим ирқлари бир неча, ҳар хил таксономик гуруҳларга мансуб бўлган ўсимлик турларини зарарлашга қодир деб хулоса қилиш мумкин. Мисол учун, ғўзага ихтисослашган махсус форма Fusarium oxysporum f. vasinfectum асосий хўжайин экиндан ташқари, бошқа - соя, тамаки, гибиск каби ўсимликларни ҳам зарарлай олиши тажрибада исботланган (Armstrong, Armstrong,1960).
Do'stlaringiz bilan baham: |