Таянч иборалар: Халқаро иқтисодий ташкилотлар, ташкилотлар таснифи, Бирлашган миллатлар ташкилоти, Бутунжаҳон савдо ташкилоти, халқаро ташкилотларнинг иқтисодий роли.
11-мавзуга қисқача хулоса:
Жаҳон иқтисодиётида халқаро ташкилотларнинг ўрни жуда муҳим саналади. Чунки улар ўзлари таркибида турли гуруҳ ва давлатларни бирлаштира экан умумий мақсадларни кўзлаган ҳолда ҳаракатланиш имконини беради. Шунингдек халқаро ташкилотлар жаҳон хўжалигини ҳамкорликда тартибга солиш ва мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Ҳозирда дуёда сезиларли мавқега эга бўлган 100 дан ортиқ халқаро ташкилотлар мавжудбўлиб, улардан асосийлари сифатида БМТ тизимидаги халқаро ташкилотлар, Бутунжаҳон савдо ташкилоти, йирик халқаро банк ва молиявий ташкилотлар (ХВФ, ЖБ, ЕТТБ, ОТБ, ИТБ) ҳамда нодавлат ва ноҳукумат ташкилотларни келтириш мумкин.
Назорат учун саволлар:
Халқаро иқтисодий ташкилотлар қандай таснифланади?
БМТ ва БМТ тизимидаги ташкилотларнинг жаҳон хўжалигидаги роли қандай?
Халқаро ҳудудий ташкилотлар ва уларнинг функционал вазифалари нималардан иборат?
ЖСТ га аъзо бўлиш босқичларини характерлаб беринг.
12-МАВЗУ. ЖАҲОН ХЎЖАЛИГИНИНГ ГЛОБАЛЛАШУВ ЖАРАЁНЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИШТИРОКИ
12.1.Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари
12.2. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши буйича Ҳаракатлар стратегияси
12.3. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида халқаро иқтисодий
ташкилотлар билан ҳамкорликнинг таъсири
Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари
Бутунги кунда мамлакатимиз улкан территорияга, кўп миллионли аҳолисига, турли-туман ресурсларга эга бўлсада, у бошқа мамлакатлар билан доимий ва белгиланган иқтисодий алоқаларга эга бўлмасдан туриб, якка ҳолда ривожланишнинг юқори чўққиларига эриша олмайди.
Ўзбекистоннинг жаҳон хўжалик алоқаларига қўшилиш жараёни объектив тузилмавий шарт-шароитлар етилган ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг хўжалик механизми ислоҳ қилина борган сари босқичма-босқич ривожланмоқда.
Миллий иқтисодиётнинг жаҳон хўжалигига муносиб тарзда кириб боришига йўналтирилган стратегия республиканинг иқтисодий салоҳиятига асосланиши реал вазиятидан келиб чиққан ҳолда туғилади ва у давлатимизни сиёсий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадларига эришишга қаратилган.
Жаҳон хўжалик алоқаларининг моддий-ашёвий асосларини у ёки бу минтақавий гуруҳлар ёхуд иттифоқларга бирлашган мамлакатларнинг интеграциявий салоҳияти ташкил қилади.
Мамлакатнинг интеграцион салоҳияти деганда, фикримизча, халқаро иқтисодий интеграциянинг алоҳида томонлари-субъектлари амалга оширадиган халқаро ишлаб чиқариш-иқтисодий ҳамкорлик ва алмашув предмети бўлган миллий табиий, меҳнат, ишлаб чиқариш, молия-кредит, савдо ресурслари, илмий ходимлар ва одамларнинг ақлий қобилияти мажмуини тушуниш зарур. Ўзбекистоннинг интеграцион алоқаларини жадаллаштиришга хизмат қиладиган омиллар ва шароитлар орасидан республика интеграцион салоҳиятининг қуйидаги аниқ-равшан устунликларини санаб ўтиш мумкин:-Ўзбекистоннинг Евроосиё қитъасидаги қулай геостратегик жойлашуви;
ер, минерал-хом ашё ва ўсимликларнинг анча катта заҳираси, шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қулай бўлган тенги йўқ тупроқ-иқлим шароитлари;
муҳим ташқи савдо ва экспорт салоҳияти;
тегишли давлатлараро коопрециялашув ва биргаликдаги инвестициялар мавжуд бўлганда анча қисқа муддатлар ичида тайёргарликнинг юқори даражасига эга рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилишга имкон берадиган йирик ишлаб чиқариш салоҳияти;
инсонлар салоҳияти, тез кўпайиб бораётган меҳнат ресурслари, шунингдек, нисбатан арзон (жаҳон миқёсида олиб қараганда) иш кучининг мавжудлиги;
ривожланган ишлаб чиқариш инфратузилмаси, биринчи навбатда республикани МДҲнинг бошқа минтақалари билан боғлаб турадиган, автомобил ва темир йўл магистраллари, телекоммуникация тизимининг мавжудлиги;
республикада чет эл капиталини инвестиция қилиш, ўзаро фойдали ташқи иқтисодий ва интеграцион ҳамкорликнинг яхши кафолати бўлган барқарор сиёсат.
Юқорида кўрсатилган позициялар бўйича миллий иқтисодиётнинг бозор иқгисодиётига ўтаётган шароитида мамлакат интеграциявий салоҳиятидан самаралироқ фойдаланиш учун бу салоҳиятнинг ҳозирги ҳолатига баҳо бериш керак.
Биринчи навбатда, бу потенциалнинг таркибий қисмлари бўлган геостратегик жойлашув, табиий-хомашё ва меҳнат ресурслари, шунингдек экспорт имкониятлари кабиларни тавсифлаш лозим.
Республика ноёб табиий бойликларга, кудратли иқтисодий ва илмий-техникавий, ақлий ва маънавий салоҳиятга эга. Тарихнинг ўзи Ўзбекистоннинг ўрнини Ғарбни Шарқ билан, Жанубни Шимол билан боғлайдиган Евроосиё йўллари чорраҳасида белгилаган. Бизнинг Республикамиз Евроосиё иқтисодий ва маданий кўприги бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу кўприк доирасида товарлар, технологиялар, сармоялар ва маданий қадриятларнинг харакати ва алмашуви учун яхши шароит яратилган.18
26 миллиондан ортиқрок аҳолиси бўлган Ўзбекистон жўғрофий жиҳатидан ҳам, сиёсий жиҳатидан ҳам Марказий Осиёнинг ўзагини ташкил этади. Дунёдаги энг қадимий цивилизациялардан бири мана шу минтақада пайдо бўлган. Қадим замонларда Буюк Ипак йўли шу ердан ўтган. Халқимизнинг тарихи ўз илдизлари билан асрларга бориб тақалади ва уч минг йилдан кўпроқ даврни ўз ичига олади. Қадимий Турон, Мовароуннахр, Туркистон ҳудудида равнақ топган давлатлар жаҳон маданиятини ривожлантиришда ёрқин из қолдирган.
Тошкент, Самарканд, Бухоро, Хива шаҳарлари жуда қадим замонлардан дунёга машҳур бўлган. Олис асрларда бу шаҳарлар Хитойдан Испаниягача, Европадан Ҳинд океанигача алоқа боғлаган, Бундан кўриниб турибдики, ўтмиш аждодларимиз азалдан ташқи дунё халқлари билан ҳар тарафлама халқаро алоқаларни ривожлантириб келган.
Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиши ва унинг жаҳон хўжалиги тизимига интеграциялашуви, ўз навбатида унинг салоҳияти, дунёда тутган мавқеи билан характерланади.
Ўзбекистон табиий ресурсларга бой ўлка. Мамлакат ҳудудида 2 2700 дан ортиқ фойдали қазилма бойликлари кони мавжуд, улардан 900 га яқини ўзлаштирилган.
Ўзбекистоннинг келажаги қимматбаҳо қазилма бойликлари, рангли ва ноёб металлар, органиқ ёнилғиларнинг барча турлари - нефть, табиий газ ва газ конденсати, кўмир, уран, қурилиш материалларининг кўплаб турлари ва бошка конларни ўзлаштириш билан боғлиқ.
Қатор фойдали қазилмалар - олтин, табиий газ, вольфрам, калий тузи, фосфоритлар, каолинларнинг аниқланган заҳиралари ва истиқболли лойихалари бўйича Ўзбекистон нафақат МДҲда, балки дунё миқёсида ҳам етакчи ўринларни эгаллайди.
Ўзбекистон казиб олинадиган олтиннинг умумий хажми бўйича дунёда саккизинчи ўринни, уни аҳоли жон бошига ишлаб чикариш бўйича эса бешинчи ўринни эгаллайди; республика 30 га яқин олтин конлар аниқланган. Мурунтодаги олтин конларини (микдори ва сифати бўйича) Колондайк (АҚШ), Витватерсранд (ЖАР), Колар (Ҳиндистон) сингари жаҳондаги энг йирик конлар билан бир қаторга қўйиш мумкин. Мустақиллик шарофати туфайли, олтин заҳираларини ўзи тасарруф этиш имкониятига эга бўлган Ўзбекистон, жаҳон олтин бозорида ҳам тенг хуқуқли ҳамкор бўла олиши мумкин.
