Тасаввуф назариётчилари. Тасаввуф фалсафаси ва унинг Марказий Осиёдаги оқимлари. Тасаввуф ислом оламидаги халқларнинг ижтимоий-фалсафий, маданий-маънавий ҳаётида кенг тарқалган, энг муракаб ҳамда ўзаро зиддиятларга тўла ғоявий оқимлардан бири саналиб, пайдо бўлишининг биринчи асрларида (IX-X) бидъат таълимотлар қаторига қўйилган, унинг тарғиботчи ва ташвиқотчилари беаёв қувғин этилган, баъзилари шафқатсиз қатл этилган.
Кўпчилик муаллифларнинг фикрича, тасаввуф, арабча «суф» сўзидан суфий сўзи ясалган. Суфийлар – аксар қўй жунидан тўқилган чакмон ёки пўстин кийиб юрувчи дарвешлардир.
Тасаввуфнинг йирик назариётчилари орасида қуйидагилар алоҳида ўрин тутадилар: Роби’а (VIII аср), Иброҳим ибн Адҳам (VIII аср), Боязид Тайфур ал-Бистомий (ваф. 875-878), Абу Бакр аш-Шибли (X аср), Ҳусайн ибн Мансур ал-Ҳаллож (922 й. қатл эт.), Фаридиддин Аттор (ваф. 1230), Жалолиддин Румий (XIII аср), Қодирийа тарикатининг асосчиси Абдул Қодир ал-Жилоний ёки Гилоний (1077-1166), Кубравийа тариқатининг асосчиси Надмиддин ал-Кубро (1145-1221), Ибн ал-Арабий (ваф.1260) ва бошқалар.
Тасаввуф – бу ислом доирасидаги алоҳида сирли, диний-фалсафий дунёқараш бўлиб, унинг вакилларининг фикрича, инсон ўзининг шахсий руҳий тажрибаси воситасида худо билан бевосита руҳий алоқа (мушоҳада ёки қўшилиш) ўрната олади. Бунга жазава (экстаз) ёки ички порлаш (озарение) йўли билан эришиш мумкинки, дил порлаши юрагида худога нисбатан муҳаббати бўлган ва шу ишқ билан Худо «йўли» дан бораётган инсонга осмондан туширилади.
Суфий-пантеист (худо билан табиатни бирдай деб ҳисобловчи)лар Қуръонни сўзма-сўз шарҳлашни рад қилиб, Худони билишда илмни ўзи яхширок ёрдам беради деб ҳисоблар эдилар. Бу қараш илк ислом тарафдорлари томонидан душманлик билан кутиб олинди. Тасаввуф бидъат ақида деб эълон қилинди ва унинг мухлислари таъқиб остига олиндилар.
Пантеистик нуқтаи назарда турган суфийлардан биринчиси Ал-Бистомий эди. Суфий Ҳусайн ибн Мансур Ҳаллож эса «Анал ҳақ» («мен-ҳақиқат», «Мен Худо») шиорини ўртага ташлаб, шуни исботлашга уриндики, у Худо билан «қўшилиб» кетган. Бундай даъво илк ислом ақидаларига бутунлай қарши бўлиб, Пайғамбар ва Қуръоннинг барча «муқаддас»лигини йўққа чиқарар эди. 922 йилда Ҳалложни бидъатчи сифатида Бағдодда пора-пора қилиб, ўтда ёқдилар.
Тасаввуф Марказий Осиёда кенг тарқалган эди. У айниқса Ғаззолий, Аҳмад Яссавий (XI аср), Нажмиддин Кубро, Сулаймон Боқирғоний (XII аср), Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқалар номи билан боғланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |