ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ, СИЁСИЙ ҲОЛАТ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛДА ПАЙДО БЎЛГАН ТОПОНИМЛАР
Режа:
1. Касб-ҳунар боғлиқ номларнинг мақсад ва вазифалари.
2. Савдо-сотиқ ва транспорт билан боғлиқ топонимлар:
3. Афсонавий ва диний эътиқодлар билан боғлиқ топонимлар ҳақида.
Касб-ҳунар билан боғлиқ топонимлар: Географик объектларнинг номланишида маълум ҳудудда яшовчи аҳолининг иқтисодий турмуш тарзи, ҳунармандчилик турлари, кишиларнинг хўжалик ва моддий ишлаб чиқариш фаолияти муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу турдаги жой номларининг пайдо бўлишида жамиятнинг тарихий ривожланиш даври, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий шароитларнинг ўзгариши, ишлаб чиқариш шаклларини тараққиёти муҳим аҳамият касб этади.
Бундай географик номларнинг асосий фазилати шундан иборатки, уларга қараб ишлаб чиқариш шакллари, фойдали қазилмалар конлари, касб-ҳунар турлари, деҳқончилик маданияти ва бошқа хил маълумотларни билиб олиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси халқ хўжалиги тарихи учун жуда муҳим маълумотлар ҳисобланади. Бошқача айтганда, топонимларда халқ турмушининг турли ижтимоий-иқтисодий жабҳалари, яъни аҳолининг хўжалик фаолияти, жамиятдаги кўп асрлар давомида содир бўлган тарихий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар ҳам ўз аксини топган.
Тарихий манбалардан маълумки, Ўрта Осиё халқлари қадимдан турли касб-ҳунарлар билан шуғулланиб келганлар. Шаҳар аҳолисининг асосий машғулоти, яшаш манбаидан бири ҳунармандчилик ҳисобланган. Т.Нафасовнинг ёзишича, ўтмишда шаҳар мақомига эришиш учун, унда камида 32 та касб-ҳунар тури бўлиши талаб қилинган. Касб-ҳунар номи икки хил вазифа бажарган: касб ва косиблик номи ҳамда яшаган гузари, маҳалласи, қишлоғи номи. Ўтмишдаги касб-ҳунарларнинг бир қисми йўқ бўлиб кетган бўлса ҳам, аммо улар географик номлар таркибида ҳозиргача, тарих далили, маданият ёдгорлиги сифатида сақланиб қолган.
Шаҳар ва шаҳарчалардаги маҳалла, кўча, гузар, хиёбон, бозор каби географик объектларни ҳунар-касб номлари билан аташ шарқнинг қадимий қадриятларидан бири ҳисобланади. Масалан, Душанбе шаҳрининг бир қисми Шишахона деб аталади. Археологлар бу ерда карвонсарой қолдиқлари, қадимги лаган-пиёла синиқларини топишган, демак бу ерда қадимда кулолчилик- чиннисозлик яхши ривожланган. Ўрта Осиёнинг тарихий шаҳарларида шу каби ҳунар-касбдан олинган номлар кўплаб топилади. Бу кўҳна қадрият замонавий қадриятга айланса, халқ маданияти ва маърифати маданий ёдгорлик мақомига эришган бўлар эди.
Ҳозир ҳам Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Пичоқчи, Сандиқчи, Ўқчи, Темирчи, Маҳсидўз, Парчабоф, Наққошон, Заргарлик, Қассоблик, Совунгарлик каби маҳаллий халқнинг касб-ҳунарларидан дарак берувчи номларни учратиш мумкин. Масалан, Оҳангарон номи шаҳар аҳолиси қадимдан темирчилик билан шуғуланганлигидан дарак беради. Худди шу каби Самарқанд шаҳридаги Сўзангарон маҳалласи аҳлининг асосий машғулоти игна, жувалдиз, бигиз каби маҳсулотлар тайёрлаш бўлган.
Эгарчи деб номланган маҳалла аҳолисининг ота-боболари от-улов устига уриладиган ва миниб юриш учун мосланган абзал - эгар тайёрлаш иши билан машғул бўлганлар. Эгарлар катта-кичиклиги, нақш безаклари, хомашё танланиши билан бир-биридан фарқ қилган. Эгар асосан қайрағоч, ёнғоқ, тут, ўрик, чинор каби ёғочи қаттиқ дарахтлардан ясалган. Эгарчилик ҳунари авлоддан-авлодга ўтган.
