Педагогик маданият ўқитувчи-тарбиячилик бурчи, масъулияти, қадр-қиммати, виждони, ахлоқий эътиқодини назарда тутиб, ўқитувчининг талабчанлиги, адолати, комиллиги, ростгўйлиги, тўғрилигини англатади. Педагогик маҳорат тизимида педагогик назокат (такт) – ўқитувчининг педагогик мақсадга мувофиқ, фойдали, қимматли ҳаракатларининг ўлчови, меъёри ва таъсир воситасининг чегараси сифатида характерланади. Педагогик маҳоратнинг қайд қилинган таркибий қисмлари ўқитувчининг касбий хусусиятларини бойитади ва уни моҳирлик сари этаклайди ва ўқитувчи - тарбиячида педагогик маҳорат малакаларининг таркиб топишига ёрдам беради. Аммо, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун фақатгина уларга таяниб, иш тутиш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Бунинг учун мунтазам равишда педагогик фикрлаш, педагогик ўйлаш, педагогик иш тутиш лозим бўлади. Бу деганимиз, ўз фаолиятини педагогик ҳодисаларни, вазиятларни таҳлил қилиш, уларнинг ҳар бир боғланиш жойларини англашга интилиш, кунлик натижаларни мустақил равишда таҳлил қилиши ва янги таълим-тарбияга доир ғояларни аввалгилари билан таққослай олишга одатланиши ҳам лозим бўлади. Асосий педагогик-психологик муаммоларни топа олиш уларни ҳал этишнинг энг қулай йўлларини топиш устида ўйлаш ҳам керак.
Педагогик маҳорат тизимида унинг асосий компонентларидан ташқари касбий хусусиятлар ҳам мавжуд. Педагогнинг касбий хусусиятларига: ўз касбини, талабаларни севиши, зийраклиги, ҳозиржавоблиги, вазминлиги, педагогик салоҳияти, тасаввури, иқтидори, ташкилотчилиги, чуқур ва кенг илмий савияси, касбий лаёқатлилиги, маънавий эҳтиёжи ва қизиқиши, интеллекти, янгиликни англай ва қўллай олиши, касбий маълумотни мунтазам оширишга интилиши ва бошқа фазилатлари киради.
Юқорида қайд этилган фикрларга асосланиб, касбий педагогик маҳоратни муайян тайёргарлик жараёнларидан иборат деб айтиш мумкин. Бу тайёргарликни шартли равишда қуйидаги йўналишларга бўлиш мумкин:
1) педагогнинг шахсий фазилатлар бўйича тайёргарлиги;
2) педагогнинг руҳий – педагогик тайёргарлиги;
3) педагогнинг ижтимоий - педагогик ва илмий – назарий тайёргарлиги;
4) педагогнинг махсус ва ихтисосга оид услубий тайёргарлиги.
Таърифда қайд этилганидек педагогик маҳорат – ўқитувчи – тарбиячининг шахсий ва касбий сифатлари йиғиндиси хисобланиб, у педагогик – психологик, методик билимлар мажмуасидан иборат бўлади. Бунинг учун, аввало:
а) ихтисослик бўйича замон, илм – фан, техника тараққиёти даражасида мукаммал маълумотга эга бўлиши, ўз ўқув фанининг кесишадиган ўқув фанлари билан боғлиқлигини таъминлаш малакасига эга бўлиши;
б) ўқув – тарбия жараёнини аниқ ташкил қила олиш ва бунинг учун муайян педагогик – психологик, методик маълумотга эга бўлиши;
в) талабани, жамоани «кўра билиш», уларнинг қизиқиши, интилишларини тушуна олиш ва ўқувчилар фаолиятида учрайдиган қийинчиликларни тушуниш ва уларни ўз вақтида англай олиш, зукколик билан ҳар бир боланинг характер хусусияти, қобилияти, иродасини англай билиш ҳамда уларга тарбиявий таъсир кўрсатишнинг шакл, усул, воситаларидан хабардор бўлиш;
г) ўз шахсий сифатлари (маданияти, ташкилотчилик қобилияти, бадиий эҳтиёжи, диди ва ҳ.к.) ни такомиллаштириш малакасига эга бўлиш керак.
Мустақил Республикамизнинг ўқитувчиси «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да қайд этилганидек юксак маънавий – ахлоқий фазилат, хулқ маданияти ва миллий истиқлол мафкурасини мукаммал эгаллаши керак бўлади. Зеро, ўқитувчи – тарбиячи юксак маънавият, ахлоқ - одоб, хулқ маданиятига эга бўлсадагина, талабаларга инсоний нуқтаи - назардан меҳрибон, саховатли бўла олади, уни ҳамма ҳурмат қилади. Бунинг учун ақл – заковатли, сахий, қатъий, иродали, кўнгли очиқ бўлиши, ўзига ва талабаларга нисбатан талабчан, меҳрибон ва хайрихоҳ, ўз шахсига танқидий нуқтаи назардан ёндаша оладиган бўлиши талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |