Фан ўзининг ижтимоий вазифаларини бажариш, шу орқали жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун маълум структурага эга бўлиши, унинг структурасига кирган тузилмалар самарали фаолият кўрсатишлари керак. Шундай структуралар қаторига илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари, илмий-техник таъминот бўлимлари, илмий ахборот коммуникациялари ва бошқалар киради.
Шу билан бирга, яна бир муҳим омилни инобатга олишимиз зарур. Яъни, фан маълум ижтимоий муҳитда ривожланади. Бу ерда биринчи навбатда давлатни фанга нисбатан олиб бораётган сиёсати, яратилаётган шароитлар, моддий ва маънавий таъминот даражаси кўзда тутилмоқда. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳатлар амалга оширилаётган шароитида Республика Президенти, давлат органлари томонидан фаннинг ташкилий структураси, олий малакали илмий кадрлар тайёрлаш тизими қанчалик замон талабига жавоб беришига қараб уларни такомиллаштиришга қаратилган фармонлар ва қарорлар қабул қилинмоқда . Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июнда эълон қилинган «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда фан ва илмий-техникавий ривожланишни янги босқичга кўтаришдаги роли ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидламоқчимиз.
Фаннинг ташкилий структурасини шаклланишида ички омиллар ва жараёнлар катта роль ўйнайди. Унинг структурасида илмий интеллектуал фаолият соҳасидаги меҳнат тақсимоти ўз ифодасини топади. Хусусан, бир соҳада амалий- лойиҳавий ва технологик муаммолар биринчи ўринда туради. Шунга мувофиқ илмий-амалий ва технологияга оид изланишлар лойиҳавий тадқиқот институтларида, йирик корхоналар тасарруфида бўлиб лабораторияларда амалга оширилади. Фанлар Академияси ва университетларда кўпроқ фундаментал назарий тадқиқотлар олиб борилади. Бундай тармоқланиш ва соҳавий ихтисосланиш илмий тадқиқотлар самарадорлигини кескин ошириш имкониятини беради.
Фаннинг ташкилий структурасига тарихан ёндашса, унда Платон академияси, Аристотель лицеони, Александрия шаҳридаги Музеон (милл.аввал. III асрда асос солинган), Маъмун академияси, Мирзо Улуғбек академияси, XVII асрдан бошлаб Европада вужудга келган академиялар ва университетлардаги бўлимлар, лабораторияларни қайд қилиш мумкин.
Айтиб ўтганимиздек, фаннинг ташкилий структураси билан олиб борилаётган тадқиқотларнинг шакли ва турлари ўртасида алоқадорлик мавжуд. Олий ўқув юртларда тадқиқот йўналиши ва мавзуларни танлаш, изланишларни олиб бориш, олинган натижаларни бирламчи баҳолаш кафедраларда, уларга қарашли лабораторияда амалга оширилади. Соҳавий фундаментал ва мақсадли комплекс илмий тадқиқотлар Фанлар академияси, илмий-тадқиқот институтларда олиб борилади. Йирик корпорация ва фирмалар қошида мавжуд бўлган илмий-техник бўлимларда асосан экспериментал – технологик изланишлар амалга оширилади. Шунга кўра, фаннинг ташкилий структураси қуйидаги институционал тузилмаларда ўзига хос тарзда мужассамланган:
Фанлар академияси, ундаги институтлар, бўлимлар ва секторлар;
Университет фани;
Илмий-тадқиқот институтлари;
Йирик корхона ва фирмаларда мавжуд бўлган илмий-техник бўлимлар, лабораториялар;
Тармоқлараро илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари, корхоналари.
Шундай қилиб, ҳозирги замон фан илмий-тадқиқот ишларини ташкил қиладиган, ички меҳнат тақсимотига эга бўлган, буюртма, молиявий таъминот ва грантлардан фойдаланиб билимлар, лойиҳалар ва технологик тузилмаларни ишлаб чиқарадиган, ўз-ўзини бошқариш ва меҳнатни ташкил қилиш қонун-қоидаларга эга бўлган ижтимоий институтдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |