Иккидарё оралиғида қонун жуда эрта пайдо бўлган. Подшоларнинг ёзма қонунлари ҳуқуқнинг асосий манбаи бўлган. Буларнинг ичида айниқса подшо Xаммурапи қонунлари муҳим ўрин тутади. Унда жиноят ҳуқуқи, процессуал ҳуқуқ, мулк ҳуқуқининг бузилиши ва унга қўлланиладиган жазолар, суд ва суд жараёнининг айрим масалалари, никоҳ ва оила ҳуқуқи, жангчиларнинг ҳуқуқлари ва бошқа муносабатлар тўғрисида меъёрлар белгиланган.
Қадимги ҳинд ҳуқуқи ҳақидаги илк маълумотлар аввало ведалар (диний китоблар)да ва дхармашастраларда, яъни диний-ҳуқуқий, ахлоқий йўл-йўриқлар, қоидалар (дхармалар) тўпламларида келтирилган. Булардан ташқари ҳуқуқ манбалари ичида артхашастралар – сиёсат ва ҳуқуқ ҳақидаги трактлар ҳам алоҳида ўрин тутади.
Энг қадимги дхармашастралар – Гаутама, Баудхаяна, Апастамба, Васиштха кабилар дхармасутралар деган ном билан юритилиб, тахминан милоддан аввалги I минг йилликнинг иккинчи ярмида ва янги эра оралиғида пайдо бўлган. Ана шу дхармашастралар асосида милоддан аввалги II аср ва милоднинг II асрида Ману қонунлари вужудга келган. Бу кодекс ўз тузилишига кўра 12 та боб, 2685 та моддадан иборат. Ундаги меъёрлар, қоидалар икки мисрали шеърий йўл билан баён қилинган. У ўз мазмунига кўра диний, ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидан иборат. Унда ҳуқуқий меъёрлар диний ва ахлоқий меъёрлар билан қўшилиб кетган. Ману қонунларида энг аввало Ҳиндистондаги мавжуд варна тузуми мустаҳкамланган. Унда варналарнинг диний таълимот асосида келиб чиққанлиги батафсил баён қилинган, варналарнинг мерос тариқасида авлоддан-авлодга ўтиб бориши кўрсатилган, ҳар бир варнанинг вазифаси белгиланган, юқори варналарнинг имтиёзлари мустаҳкамланган.
Қадимги Ҳиндистонда одат ҳуқуқи ҳам муҳим ўрин тутган. Ҳатто дхармашастраларда урф-одатларга кўплаб ҳаволалар учраб туради.
Бундан ташқари қадимги ҳинд ҳуқуқи ривожланишининг турли босқичларида подшоларнинг эдиктлари – амр-буйруқлари ҳуқуқнинг муҳим манбаини ташкил этган.
Хитойда биринчи ёзма қонунлар Шан давлатида пайдо бўлган. Милоддан аввалги X асрда Чжоу давлатида ван – Му томонидан 3000 та моддага эга бўлган Жиноят кодекси – жазолар ҳақидаги қонуннома ишлаб чиқилган. Қадимги Хитойда милоддан аввалги 536 йилга тааллуқли “Қонунлар обзори” илк ёзма қонунларга ёрқин мисол бўла олади. Унда жиноятлар учун жазоларнинг қуйидаги бешта тури: тамға босиш, бурнини кесиш, битта ёки иккала оёғини кесиш, кастрация (ахталаш, бичиш) ва ўлим жазоси бериш назарда тутилган эди. Бу жазолар кейинчалик энг кўп тарқалган жазо турлари бўлиб қолган.
Милоддан аввалги V-IV асрларда легистларнинг илғор вакилларидан бири Ли Куй томонидан “Вей подшолиги қонунлари китоби” тузилган. У қуйидагича олтита боб: ўғрилар ҳақидаги, босқинчилар ҳақидаги, зиндонда сақлаш ҳақидаги, жиноятчиларни тутиш ҳақидаги, қатл этиш ва қийнаш қуроллари ҳақидаги қонунлардан иборат.
Шуни айтиб ўтиш керакки, ёзма қонунларнинг пайдо бўлиши одат ҳуқуқи меъёрларининг тугатилишига олиб келмади. Қадимги Хитой давлати ривожланишининг барча босқичларида одат ҳуқуқи муҳим ўрин тутиб, ижтимоий муносабатларнинг кўп томонларини, жумладан, ер муносабатларини тартибга солиб турган.
Do'stlaringiz bilan baham: |