Бутун Марказий Осиё минтақаси бўйича газ конденсати заҳираларининг 74 %, нефтнинг 31 %, табиий газнинг 40 %, кўмирнинг 55 %и Ўзбекистон хиссасига тугри келади. Табиий газ қазиб олиш бўйича республика МДҲ мамлакатлари ичида учинчи ўринда ва дунёдаги бу соҳанинг кучли етакчи 10 мамлакатлари қаторида туради.
Ўзбекистон Марказий Осиёда ва МДҲ доирасида пахта етиштирувчи асосий мамлакат бўлиб ҳисобланади. Агар бутун Марказий Осиё мамлакатлари 2 млн. тонна пахта толаси етиштирса, унинг 1,4 млн. тоннаси ўзбек толасидир. Ўзбекистон пахта толаси етиштириш бўйича дунёда туртинчи ўринда, уни экспорт қилиш бўйича эса иккинчи ўринда туради.
Ўзбекистон газ узатиш тизими МДҲ давлатларининг ягона газқувур тизимига киради. У Марказий Осиё, Россия ва Украина каби Европа давлатларига газ узатиш техник имконияти билан биргаликда 9 та бош газ транспорт тармоғи нафақат Ўрта Осиё учун, МДҲнинг Европа кисми давлатлари ва Кавказорти учун ҳам умумдавлат аҳамиятига эга.
Республикада юк ва йўловчиларни мамлакат ичкарисида ва ташқари ташишни МДҲ, яқин ва узок хориж мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни таъминловчи тармокланган транспорт тизими шаклланди. Ўзбекистон Козоғистон республикаси билан мустаҳкам транспорт алоқасига эга. Бу алоқа орқали республикамизнинг Россия, Хитой, Осиёнинг бошка давлатлари ва Тинч океани региони автойўлларига чиқиши таъминланади. Ўзбекистоннинг бевосита иштирокида Трансосиё магистралининг бир қисми ҳисобланган, Жанубий-Шарқий Осиёни Ғарбий Европа билан туташтирадиган ва Транссибирь магистралидан 1500 км қисқа бўлган Тажан-Серахс-Машхад янги йўли ишга туширилди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларига Поти порти орқали Европа билан боғланиш имкониятини берувчи Туркманистон ва Транскавказ йўли орқали ўтган транспорт йўлаги ўзлаштирилди.
Республика автомобиль йўллари тармоғи ривожланишининг асосий кўрсаткичлари бўйича МДҲ мамлакатлари орасида етакчи ўринда туради. Мавжуд автомобиль йўллари республика ҳудудди орқали Киргизистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, улар орқали эса Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари йўлларига транзит юк ва йўловчиларнинг узлуксиз ўтишини таъминлайди.
Ўзбекистон миллий авиакомпанияси Боинг- 747, А-310, Ил-86, ТУ-154 ва бошқа шу каби замонавий ҳаво лайнерларига ва маҳаллий йўлларга мўлжалланган кўп миқдордаги ҳаво кемаларига эга.
Хозирги вақтда Ўзбекистон МДҲнинг бир неча йирик шаҳарлари ва жаҳоннинг 20та давлати:АҚШ, Германия, Буюк Британия, Швейцария, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони, Исроил, Жанубий Корея, Сингапур ва бошқа давлатлар билан бевосита хаво йўллари орқали боғланган.
Мавжуд транспорт ва телекоммуникацион тармокларнинг ривожланиши, Ўзбекистоннинг дунё микёсидаги нуфузини оширмокда ва унинг халқаро алоқаларини янада кучайтирмокда.
Саёҳатни ривожлантириш учун имкониятларимиз жуда катта. Республика ҳудудида 4 мингдан ортиқ меъморлик ёдгорликлари мавжуд. Уларнинг кўпларини ЮНЕСКО ўз муҳофазасига олган.
Ўзбекистоннинг халқаро бозорга мустақил суръатда чиқиши ва дунё хўжалигига интеграциялашуви шароитларида унинг бошланғич иқтисодий салоҳияти жаҳон хўжалигига самарали қўшилиш истиқболларига умид қилиш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |