Фузариоз сўлиш
Касалликнинг географик тарқалиши. Фузариоз сўлиш ғарбий Африка, Туркия ва Австралиядан бошқа ғўза эқиладиган барча мамлакатларда, жумладан АҚШ, Миср, Судан, Танзания, Греция, Хитой, Ҳиндистонда тарқалган (Соловьева, 1954; Швер, 1964; Kapellman, Smith, 1981; Davis ва б.қ., 1996; Hake ва б.қ., 1996). Марказий Осиёда касаллик Тожикистон (Вахш водийси), Туркманистон (Мари вилояти) ва Ўзбекистонда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Бухоро, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида тарқалган; айрим ҳолларда касалликнинг экинларда тарқалиши 50-60 фоиздан 95 фоизгачани ташкил этган. Сурхондарё ва Андижон вилоятларида пахтазорлар тупроқлари кучли зарарлангани (6050-7560 пропагула/г) аниқланган (Соловьева, 1954; Справочник., 1956; Гапоненко, 1965; Каримов, 1976; Файзиев, 1980, Сидорова, 1983; Алимуҳамедов, 1989; Каримов, 1989; Кравцова, 1989; Ишмуҳамедова, 1989; Пересыпкин ва б.қ, 1990).
Касалликнинг ғўза ҳосилига таъсири. Дунёнинг барча мамлакатларида касалликка чидамли навлар яратилиб амалиётда қўлланилгунга қадар фузариоз сўлиш касаллиги ғўзанинг ингичка толали навларида ҳосилдорликни кескин камайтирувчи асосий факторлардан бири бўлгани маълум (Соловьева, 1954; Kapellman, Smith, 1981). Фузариоз сўлиши туфайли Ҳиндистонда умумий пахта ҳосили 40-60 фоизга йўқотилган (Швер, 1964). Касаллик катта талофат етказадиган минтақалар АҚШнинг жанубий-шарқий штатлари, Мисрда Нил дарёси воҳаси, Танзанияда Виктория кўлининг жанубий-шарқий қирғоқлари ва Хитой Халқ Республикасини ўз ичига олади (Kapellman, Smith, 1981). Тожикистонда катта майдонларда касаллик кучли ривожланганида 100 фоиз ниҳол нобуд бўлган. Камроқ зарарланган далаларда кўсаклар сони 38-73 фоизга, оғирлиги эса 20-50 фоизга камайган. Ҳатто чидамли навлар экилганда ҳам фузариоз сўлиш туфайли 10 фоизгача ниҳоллар йўқотилган (Соловьева, 1954). Фузариоз сўлиш Туркманистонда 1968-1972 йиллари ингичка толали ғўза экилган майдонларнинг 60 фоизида тарқалган ва катга иқтисодий зарар етказган (Сидорова, Попов, 1973).
Ўзбекистонда фузариоз сўлиш Сурхондарё (ва Қашқадарё) вилоятида ингичка толали ғўзада кенг тарқалган. Кучли зарарланган манбаларда 80-85 фоизгача ниҳоллар нобуд бўлиши кузатилган. Ғўза эқиладиган умумий майдоннинг 85 фоизи фузариоз сўлиш қўзғатувчиси билан зарарланган Сурхондарё вилоятида 1960-1978 йиллар орасида 7 мавсумда (1960-63, 1966, 1968, 1970) касаллик кучайиши кузатилган (Каримов, 1976; Мирпўлатова ва б.қ., 1980).
