Кураш чоралари. Чидамли навлар экиш, туганакларнинг ўлчами ҳаддан ташқари катта бўлиб кетмаслиги учун ўсимликлар туп сонини етарли даражада сақлаш, ўз вақтида сув бериш даркор (Int. Potato Center, 1982).
Картошка кимёвий моддалар билан жароҳатланиши. Ўғит
нотўғри қўлланилса туганакларнинг қобиғи куяди, қораяди ва туганаклар чирийди. Гербицидлар таъсирида барглар бужмайиши, уларда
хлороз ва некрозлар ривожланиши, туганаклар шакли хунуклашиши, экин ўсишда орқада қолиши ва бу жароҳатлар кейинги
йили ҳам кузатилиши мумкин. Инсектицид ва фунгицидлар нотўғри
ёки меъёридан оширилиб қўлланилса, баргларнинг четлари ва бандларининг ораси кучли даражада куяди (Int. Potato Center, 1982).
Картошка ифлосланган ҳаво билан жароҳатланиши.Олтингугурт оксиди билан зарарланган ҳавода баргларда оқ хлороз доғлари пайдо бўлади, барглар куяди ва қурийди. Офтоб нури таъсирида оксидланиб, ҳавони ифлослантирувчи моддалар олдин пастки баргларни сарғайтиради, сўнгра ўсимликни бутунлай қуритиши мумкин. Белгилари озуқа моддалар етишмаслигига ўхшашлиги туфайли, ифлосланган ҳаво билан зарарланишни ташхис қилиш жуда қийин (Int. Potato Center, 1982).
Картошка баргларининг вируссиз буралишининг сабаби
аниқ маълум эмас. Касалликни экологик факторлар, озуқа моддалар етишмаслиги, азот элементининг заҳарлилиги, вируси бўлмаган
оддий шира билан зарарланиш ва генетик факторлар қўзғатиши
эҳтимол қилинади. Касаллик одатда ҳосилни пасайтирмайди (Int. Potato Center, 1982).
Картошкада озуқа моддалар етишмаслиги кузатилганда қуйидаги белгилар ривожланади. Азот: олдин пастки барглар, сўнгра бутун ўсимлик сарғаяди, ўсиши бузилади. Бу белгилар ривожланиши даражаси азотнинг қанчалик етишмаслиги билан боғлиқдир. Азотга эҳтиёж ўсимлик ўсиши билан бирга ўсади. Баъзи шароитларда аммоний ва нитрат тузлари парчаланишида ажралиб чиққан азот экинларга заҳарлилик (фитотоксиклик) намоён этади. Фосфор: ўсимликнинг тепаси ўсиши секинлашади, бўйи пасаяди, новдалари ва пояси ингичкалашади, баъзан мўрт бўлиб қолади, барглари ичкарига букилади ва тўқроқ тус олади. Туганакларнинг ичида, юқори ҳарорат қўзғатганга ўхшаш, халқа шаклли занг доғлар пайдо бўлади. Калий: барглар тўқ-яшил, кўкиш-яшил, ялтироқ, сўнгра бронза тусига киради ва некрозлар билан қопланиб, қурийди. Туганаклар устида зич бўлмаган, қотган, баъзан ботиқ доғлар пайдо бўлади. Ўсимлик ва унинг туганаклари ҳар хил касалликларга чидамсиз бўлиб қолади. Калий етишмаслиги кўпинча енгил, ишқор билан осон ювилиб чиқадиган тупроқларда учрайди. Картошка яхши ўсиши учун тупроқда рН 5-7 орасида бўлиши қулай (Int. Potato Center, 1982; Бўриев ва б., 2002).
Do'stlaringiz bilan baham: |