с Одамзот маънавий-рухий оламини мунаввар этиш ва ақлни оқилона изга буриб юбориш муаммоси и. Она-табиат эволюцион тараққиёти натижасида ақлли мавжудот – одам деб аталадиган бир тур вужудга келиб, у аввало ҳайвонлар устидан тўласича ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Эндиликда Ер биосферасини кескин ўзгартирищ палласига кирди. Бу ҳол Одамзотнинг биосфера истиқболи ва ўз тақдири олдида масъулияти ниҳоятда ошиб кетишига сабаб бўлди. Бинобарин, она-табиат тараққиёти янги босқичи бошланганини ҳар бир индивид англаши, шунга мувофиқ фаолият йўналишини белгилай олиши учун инсон руҳини поклаш ялпи умумий ҳаракатини вужудга келтириш зарурати пайдо бўлмоқда.
Одамзот ўзини ижтимоий мавжудот сифатида намоён этиши унинг биологик моҳиятидан келиб чиқади: а) одам мия ҳажми ўз танасига нисбатан барча ҳайвонларникидан катта; б) мия иланг-пиланглари зич; в) мия ҳужайралари хромосомалари ҳар қандай ривожланган ҳайвонларникидан йирик; г) тил, тафаккур ва меҳнат туфайли унинг онги прогрессив ривожланиш майлига эга бўлганлиги билан фарқ қилади.
Ҳайвонлар биргаликда яшаш учун кураш жараёнида «гала онги» шаклланиб, улар феъл-атвори, ҳатти-ҳаракатларида умумий йўналишлар ҳосил этишига эътибор қаратган эди. Ибтидоий одамлар ҳам гала-гала бўлиб яшаш учун курашиш оқибатида, юқоридаги биологик омилларга кўра, ҳайвонларникидан юқорироқ «одам галалари онги» вужудга келиб, товуш, қиёфа, тана ҳаракати, ҳайқириқ тиллари орқали ривожланиб борди ва нутқ тили унсурлари пайдо бўлди. Натижада узоқ тарихий даврда инстинктлар ўрнини аста-секин одоб-аҳлоқ маромлари эгаллай бошлади. Мия ҳажмидаги миқдор ўзгаришлари сифат ўзгаришларини ҳосил этди ва одам зоти шу палладан бошлаб чин маънодаги ижтимоий мавжудотга айлана бошлади.
Ижтимоий мавжудот сифатида одамнинг фаолият кўрсата бошлаши ибтидоий жамиятларни вужудга келтирди. Одам зоти жамият бўлиб яшаш учун ҳатти-ҳаракат, феъл-атвор ва фаолиятда умумий аҳлоқ маромлари белгиланиши, унинг бажарилишини назорат эта оладиган самарали ижтимоий мурват (социал механгизм)лар керак эди. Ана шу ижтимоий эҳтиёжлар туфайли бифуркация ходисаси сифатида дунёнинг турли минтақаларида бир-биридан ажралган ҳолда ва бир-биридан шаклан фарқланадиган маънавий-ахлоқий мухит вужудга келди. Уруғ-қабилачилик муносабатларини тартибга солишда рухсат ва тақиқ тизимлари мифологик дунёқараш асосида шаклланди. Уруғ-қабила аъзолари шахсий, гуруҳий манфаатларини умумий манфаатларга бўйсундиришлари уларнинг шу система таркибида яшашларининг шарти эканлиги уларнинг онгига мафкуравий воситалар орқали сингдирилди. Оқибатда уруғ-қабилачиликка асосланган жамиятлар маънавий-ахлоқий муҳити таъсирида шаклланган индивидлар рухий олами ўша муносабатларга монанд тарзда қарор топди.
Одамзот ақл-заковати ривожланган сари ижтимоий муносабатлар уруғ-қабилачиликнинг тор доирасига сиғмай қолди. Элатларнинг шаклланиши билан янгича ахлоқ маромларига эҳтиёж пайдо бўлди. Натижада ҳар бир соҳани назорат қилиб борадиган олий ибтидолар – худолар борлиги тўғрисидаги ғоялар мафкуравий воситалар орқали индивидлар онгига сингдирилиб, умумий феъл-атворларни шакллантирадиган маънавий-ахлоқий муҳит вужудга келиб, давлат унсурлари пайдо бўла бошлади.
Турли элатларнинг ихтиёрий ёки мажбурий бирлаштириш оқибатида одам-олам муносабатларига янгича қарашлар вужудга келиб, яккахудочилик ғоялари илгари сурилди. Бу ғоянинг мафкура воситалари орқали одамлар онгига сингдирилиб, динларнинг муқаддас китобларида белгиланган одоб-аҳлоқ маромларига риоя қилиниши оқибатидагина одам бу дунё ва «у дунё»да ўз бахтини топа олиши тўғрисидаги тасаввурлар мустаҳкамланди. Ҳар бир жамиятдаги маънавий-ахлоқий мухит асосан диний жамоа ва рухонийлар раҳбарлигида белгиланиб, инсон рухи шу асосда барқарор бўлишидан ўша давр давлатлари ҳам манфаатдор бўлди.
Бироқ, аввало ИТТ, ХХ асрнинг бошларидан аста-секин ривожланиб, ушбу асрнинг ўрталарида кенг қулоч ёзиш палласига кирган ИТИ туфайли турли минтақалардаги халқлар, элатларнинг анъанавий турмуш тарзи таъсирида шаклланган жаҳон динлари асосида қарор топган маънавий=ахлоқий мухит издан чиқа бошлади. Эндиликда Ғарб оламида бошланган ва «оммавий маданият»га асосланган турмуш тарзи шарқ халқлари ҳаётига ҳам шитоб кириб келмоқда. Иқтисодий. сиёсий, савдо-сотиқ, техника ва технология ҳамда маданий алоқаларнинг интенсив тус олиши натижасида глобаллашув жараёни тобора кенгайиб бормоқда.
ИТИ туфайли Она-табиат ўз тараққиётининг янги юқори босқичига ўтгани, иккинчи томондан глобаллашув жараёни шитоб кетаётгани одам-олам муносабатларига янгича ёндашувларни, шунга мувофиқ янгича турмуш тарзини қарор топтиришни тақоза этмоқда. Ақл-идрок салоҳиётини фақат умумбашарий манфаатларни рўёбга чиқариш томонга оғдириб, инсон руҳини поклаш учун мафкуравий имкониятлардан тўласича фойдаланиш муаммоси инсониятдан ўз ечимини топишни кутмоқда.