Ал-Хитаба )الخطابة( жанри.Ал-хитаба жанри дейилганда, нутқ, шунингдек, омма олдида қилинган ваъзхонлик назарда тутилади. Бу жанрнинг намуналари “Ал-Ақд ал-фарид”, “Ал-Аном” муаллифларидан етиб келган асарларда ёзиб қолдирилган. Жоҳилия даврида бу жанр ҳам анча ривожланган бўлиб, қабилавий шароитнинг ўзи ҳам унинг тараққий топишига сабаб бўлар эди. Қабилаларнинг ўзаро тўқнашувлари ва низолари, бир қабиланинг бошқа бир қабила билан бирлашиб сулҳ тузиши, у ёки бу ўтлоқзорни чорва учун талашиш-буларнинг бари иш бошқарувчисининг ёнида махсус тарғиботчи- нотиқ бўлишини талаб қилар эди. Қабила нотиғи ўзининг оташин нутқи билан қабила шарафи ва нуфузини сақлашга ёки унинг ошишига хизмат қилар, қабилаларни ўзаро сулҳ тузишга ундар ёки мунозара - муноқашаларда иштирок этиб, ўз қабила аъзоларининг афзалликларини исбот қилар, ё бўлмаса бошқа қабилаларга уларнинг куч- қувватини кўрсатиб, уларни қўрқитиш учун таҳдид қилар эди. Бундай чиқиш учун ўтовлар қурилган масканларда, бозордаги майдонларда, ҳукмдорларнинг қасрлари олдида махсус жойлар ажратилар эди. Жоҳилия даври нотиқларининг хитоби (нутқи) одатда лўнда характерда бўлиб, унда ҳикматли сўз ва мақоллар қанчалик кўп ишлатилса ҳамда қофиялашга интилиш ва жумлаларга оҳанг бериш ҳолати кўп учраса, нутқ шунчалик маҳоратли саналар эди. Нотиқ қанчалик сўзамол, ҳозиржавоб бўлиб, ўз нутқини бадиий восита ва сўз санъатлари билан бойитса, атрофида мухлислари кўпаяди ҳамда у эслаб қолувчи ровийларнинг эътиборини ҳам қозонади. Жоҳиз сўзга чечан қабилавий нотиқлар ҳақида шундай ёзган: “Сўз араб учун ҳамма нарса бўлиб, у ҳозиржавоблик ва бадиҳа (импровизация)да намоён бўлади. Биринчи кўринишда у дафъатан келган илҳом самараси бўлиб, гўёки теран маъно ва фикрлашга аҳамият ҳам бермай, бор эътиборини фақат сўзга қаратади. Аммо унинг тахайюли тўғри оқимдан кетади ва қалтис вазиятлар, жангу жадаллар даврида бир жойдан иккинчисига кўчиш асосий мақсадга йўналтирилади. Ўшанда маънолар ёпирилиб келиб, афоризмлар ҳам селдай тўлиб-тошади. Шундай қилиб, яхши, чиройли сўз арабларда кўпайди ва улар уни қадрлаб, унга бўйсундилар. Уларнинг ҳар бири ичида бу сўзни такрорлаб, унга қалбидан жой ажратди, уни юксакларга кўтариб баён қилди. Нотиқлар такаллуфсиз, босимсиз, махсус талабсиз сўзни севдилар, сўз уларга осон бўлди ва улар орқали гуллаб-яшнади1”. Коҳинлар нутқи. Жоҳилия даврида бадавийлар орасида келажак ҳақида башорат қилувчи одамларнинг гуруҳи коҳинлар деб аталган. Улар қадимги арабларнинг санам ва илоҳларига хизмат қилган бўлиб, ўзлари учун ажратилган турар жойларда истиқомат қилганлар. Жоҳилия даврида коҳинларга сиғиниш диний эътиқод тусини олганлиги сабабли коҳинларнинг шахсияти ҳам муқад-даслаштирилган эди. Араблар уларнинг башорат қилиш қобилият-ларига ишонганликлари сабабли, барча ишларида, хусусан, қурбонлик қилиш, рақиблари билан тортишувлари, бирор бир нарсани талашишда ҳақларини талаб қилишда ҳам коҳинларга мурожаат қилиб, уларнинг ҳукмини кутишар эди, сўнгра уларнинг қандай башорат қилганликларидан келиб чиқиб, баҳс-мунозараларга киришар эдилар. Коҳинлар кўп ҳолларда тушларни шарҳлаб, башорат қилар эдилар. Қадимги