Мотивларни ахборот-технологиялари асосида шакллантириш қуйидаги босқичлар асосида амалга оширилади: 1. Таълимнинг мақсадини аниқлаш ва белгилаш;
2. Ўқув мотивларининг бошланғич ўрнини аниқлаш ва ўрганиш;
3. Aхборот технологияларининг ўқувчиларда мавжуд мотивлар (ижтимоий мотивлар, билиш мотивлари ва ҳ.к)га таъсирини (айнан қайси мотивларга) ўрганиш, баҳолаш ва керакли мотивларни шакллантириш;
4. Мотивларнинг ва уни шакллантиришга қаратилган техник воситаларнинг ўқувчилар ёш ва индивидуал хусусиятларига мослигини аниқлаш асосида шакллантириш;
5. Мотивларнинг ўзгариш (камайиш, кўпайиш, доимий)лар сабабларини ўрганиш, аниқлаш;
6. Фан-техника тараққиёти, моддий техника баъзаларининг ўсиб бориши ўқувчилар мотивларининг шаклланишига таъсирини баҳолай олиш ва ижобий таъсирини ошириш;
7. Ютуқларни баҳолаш ва кейинги ишларни режалаштириш;
Aхборот-коммуникация технологиялари асосидаги дарснинг босқичлари: 1. Ташкилий босқич.
Босқичнинг психологик масаласини ечиш кўрсаткичлари:
- ўқитувчи ва ўқувчиларнинг яхши муносабатда бўлиши;
- синф ўқувчиларининг ишчанлик ритмига тез киришиб кетиши;
- барча ўқувчилар диққатини жалб этиш;
- ташкилий қисмнинг қисқалиги;
- ўқувчиларнинг ва техника воситаларининг дарсга тўлиқ тайёрлиги.
Бу босқичда ўқувчиларнинг вақти компютерга парол киритиш, сайтларни қидириш ва дастурларни ўрнатишга кетмаслиги керак. Улар фақат предмет бўйича шуғулланишлари лозим. Бундай ишларни ёрдамчи дастурчилар тайёрлаб қўйишлари керак. Ёки бу ишларни тез бажарадиган ўқувчилар ёрдам беришлари лозим.
2. Уй вазифасини текшириш босқичи.
Босқичнинг ўқув-тарбиявий масаласини ечиш кўрсаткичлари:
- бутун синф ўқувчиларининг уй вазифасини бажарганларини аниқлаш (5-7 дақиқа), оммавий хатоларни бартараф этиш;
- уй вазифасини бажармаган айрим ўқувчилардан сабабини аниқлаш;
- ўқувчиларга уй вазифасини бажармаслик келажакда умумий натижаларга таъсир этишини тушунтириш;
- уй вазифасининг мақсадлари ва ўқувчиларнинг уй вазифасини бажаришга бўлган муносабатларига қараб назоратнинг турли шаклларидан фойдаланиш.
Бу босқичда бир нечта вариантни қўллашни тавсия этиш мумкин:
- электрон уй вазифаларини уйда бажариш шарт эмас, ҳамманинг ҳам уйида компютер йўқ. Мактаб компютерларидан фойдаланиш мумкин. Электрон уй вазифаларини сақлаш кўп вақт талаб килмайди. Бундай уй вазифалари аввалдан тузиб қўйилган папкаларда сақланади;
- синов тестлари тузиш. Бу жараёнда ўқувчилар ҳам қатнашишлари мумкин.
3. Билимни текшириш босқичи.
Билимни ўзлаштириш даражасини текширганда фақат хотирани эмас, ўқувчининг фикрлашини текшириш керак. Саволлар ўқувчилар учун қизиқарли бўлиши лозим. Бунинг учун ўқув материалларига янгича ёндашув, назарий билимларни амалда қўллаш керак. Бунда ўқувчилар бир-бирларининг ишларини баҳолашлари ва ўқитувчи бу жараённи оқилона ташкил этиши муҳим ҳисобланади.