Кейинги йиллари фузариоз сўлиш Марказий Осиё мамлакатларида нафақат ингичка толали, балки ўрта толали ғўзани, жумладан Тошкент-1, 2 ва 3, 108-Ф, 175-Ф, Уйчи-2, АН-405, Андижон-2 ва бошқа навларни ҳам зарарлаши кузатилмоқда (Степанова, 1971; Каримов, 1976; Акмуродов, 1979; Маҳмудов, 1981; Мирпўлатова ва б.қ., 1981; Матвеев. 1984; Сапаров, 1984; Алимуҳамедов, 1989; Каримов. 1989; Кравцова, 1989, Ҳайдаров, 1989, Ишмуҳамедова, 1989). Андижон вилоятининг бир қатор туманларида (Марҳамат, Андижон, Избосган, Қўрғонтепа) 1978 ва кейинги йилларда ғўза ўсиш даврининг эртаги фазаларида ўрта толали навларнинг фузариоз сўлиш билан кучли зарарланиши аниқланган. Бу фазаларда вертициллёз вилт экинларда кузатилмаган, у фақат август ойида касал ўсимликларнинг 20 фоизида қайд этилган, қолган 20 фоизи фузариоз эканлиги таҳлилларда исботланган. Энг катта зарар ниҳоллар фазасида юз берган, баъзи далаларда уларнинг кўпчилиги нобуд бўлган. Қайта экишлар самара бермаган, чунки янгидан униб чиққан ниҳоллар ҳам нобуд бўлаверган (Матвеев, 1984; Ишмуҳамедова, 1989). Худди шундай аҳвол Тошкент вилояти туманлари далаларида хам кузатилмоқда (Каримов, 1989; Кравцова, 1989).
Шуни хулоса қилиб айтиш мумкинки, фузариоз сўлиш касаллиги ўзининг ҳар хил кўринишларида (уруғбарг ва ниҳоллар чириши, етилган ўсимликлар сўлиши) ўрта толали ғўза навларида ҳам ўз ареалини кенгайтириши ва экинларни кенг миқёсда зарарлаши, баъзи жойларда вертициллёз вилтга нисбатан кўпроқ тарқалиши ва катта зиён келтириши кузатилмоқда.
Касаллик аломатлари. Фузариоз сўлиш (фузариоз вилти, вилт) ғўзани барча ўсиш фазаларида зарарлайди, аммо ташқи белгилари, об-ҳаво шароитлари ва навлар чидамлилиги даражаларига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Уруғбарг ва ёш ниҳолларнинг барча барглари сарғаяди ёки қизғиш-сариқ, сўнгра қўнғир доғлар билан қопланади, тўкилиб кетади, ниҳол яланғоч бўлиб, қурийди. Тупроғи кучли зарарланган далаларда ниҳолларнинг кўп қисми жуда тез нобуд бўлади. Кейинроқ зарарланган ўсимликлар одатда 3-5 чинбарг фазасида, камроқ ҳолларда шоналаш бошланганда ёки гуллаганда ёхуд бир нечта кўсак чиқарганда сўлиб қолади.
Ғўзанинг 2 (ингичка ва ўрта толали) турининг ҳам етилган ўсимликларида олдин барг учи ёки ёнидаги бўлакчалари сарғаяди ва қўнғир тусга киради; вақт ўтиши билан доғ бутун баргга тарқалади, барг сўлийди, тўкилади, поя яланғоч бўлиб қурийди. Зарарланган ниҳоллар ва етилган ўсимликларнинг бўйи пасаяди. Поя бўғин оралари узунлиги камаяди. Уларнинг пояси ичидаги ўтказувчи томирлари қўнғир ёки деярли қора тус олади. Тўқ-қўнғир доғлар ғўза шохлари, барг банди ва бош томирлашда ҳам кузатилади.
Фузариоз сўлиш, вертициллёз вилтидан фарқли ўлароқ, ғўза жуда тез нобуд бўлишига олиб келади (Матвеев, 1984).
Фузариоз сўлишнинг аломатлари вертициллёз вилтиникидан анча фарқ қилади, аммо дала шароитида бу 2 та касалликни ажратиб бўлмайди ёки жуда қийин. Қўзғатувчиси турини фақат махсус микология лабораториясида замбуруғ культураси ажратиб олиниб, ўрганилгандан сўнг аниқлаш мумкин. У ҳолда ҳам, агар ажратилган замбуруғ Fusarium туркумига оид бўлса, унинг сапрофит эмаслиги ва унда сўлиш касаллигини сунъий зарарлаш тажрибаси орқали исботланиши лозим (Каримов, 1976; Мирпўлатова ва б.қ., 1981, Маҳмудов, 1981, Kapellman, Smith, 1981; Сидорова, 1983; Матвеев, 1984; Кравцова, 1989, Davis ва б.қ., 1996; Hake ва б.қ., 1996).
Do'stlaringiz bilan baham: |