Расмий маълумотлар бўйича, ҳозир Ўзбекистонда уч юздан ортиқ касб-кор тури мавжуд. Янги пайдо бўлаётган касб-ҳунар турлари ҳам кўп ва улар ҳам жой номларини бойитиши табиий. Касб-ҳунар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлган номлар ўрта ва айниқса кичик (микро) топонимлар таркибида кўп учрайди. Республика жой номларига назар ташлаб, бошқа касб-ҳунарлар қаторида кулолчилик ҳам анча ривожланганлигини аниқлаш мумкин. Кулолон, Кулолчи, Кулоллик, Тандирчи, Косагарон, Тавоқчи каби қишлоқ ва маҳалла номлари бунга яққол мисолдир.
Жой номлари таркибида тўқувчилик касбига алоқадор қатор географик номлар учрайди ва улар тўқувчилик касби тарихи анча қадимги даврларга бориб тақалишидан далолат беради. Бахмалбоф, Гиламбоф, Буйрабоф, Парчабоф каби аҳоли пунктлари номларида маҳаллий халқни тўқувчилик касбининг «из»лари сақланиб қолган.
Тикувчилик касби ҳам халқимиз орасида кенг тарқалган соҳалардан бири бўлган. Унинг йўрмадўз, маҳсидўз, этикдўз, тоқидўз, каштадўз каби айрим тармоқларининг номлари жой номларига ўтган. Масалан, Марғилон шаҳар маҳаллаларидан бирининг номи Йўрмадўз. Йўрма каштачиликда кенг қўлланиладиган чок турларидан бири, маҳалла аҳли ўтмишда шу иш билан шуғулланган. Бухоро шаҳрида Маҳсидўзон, Чуст шаҳрида Дўзанда, Самарқанд шаҳридаги Зардўзон каби маҳалла номлари ҳам кишиларни касб-корига нисбат бериб аталган.
Тери ошлаб ундан чарм тайёрлаш билан шуғулланувчи касб эгалари кўнчи номини олган. Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби шаҳарларда, Фарғона водийсида, Хоразмда кўнчилик дўконлари кўп бўлган. Уларда қўй, эчки, қорамол, туя териларидан турли навлардаги кўн тайёрланган. Тошкент шаҳридаги Кўнчилар, Марғилон шаҳридаги Кўнчилик, Чуст шаҳридаги Чармгарон, Самарқанд шаҳридаги Чармгар маҳаллаларига шу касб номи асос бўлган.
Бундан ташқари республика топонимияси таркибида Кўмирчи, Носгар, Сангтарош, Буйрачи, Оҳакчи, Ўроқчи, Сомсапаз, Эгарчи, Тошкесар, Карнайчи ва яна юзлаб топонимларда маҳаллий халқнинг ўтмишда шуғулланиб келган турли касб-ҳунарлари ўз аксини топган. Халқнинг кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган, турли хил маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган қурилмалар асосида ҳам жой номлари пайдо бўлган. Мазкур қурилмалар номлари кейинчалик аҳоли пункти номларига ўтган, бунга Обжувоз, Тегирмонбоши, Сариосиё, Галаосиё, Қўштегирмон, Тагиосиё, Тегирмоновул, Қўшжувоз каби топонимлар мисол бўлади.
Жой номлари география тарихи учун ҳам қимматли илмий манба ҳисобланади. Масалан, Аравачи, Асалчи, Астарбоф, Атторон, Аёқчи (идиш-товоқ устаси), Бақирчи («мисгар»), Балиқчи, Бахмалбоф, Қамчинбоф, Бофанда («тўқувчи»), Бинокор, Пичоқчи, Бўзачи, Даббоқи («кўнчи»), Дасторбоф («салла тўқувчи»), Камонгарон («ўқ-ёй усталари»), Косагар («коса устаси»), Кўнчи, Мокусозон («моки устаси»), Михчагар («мих ясовчи»), Мўзадўзон («этикдўзлар»), Намадгарон («кийгиз усталари»), Олачабоф («олача тўқувчи»), Совунгар, Сартарош, Тоқадўз («дўппи тикувчи»), Читгарон («читга гул босувчилар») каби кўплаб географик номлар маълум ҳудудда яшовчи халқнинг хўжалик фаолияти ҳамда уларнинг ҳудудий меҳнат тақсимотида тутган ўрнини аниқлашда катта ёрдам беради.
Ҳунар-касб билан боғлиқ топонимлар ҳар қандай ҳудуд топонимиясининг муҳим ва ажралмас қисми саналади. Ҳозирда айрим касб-ҳунар турлари йўқолган ёки уларни ифодаловчи сўзлар жонли муомаладан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Шу сабабдан, тушунарсиз бўлиб қолган бундай жой номлари тарихийлик нуқтаи-назардан алоҳида тадқиқ қилиниши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |