Биз кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик?
Мустақиллик туфайли миллий қадриятларимиз жамият тараққиётини тезлаштириш, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш ҳамда уларни миллий ифтихор руҳида тарбиялаш қудратли тарбиявий негиз бўлиб хизмат қилмоқда.
Мустақиллик дарслари ҳам ёшларимизда ҳалоллик, поклик, меҳр-шафқат, адолат ва ҳақиқатгўйлик, ватанпарварлик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатда бўлиш, камтарлик, ор-номус каби фазилатларнинг янада ривожланишига хизмат кўрсатиши лозим.
Бирор-бир воқеа ва ҳодиса ёки тарихий жараёнга баҳо беришдан аввал, уни аввалгиси билан қиёслаш тарихчи олимлар орасида анъанага айланган. Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида гап кетар экан, мустақиллик йилларида асрга татигулик ишларнинг амалга оширилганлиги ҳақида беҳад кўп гапириш мумкин.
Бу борада қатор хорижий давлатларнинг таълим соҳаси бўйича экспертлари, мутахассислари мамлакатимизда ушбу соҳага берилаётган эътиборни бир неча бор эътироф этиб ўтдилар. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири — “ИНСЕАД” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллагани бежиз эмас.
Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг ижобий томонларини таъкидлаган ҳолда ўтган асрнинг оламшумул воқеаларидан бири –
Ўзбекистоннинг 130 йиллик қарамликдан мустақил тараққиёт йўлига ўтганлиги ва бундай муваффақиятга эришиш борасида Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида тарихий аҳамиятга молик улкан ишлар амалга оширилганлиги, халқимизнинг бошидан кечирган кечаги куни, яқин тарихимизда рўй берган воқеаларни бугунги ва келажак авлодларимизнинг онгу шуурига етказиш, шу билан бирга униб-ўсиб келаётган ёшларимизни тарих сабоқлари билан, тарих ҳақиқати билан қуроллантириш биз таълим ходимларининг асосий вазифаларимиздан биридир.
Мустақиллик тарихини ўрганишдан асосий мақсад – ёшларга “Тараққиётнинг ўзбек модели” деб ном олган ривожланиш йўлимизнинг асосий принциплари шиддатли курашлар, тинимсиз баҳс-мунозаралар ва аччиқ ҳаётий тажрибалар маҳсули эканлигини сингдиришдан иборат.
Шу орқали ёш авлоднинг истиқлол туфайли ўзлигимизни англаб, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлишимизда халқимизнинг авлодларга ибрат ва намуна бўладиган қаҳрамонликларни амалга оширганлигини англаб етишга, мустақиллигимизни қадрлаш ва уни мустаҳкамлаш учун жавобгарлик ҳиссини кучайтиришга эришилади.
Мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолгани, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллагани, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республика эканлиги ҳамда ўша даврнинг манзараси атрофлича таҳлил қилиниб, ўқувчи-ёшларга етказиш зарур.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ўз интервьюларидан бирида Ўзбекистон раҳбари этиб тайинланишини қуйидагича ҳикоя қилади: “Мен қандай қилиб Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби бўлганман? 1989 йил июнь ойи. Даҳшатли кунлар эди. Қирғинлар, ёнғинлар, Фарғона, Қўқон, Қувасой, Гулистон, Паркент, Бўка. Гўё портлаш юз бериб, буғ қозонининг қопқоғини улоқтириб ташлаганга ўхшайди. Хўрлик йилларида тўпланиб қолган алам тўлқинлари бутун республикани қамраб олди. Бошлиқлар вазиятни бошқара олмай қолди.
Мана шу бебошликларнинг ҳаммасига барҳам бера оладиган, республикани жар ёқасидан қайтара оладиган одамни қидиришмоқда эди. Изланишлар натижасида менинг номзодимга тўхталишди. Албатта, зиммамга нақадар катта масъулият олаётганимни тушунар эдим. Менинг карьерам эмас, балки ҳаётимнинг ўзи гаровга қўйилаётганини тушунар эдим. Шунчаки чиройли гап деб ўйламанг-у, аммо халқ мени тушунишига ва қўллаб-қувватлашига ишонардим. Ана шу нарса менга куч берди”1.
1989 йил 23 июнда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг Пленуми Ислом Каримовни Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби этиб сайлади.
Ўтган асрнинг 80-йилларига баҳо беришда Юртбошимиз И.Каримовнинг Ўзбекистон Компартиясининг 1990 йил 4 июнда бўлиб ўтган XXII съездида сўзлаган нутқидан парча келтириш мақсадга мувофиқ.
“Шу нарса шак-шубҳасиз ва очиқ-ойдиндирки, – дейди Ислом Каримов, – республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди. Биз бу рақамларни илгари ҳам неча марталаб айтганмиз, аммо бугун уларни яна бир бор идрок этмоқ керак. Ўзбекистон ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда (СССРда) 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст.
Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни, умуман мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилмоқда. Ойига ўрта ҳисобда 75 сўмдан камроқ ялпи даромад оладиган аҳолининг улуши СССРда 12 фоиздан сал кўпроқ бўлса, бизнинг республикамизда 45 фоизга боради. Бир миллионга яқин киши ижтимоий ишлаб чиқаришда ўзининг қўлидан келадиган ишни топа олмаяпти”.
Агар республикада қишлоқ меҳнаткашларининг иш ҳақи саноат меҳнаткашларининг иш ҳақидан анча паст эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ўша йилларда аҳолининг аксарият кўпчилик қисмининг турмуш даражаси паст эди.
Бунинг сабабларидан бири сифатида қишлоқда яшовчи 240 минг оила мутлақо шахсий томорқага эга эмасди. Чунки шахсий хўжаликлар учун ажратилган майдонлар умумий ҳайдов ерларининг 5 фоиздан ҳам камроғини ташкил этарди2.
Шахсий ёрдамчи хўжаликнинг яна бир муаммоси шундан иборат эдики, қишлоқ хонадонларининг 45 фоизи сигирларга эга эмасди. Қишлоқ оилаларининг бешдан бир қисмида ҳеч қандай чорва моллари, ярмидан кўпроғида қўй йўқ эди3. Бундай аҳвол чорвачилик маҳсулотлари етишмаслигига, унинг истеъмолининг пасайишига олиб келган (1-2 жадваллар). Бироқ, қишлоқ аҳолисининг чорва моллари боқмаслигига сабаб ем-хашакнинг йўқлиги эди.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида шахсий ёрдамчи хўжаликлар майдонини кўпайтириш чоралари кўрилди. 1989 йил август қароридан сўнг, 1990 йилдаёқ шахсий ёрдамчи хўжаликлар ихтиёрига берилган ер майдонлари 1989 йилга нисбатан
1,5 баравар кўпайтирилди4.
Do'stlaringiz bilan baham: |