Мавзу: “Инфляция ва инфляцияга қарши сиёсат”
Режа
Инфляциянинг моҳияти ва ҳисоблаш усуллари.
Инфляциянинг сабаблари, пулнинг миқдорий назарияси.
Инфляциянинг турлари: талаб ва таклиф инфляцияси. Инфляциянинг ижтимоий оқибатлари.
Инфляция ва ишсизлик ўртасидаги боғликлик. Филлипс эгри чизиғи.
Аксилинфляция сиёсатининг моҳияти, воситалари. “Карахт қилиб даволаш” ва градуализм. Адаптация сёсати. Баҳолар ва даромадлар сиёсати.
Таянч иборалар: инфляция, инфляция даражаси, дефлятор, истеъмол нархлар индекси, градуализм,
1. Инфляциянинг моҳияти ва ҳисоблаш усуллари.
Инфляция ( лотинча inflatio - шишиш, бўртиш, таранглашиш) – маълум давр мобайнида мамлакатда баҳолар ўртача (умумий) даражасининг барқарор ўсиши, пулнинг харид қобилиятини узоқ муддатли пасайиши. Инфляция бозор иқтисодиётининг асосий издан чиқарувчи омиллари жумласига киради, унинг суръати қанчалик юқори бўлса, иқтисодиётга хавфли таъсири шунчалик катта бўлади. Айниқса бир иқтисодий тизимдан иккинчи бир иқтисодий тизимга ўтаётган мамлакатларда инфляциянинг иқтисодиётга таъсири анча хавфли. Чунки, бу давр нархларнинг эркинлашуви ва шунга мувофиқ уларнинг умумий даражаси кескин ошиб кетиши билан боғлиқ.
Аммо инфляция даврида барча товарларнинг баҳолари ҳам ошавермайди: айримлариники барқарор бўлиб турса, баъзилариники эса тушиши мумкин.
“Инфляция” атамаси илк бор Шимолий Америкада 1861-1865 йиллардаги Фуқаролар уруши даврида қўлланилди. Инфляциянинг атамаси муомаладаги қоғоз пул массасининг товарларнинг реал таклифига нисбатан ҳаддан зиёд кўпайиб кетиши ҳолатини изоҳланган. Аммо инфляциянинг бундай тавсифи мукаммал эмас ва унинг сабабларини очиб бермайди. Умуман олганда инфляция пул муомаласи қонунларининг бузилиши шакли сифатида макроиқтисодий мувозанатнинг бузилишини, талаб ва таклиф номутаносиблигини англатади.
Кейнсчилар мактаби намоёндалари бундай номутаносибликнинг сабаби тўлиқ бандлик шароитида талабнинг ҳаддан зиёд бўлишида деб билишади. Шу сабабли улар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси паст бўлса бюджет тақчиллиги ва қўшимча пул чиқариш йўли билан харид қобилиятини, бошқача айтганда ялпи талабни кўпайтириш инфляцияга олиб келмайди деб ҳисоблашишади.
Неоклассик ёндошув тарафдорлари инфляциянинг манбаи ишлаб чиқаришнинг ҳаддан зиёд ўсишида, ишлаб чиқариш харажатларининг кўпайишида деб билишади. Демак кейнсчилар инфляцияга талаб томонидан, неоклассиклар эса таклиф томонидан ёндошишади.
Агар иқтисодиётда товарлар ва хизматлар массаси ялпи талабга нисбатан секинроқ ўсса, ёки ялпи талаб кўпайгани ҳолда ўзгармасдан турса, бу номутаносиблик баҳолар даражасининг кўтарилиши орқали бартараф этилади. Оқибатда пул бирлигининг харид қобилияти пасаяди ва миллий иқтисодиётнинг қўшимча пул массасига эҳтиёжи пайдо бўлади.
Инфляция нафақат пул муомаласининг издан чиқиши, балки бутун такрор ишлаб чиқариш механизмининг касали, макроиқтисодий бузилишлар натижасидир. Баҳоларнинг ўсиши, пул бирлиги харид қобилиятининг пасайишидан ташқари инфляция намоён бўлишининг қуйидаги уч белгиси ҳам бор. Булар:
валюта курурсларининг ўзгариши;
кредит бериш шартларининг қимматлашув ва муддатларининг қисқариши томон ўзгариши;
кундалик эҳтиёж молларидан иборат истеъмол савати баҳосининг ўсиши.
Инфляция баҳо индекслари - дефлятор ва истеъмол нархлар индекси ёрдамида аниқланади.
Баҳолар ўртача (умумий) даражасининг нисбий ўзгариши инфляция даражаси (баҳоларнинг ўсиш суръати) деб аталади. Макроиқтисодий моделларда инфляция даражаси қуйидагича ифодаланиши мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |