Шахсга қарши жиноятларда аввало шахснинг ҳаётига қарши жиноятларга эътибор берилган. Xаммурапи қонунларининг 1-моддасига биноан бировни одам ўлдиришда ёлғондан айбловчиларга нисбатан ўлим жазоси назарда тутилган, 3-моддасига кўра ёлғон кўрсатма бериш оқибатида биров учун ўлимга маҳкум этилиш хавфини туғдирган шахслар ҳам ўлимга маҳкум этилган.
Xаммурапи қонунларида эҳтиётсизлик натижасида одам ўлдириш тўғрисида аниқ меъёрлар ўрнатилган. Масалан, омонат иморат қурган қурувчи бундай иморатнинг бузилиши ёки босиб қолиши натижасида уй эгаси ўлса, қурувчи ҳам ўлимга маҳкум этилган (229-модда); агар бунинг натижасида уй эгасининг ўғли ўлса, қурувчининг ҳам ўғли ўлдирилган (230-модда); агар уй босиб тушиши натижасида уй эгасининг қули ўлса, қурувчи қул учун бошқа қул берган (231-модда). Агар табиб-жарроҳ эҳтиётсизлик қилиб касални ўлдириб қўйса ёки кўзини кўр қилиб қўйса, унинг қўли кесилган (218-модда). Агар бундай ҳолда касал қул бўлса, қул учун қул берган (219-модда). “Агар авилум мушкенунинг кўзини чиқарса ёки суягини синдирса, 1 мина кумуш жарима тўлаган” (198-модда). “Агар авилум авилумнинг тишини синдирса, унинг ҳам тиши синдирилган” (200-модда).
Мисрда отасини ўлдирган фарзанднинг танасидан гўштларини суғуриб олиб, сўнгра тиканларга ётқизганлар, ундан кейин ёқиб юборганлар. Одам ўлдириш ва баъзи ҳолларда ёлғон хабар бериш учун ҳам ўлим жазоси назарда тутилган.
Ману қонунларида қасддан одам ўлдириш учун ўлим жазоси назарда тутилган. Ўзини ҳимоя қилиш, қурбонликка аталган тухфаларни қўриқлаш, аёлларни ва брахманларни ҳимоя қилиш чоғида одам ўлдириш учун жазо белгиланмаган (Ману қонунлари, VIII боб, 349-модда). Булар зарурий мудофаа сифатида кўрилган. “Қотилларни ўлдириш – очиқ ёки яширинча бўлсин – ҳеч қачон гуноҳ ҳисобланмайди” – деб эълон қилинган (Ману қонунлари, VIII боб, 351-модда). Брахманни ўлдириш энг оғир жиноят ҳисобланган. Бироқ брахман одам ўлдирса, ўлим жазосига маҳкум этилмаган, бундай ҳолда у мамлакатдан ҳайдаб юборилган. (Ману қонунлари, VIII боб, 230-модда).
Қадимги ҳинд ҳуқуқий ёдгорликларида тан жароҳати етказиш ҳаракат билан ҳақорат қилиш сифатида кўрилган. Артхашастра “сўкиш, шарманда қилиш ва тажовуз қилиш” кабиларни сўз билан ҳақорат қилиш деб ҳисоблаган (III боб, 18-модда). Қонунларда кишиларнинг нафақат ҳаёти, соғлиғи, балки қадр-қиммати ҳам табақа – варнага мансублигига қараб ҳимоя қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |