Яна бир марта қайтарамиз!
Реал экспериментни ўтказишни иложи бўлмаганда, тадқиқотчилар хаёлий (ақлий) экспериментга мурожаат қиладилар, унинг афзалликларидан фойдаланадилар.
Хаёлий экспериментда тасаввур қилиш кучи билан онгда объектни модели ҳосил қилинади, модель турли шароитга қўйилади, фикран унга таъсир кўрсатилади.
Хаёлий эксперимент ўтказиш жараёнида тадқиқотчи фанда ишлаб чиқилган тамойиллар, қонунлар, доимийликлар, тушунчалар ва қоидалардан фойдаланади, моделни сунъий шароитга қўйиб “таъсир” кўрсатиш жараёнида уларни (доимийликлар ва қийматларни) ҳисобга олади. Бу ақлий экспериментни қуруқ хаёл, фантазия бўлишидан сақлайди.
Фан тарихидан маълумки, олимлар хаёлий эксперимент усулидан фойдаланиб, объектнинг кўринмас, идрок қилиб бўлмайдиган хоссаларини кашф этганлар (Галилей, Макевелл, Эйнштейн Н.Бор ва бошқалар).
Самарали билиш усулларидан бири математик экспериментдир. Уни ўтказиш катта харажат талаб қилмайди, қисқа вақт ичида амалга оширилади. Моделнинг холатини назорат қилиш мураккаб муаммо эмас.
Математик эксперимент асосини ўрганилаётган объектнинг математик моделини тузиш ташкил қилади. Экспериментда модель параметрлари ва қийматларига физик ёки бошқа турдаги маъно берилади, у математик қийматларда ифодаланган сунъий шароитга қуйилади.
Эксперимент олдига қуйилган вазифа математик масалага айлантирилади. Масала алгебраик формула ва топологик шакллар мажмуаси бўлиб,унинг хисоб ва ечим алгоритмлари, шартлари белгиланган бўлади.
Эксперимент жараёнида математик модель устида олиб борилган ҳисоблар натижаси қайта ишлаб чиқилади, олинган қийматлар ва рақамлар таҳлил қилинади, хулоса чиқарилади.
Компьютерли эксперимент ўзида хаёлий ва математик эксперимент, моедллаштириш ва аналогия усулларида мавжуд бўлган афзаллик ва устун томонларни бирлаштиради.
Компьютерли экспериментни асоси- бу дастурда ифодаланган, аниқроғи унда мужассамланган сунъий ақлдир. Дастур (сунъий ақл) кўрсатма, алгоритм, фрейм ва слотлардан иборат бўлган тизимдир.
Компьютерли экспериментда модель графика ва анимация ёрдамида турли шароитга қўйилади, таъсир ўтказилади, натижа таҳлил қилинади.
Эксперимент қилинаётган модель фрейм, слот ва алгоритмик кўрсатмалардан иборат бўлиб, унинг ҳолати ва структурасига назорат остида бўлган таъсир ўтказилади. Оқибатда олдин маълум бўлмаган хосса, боғланиш ва қийматлар аниқланади, олинган ахборот таҳлил қилинади.
Компьютерли эксперимент табиий, техник ва ижтимоий-гуманитар фанларда самарали усул сифатида кенг татбиқ қилинмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |