3. Инфляциянинг турлари. Талаб ва таклиф инфляцияси.
Талаб инфляцияси иқтисодиётда талаб кескин ошиб кетиши ва уни ишлаб чиқаришнинг реал ҳажми билан қондириш мумкин бўлмай қолган шароитларда келиб чиқади. Яъни, тўлиқ бандлиликка яқин шароитда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш имкониятлари ўсиб бораётган ялпи талабни қондиролмайди. Ортиқча талаб эса реал товарлар баҳосининг кўпайишига иқтисодий босим беради ва талаб инфляцияси келиб чиқади. Ёки, оддий сўзлар билан айтганда, «ҳаддан зиёд пуллар ҳаддан кам товарларни овлайди». Талаб инфляциясини келтириб чиқарувчи асосий сабаблар аҳолининг иш билан тўлиқ бандлиги ва иш ҳақининг ошиб бориши ҳисобланади. Демак, инфляция талаб, таклиф, иш билан бандлик, баҳо, ишлаб чиқариш суръатлари каби кўпгина омилларга боғлиқ.
Иқтисод пасайиш ҳолатида бўлганда мамлакатда жами талаб ошса, ишлаб чиқариш ҳажми кўпаяди, ишсизлик камаяди, баҳо даражаси эса деярли ўзгармайди ёки кам миқдорда ўзгаради. Баҳо ўзгармаслигининг сабаби шундаки катта ҳажмдаги бўш турган меҳнат ва хом ашё ресурларини шу ўзгармас баҳода ишга тушириш мумкин бўлади. Чунки, ишсиз юрган киши иш ҳақини оширишни талаб қилмайди, унинг учун ишга ёлланишнинг ўзи кифоя ҳамда қўшимча станок сотиб олишга ҳожат йўқ.
Бундан ташқари, баҳо ишчи кучини тўла иш билан бандлигига эришишдан олдин ҳам ошиши мумкин. Яъни, баъзи саноат корхоналарида бўш турган ресурс ва заҳираларни ишлаб чиқаришга эртароқ тўлиқ жалб қилинади, натижада улар талабнинг ўсишига мос ишлаб чиқаришга, таклифга эриша олмайди. Талаб, таклифдан кўпайиб кетади, натижада баҳо яна оша бошлайди.
Таклиф инфляцияси бу, мамлакат иқтисодиётида товар ва хизматлар таклифининг камайиши натижасида товар ва хизматлар баҳоларининг ошишидан пайдо бўлади. Бундай ҳолларда ортиқча талаб бўлмаса ҳам товарларнинг баҳолари ошиб боради. Ҳатто иш билан бандлик ва ЯИМ ишлаб чиқариш камайган йиллари товарларнинг баҳоси ошади. Жами таклиф қисқаришининг асосий сабаби маҳсулот бирлигига сарфланган харажатларнинг ўсиши ҳисобланади. Бунда номинал иш ҳақи, хомашё ва ёқилғи нархларининг ошиши натижасида ишлаб чиқариш таннархи ҳам ошади.
Таклиф инфляциясининг келиб чиқишига, шунингдек, таклиф механизмининг бузилиши ҳам таъсир қилади. Таклиф механизми эса тасодифий ҳолда асосий ишлаб чиқариш омиллари баҳосининг кескин кўпайишидан келиб чиқади. Иқтисодчи олимларнинг фикрига кўра, таклиф инфляцияси ўз-ўзини чеклайди. Ишлаб чиқаришнинг пасайиши харажатларнинг қўшимча ўсишини чеклайди, чунки ишсизликнинг ўсиши номинал иш ҳақининг аста-секин пасайишига олиб келади. Талаб инфляциясини чеклаш учун эса махсус чора-тадбирлар кўриш зарур бўлади. Инфляция даражаси юқори бўлган мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий ҳажми қисқариши билан бир вақтда номинал ҳажмининг ортиб бориши каби вазият содир бўлади. Даромадларни ишлаб чиқариш томонидан таъминланмаган ўсиши аҳоли қўлидаги пулнинг таклиф қилинаётган товар ва хизматлардан ошиқчалигига олиб келади. Бундай ҳол пул бирлигининг харид қувватини пасайтиради, бир миқдордаги пулга жорий йилда ўтган йилдагига нисбатан аҳоли камроқ маҳсулот сотиб олади, яъни, унинг реал даромади камаяди. Мисол учун, жорий йилда аҳолининг номинал даромадлари 30% га кўпайган, нархлар даражаси 50% га ошган бўлса, унда аҳолининг реал даромадлари 20% га камайган бўлади. Чунки, нархларнинг ўсиши аҳоли пул даромадларининг ўсишидан юқори бўлган (30% - 50%қ- 20%).
Инфляцияни реал даромадлар даражасига таъсири у кутилаётган ёки кутилмаётганига ҳам боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |