Зокиржон Фурқатнинг маърифатпарварлик қарашлари унинг «Илм хосияти», «Ақл мажлиси хусусида», «Виставка хусусида» ва бошқа машҳур шеърларида ўз ифодасини топган. У маданиятнинг оташин тарғиботчиси эди. Европа маданиятига катта аҳамият бериб, илғор халқлар сафидан жой олиш учун ёшларни билим эгаллашга чақиради.
Хуллас, XIX-XX аср бошларидаги илғор шоирлар, ёзувчилар, тарихчилар ва жамоат арбобларининг ижоди комил инсон, эркин жамият ҳақидаги ғояларни ривожлантирди ва мустамлакачиликка қарши кураш ғояси йўлидаги илғор миллий тафаккурнинг шаклланишида фалсафий асос бўлиб хизмат қилди.
Жадидчилик - XIX аср охири - ХХ аср бошидаги кўплаб Шарқ мамлакатларидаги миллий-тараққийпарвар зиёлиларнинг ислоҳотчилик ҳаракати. Бу ҳаракат Ўрта Осиё халқларининг маданий, миллий-сиёсий жиҳатдан ривожланиши учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. "Жадидлар" деган номнинг ўзи "усули жадид" ("Янги усуллар") тушунчаси асосида келиб чиққан. Бу атама остида ўқитишнинг янги усуллари тушунилар, янги усулдаги мактаблар шу асосда қурилган эди.
Беҳбудий фалсафада фақат исломий анъаналарнинг билимдони эмас эди. У ўз асарларида тез-тез О.Кант меросига мурожаат қилади, позитивизм, неокантчилик, неохегелчилик, махизм каби Европа фалсафасининг янги оқимлари билан жиддий қизиқади.
Исломий билим беришга йўналтирилган анъанавий таълим тизими шароитида Беҳбудий табиий ва ижтимоий фанларнинг кенг мажмуини ўзлаштиришни ҳам ўқув дастурига киритишни қаттиқ туриб талаб қилади. Бу билан у рационализм анъанасини қайта тиклашга интилади. Мутафаккир, хусусан, тарих ва географияни ўрганиш зарурлигига катта эътибор қаратади. Беҳбудий ўз халқининг равнақини нафақат таълим-тарбия, айни пайтда, мустақиллик туфайли унинг сиёсий мақомидаги туб ўзгаришлар билан боғлайди.
Жадидчиликнинг яна бир ёрқин намояндаси М. Беҳбудийнинг кичик замондоши Абдурауф Фитрат (1886-1937) эди. Фитрат илк ижодининг марказий ғояларидан бири бу – «ҳаёт» ғояси. Ҳаёт - бутун Коинотнинг асоси. Ҳаёт бўлмаса, ҳеч нарса бўлмас эди. Хўш, ҳаёт нима? Фитрат уни Аллоҳ томонидан яратилганлигини таърифлаш билан бирга уни сезги ва ҳаракатларнинг намоён бўлиши тарзида баҳолайди. Ҳаёт оддий, ҳайвоний шакллардан то олий, инсоний ҳаётгача тадрижий равишда ўсиб боради. Мукаммал «ҳаёт ғояси» динда мужассам. Фитрат нуқтаи назарича, жамият эволюцияси Худо томонидан режалаштирилган. Ҳар бир муайян жамият учун Худо пайғамбар ва дин юборади.
Одоб-ахлоқ масалалари Шарқ фалсафасида ҳамиша асосий ўрин тутиб келган. Улар жадидчилик доирасида ишлаб чиқилган шаклда Абдулла Авлоний (1878-1934) ижоди, биринчи навбатда, унинг «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» асарида2 ўз аксини топди.
Авлоний шахснинг шаклланишида тарбия етакчи роль ўйнашига алоҳида урғу беради. Унинг нуқтаи назарига кўра, инсон истеъдодли ва иқтидорли, эзгулик ва ёвузликни фарқлашга лаёқатли қилиб яратилган, лекин бу хусусиятлар тарбия жараёнида ривожланади ва бунда ахлоқ муҳим роль ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |