Ички ишлар органи ходимининг қасамёди. Ички ишлар органларидаги хизматга биринчи марта қабул қилинган фуқаролар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:
«Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), ички ишлар органларидаги хизматга кирар эканман, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги бурчимни ва зиммамга юклатилган мажбуриятларни виждонан, сидқидилдан бажаришга ваъда бераман.
Ватанимга ва Ўзбекистон халқига содиқ бўлишга қасамёд қиламан».
Ички ишлар органларининг ходимлари. Ички ишлар органларида хизмат қилаётган, махсус унвон берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ички ишлар органининг ходимидир.
Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ҳамда формали кийим-бош намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган «Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом»).
Ички ишлар органи ходимига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, белгиланган намунадаги хизмат гувоҳномаси ва жетон берилади.
Ички ишлар органи ходими эгаллаган лавозими, турган жойи ва вақтидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бошлиғининг (командирининг) буйруғига биноан исталган вақтда хизмат мажбуриятларини бажаришга киришиши ҳамда қуйидаги чораларни кўриши шарт:
жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда ёки ҳодисалар жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа хил ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;
одамларни қутқариш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, уларни содир этган шахсларни ушлаш, ҳодиса жойини қўриқлаш ҳамда унга фуқаролар ўзларининг шахсий хавфсизлигига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеалар тўғрисидаги хабарлар билан мурожаат қилган ёхуд бевосита ўзи шундай воқеаларга дуч келган тақдирда энг яқиндаги ички ишлар органлари бўлинмасига хабар бериш.
Ички ишлар органи ходимининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:
лавозим мажбуриятларини бажариш ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш;
хизматни (жанговар хизматни) ўташ;
хизмат сафарида ёки даволанишда бўлиш;
кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли ички ишлар органлари (ҳарбий қисм) ҳудудида бўлиш;
хизмат, даволаниш жойига бориш ёки улардан қайтиш;
йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этиш;
асирликда бўлиш (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган ёки ушлаб қуролсизлантирилган ҳолатда бўлиш;
бедарак кетиш - ходим қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар;
шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар;
қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш;
суд томонидан ходимнинг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.
Do'stlaringiz bilan baham: |