араб жамиятида коҳинларнинг мавқеи шу даражада катта бўлганки, уларнинг башорати туфайли у ёки бу шахснинг тақдири ўзгариб кетиши, ҳаттоки уруш ҳам бошланиши мумкин эди. Мисол учун, Исфаҳонийнинг “Китаб ал-ағани” асарида келтирилган воқеа айнан шундай ҳолатга мисол бўла олади. Ҳира амирлиги ҳокими ал-Ҳариснинг ўғли, машҳур шоир Имрул Қайснинг отаси Ҳужр ва у бошқарган Бану Асад қабиласи ўртасида низо келиб чиқади ва у қабила устига юриш қилиб, уларни тор-мор қилади ҳамда қабила аҳлининг бир қисмини ўлдириб, бир қисмини Тихамага сургун қилади. Шоир Абид ибн Ал-Аббос Ҳужр олдида уларга шафқат сўраб, чиройли шеър ўқиганидан кейин Ҳужрнинг кўнгли юмшаб, уларни кечирди ва ўтлоқларига қайтишларига ижозат берди. Шу билан низо тўхташи мумкин эди. Аммо коҳин Авф ибн Робиа Бану Асадликларга мурожаат қилиб, шундай деди: “Эй, менга ибодат қилувчилар”. Улар дедилар: “ Лаббай, эй раббимиз!”.
У деди: “Ким экан бу малла подшоҳ? Ғалаба қилмасдан бўлган ғолиб. Туялар ичида у гўё бир кийик. Боши бўшдир унинг мутлақо, чунки ундан зирқираб оқмоқда қон. Эртага у биринчи бўлиб осилар дорга”.
Улар сўрадилар: “Ким у раббимиз”. У жавоб берди: “Агар юрагимда жўш урмаганда туғён, айтармидим- Ҳужр бўлганда қурбон”. Коҳиннинг айтган сўзлари таъсирида улар, ҳали тонг отмасидан, от ва туяларига миниб йўлга чиқдилар-да, Ҳужрнинг аскарларига етиб бориб, Ҳужрни ўлдирдилар. Коҳин сўзларига назар ташласак, улар лўнда ифодаланган бўлиб, башоратининг замирида қандайдир ёвузлик бор, унинг сажъда битилганлиги шу ҳиссиётни янада кучайтирмоқда1.
Коҳинлар ўзларининг нутқларида нафақат сажъдан фойдаланар, балки уни мумкин қадар ноаниқ мавҳум жумлалардан тузиб, уларни тингловчига ўзининг фаҳми ва шароитидан келиб чиқиб, талқин қилиш учун қолдирар эдилар. Бундан ташқари улар ўз нутқларида рамзлар, маъновий ишоралардан ҳам кенг фойдаланар эдилар. Коҳинларнинг ўз фикрларини очиқ-ойдин изҳор этиши башоратчилик қоидаларига зид келар эди, чунки уларнинг башоратлари ноаниқликка, тахайюлга ва ёлғонга асосланар эди. Коҳинлар юлдузларга, шамолларга, булутларга, зулматли тунга, ёрқин тонгга, дарахтларга, денгизларга ва қушларга эътиқод қилган ҳолда, уларнинг номи билан қасам ичар эдилар. Уларнинг нутқи кўп ҳолларда баландпарвоз, таъсирчан, бутпараст Жоҳилия даври одамларининг кўнглида из қолдирувчи кучга эга эди. Шундай қилиб, арабларда оғзаки наср турли жанрларда намоён бўлди, булар: ҳикматли сўзлар-афоризмлар, мақол ва матал (масал)лар, нутқий санъат-хитаба ва баёний жанр- ҳикоя (қисса)лардир. Бу жанрлар турли вазиятларда турли мақсадларда қўлланган бўлиб, улар кўнгилочар, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда ибрат вазифасини бажарар эди. Жоҳилия даври насри ўз даврининг тирик ёдгорлиги саналиб, у бадавийларнинг ҳаёти ва ахлоқи ҳақида тасаввур уйғотади. Коҳинларнинг нутқидан фарқли ўлароқ, бу наср ўзининг ифодавийлиги, қатъий шаклга эгалиги, лўндалиги, фикрнинг аниқ ифодаланиши, оҳангдорлиги билан ажралиб туради. Бу жанрларнинг баъзилари кейинги даврларда янада ривожланиб борган бўлса, баъзилари ўзгача кўриниш олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |