65-модда. Қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш
Ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли содир этилган қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб топилса, жиноят содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли жиноят содир этган шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб топилса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
1. Жиноят қонуни ҳам ижтимоий ҳаётда, ҳам ҳуқуқ соҳасида муҳит ўзгариши мумкинлигини кўзда тутади ва бу жиноий жавобгарликка тортиш ва жазони қўллашга таъсир ўтказмай қолмайди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят қонунининг инсонпарварлик принципларидан бири жиноий қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишдир.
Шарҳланаётган моддада жавобгарликдан озод этишнинг икки мустақил, лекин маъно ва мазмун жиҳатдан жиноий жавобгарликдан озод қилишда бир-бирига яқин бўлган асослари кўрсатилган:
* шароит ўзгарганлиги туфайли қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини йўқотиши;
* шароит ўзгариши билан шахснинг ижтимоий хавфлилигини йўқотиши.
Биринчи ҳолатда содир этилаётган вақтда ижтимоий хавфли бўлган қилмишнинг ўзи кейинчалик бу хусусиятини йўқотади. Иккинчи ҳолатда эса ижтимоий хавфли қилмишга йўл қўйган шахс эндиликда жамият учун ҳеч қандай ижтимоий хавф туғдирмайди. Ҳар иккала ҳолда ҳам ижтимоий хавфлилик тавсифи шарт-шароит ўзгариши натижасида йўқолади.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми, ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли содир этилган қилмиш ёки жиноят содир этган шахс ўзининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб топилса, жиноят содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги кўзда тутилган.
Содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини йўқотишига оид шарт-шароитнинг ўзгариши тушунчаси бутун мамлакат ёки муайян минтақа миқёсида жамият ҳаёт фаолиятининг барча жабҳаларида рўй берган туб ўзгаришларни англатади.
Шарт-шароит ўзгариши кенг кўламли бўлиб, биргина муайян қилмишнинг эмас, балки шу турдаги барча қилмишлар ижтимоий хавфини йўқотишига олиб келиши шарт. Масалан, мамлакат ёки муайян минтақада фавқулодда вазият бекор қилинганидан сўнг фавқулодда ё ҳарбий вазиятда жиноят деб топилган барча қилмишлар ўз ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотади.
3. Шароитнинг ўзгариши деганда, объектив воқеликнинг ўзгариши боис содир этилган жиноятнинг янги ижтимоий шароитларда ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги тушунилади. Айни вақтда шароитнинг ўзгариши бутун давлат миқёсида, шунингдек, маълум бир ҳудудда ҳам бўлиши мумкин. Масалан, ғайриқонуний равишда таъқиқланган жойда балиқ овлаш ижтимоий хавфли ҳисобланиб, Жиноят кодексининг 202-моддасига кўра, жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Бироқ, балиқ миқдорининг кўпайиб кетиши ёки емиш танқислиги шароитида муайян жониворларнинг қирилиб кетиш хавфи пайдо бўлиши туфайли бундай жойларда балиқ тутиш ва ов қилиш расмий равишда рухсат этилган бўлса, ушбу рухсатдан сўнг бу қилмишлар ўз ижтимоий хавфлилик тавсифини йўқотади ва бундай ҳаракат жиноят ҳисобланмайди. Шу билан бирга шуни ҳам унутмаслик керакки, агар жиноят содир этилганидан сўнг жиноят қонуни енгиллаштирилган ёки умуман бекор қилинган бўлса, у ҳолда айбдор шахс Жиноят кодекси 65-моддасига биноан шарт-шароит ўзгариши оқибатида эмас, балки Жиноят кодекси 13-моддаси иккинчи қисмига кўра яъни қонуниннг орқага қайтиш кучи қоидасига мувофиқ жиноий жавобгарликдан озод этилади.
4. Шахс ёки қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотиши сабабли айбдорни жиноий жавобгарликдан озод қилиш муайян ижтимоий муносабатларнинг декриминализация қилиниши, деб ҳисоблаш учун асос бўла олмайди.
Қилмишни жиноий жабҳадан чиқариш, унинг асосларидан қатъи назар, шу жумладан қилмиш ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги туфайли ҳам, жиноий жавобгарликнинг ўзини инкор этади. Масалан, Жиноят кодекси 187-моддаси Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси қонуний ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, улардан баъзиларини кучини йўқотган деб эътироф этиш тўғрисида"ги Қонуни асосида бекор қилинган. Декриминализацияда жиноят таркиби - объекти бўлмаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмайди. Бунда шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар мавжуд бўлмайди.
5. Шароитнинг ўзгариши туфайли қилмишнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб баҳоланиши дастлабки тергов ва суд идоралари томонидан амалга оширилади. Бунда мазкур асосларга кўра баҳолаш қилмиш содир этилган вақтда эмас, балки фақат ишни тергов қилиш ёки судда кўриш пайтида амалга оширилиши кераклигини унутмасликлари шарт. Ҳукм эълон қилингандан кейин ЖК 65-моддасини қўллаб жавобгарликдан озод қилиш мумкин эмас. Чунки қонунда фақат ишни тергов қилиш ва судда кўриш пайтидаги шароитнинг ўзгарганлиги асос қилиб олинган.
6. Суриштирув ёки судда кўриш вақтига келиб, - деган тушунча жиноий жавобгарликдан озод этишнинг ушбу асоси тергов ёки суд ишига қадар юзага келишини англатади. Жиноят-процессуал кодекснинг моҳиятига кўра суриштирув деганда суриштирув ва дастлабки тергов жараёни тушунилади. Тергов жараёни ўз ичига жиноят иши қўзғатилиб, у судга юборилгунга қадар бўлган даврни ўз ичига олади.
7. Тергов вақтига қадар, тушунчаси остида суриштирувни дастлабки тергов жараёнидаги фаолиятнинг маълум қисми сифатида тушуниш зарур. Шуни ҳам унутмаслик керакки, жиноят-процессуал қонунда кўзда тутилган асослар мавжуд бўлганида жиноий иш қўзғатишдан воз кечилиши ҳам мумкин. Бу ҳужжат суриштирувга чиқарилиб, бу жиноий қонунининг "тергов вақтига қадар…" каби таърифига тенглаштирилади.
8. Иш судда кўрилгунига қадар, тушунчаси остида дастлабки терговни ёки суд терговининг тайёргарлик босқичи англаниб, бунда жиноят ишининг судда кўриш учун тайинлаш вақти ва тартибини белгилайди. Бундай ҳолларда терговчи, прокурор айбдорнинг розилиги билан жиноят ишини тўхтатиш тўғрисида, судъя эса шунингдек айбдор розилиги билан жиноят иши бўйича ишларни тугатиш тўғрисида қарор чиқаради.Қўзғатилган ишни қабул қилиб олган терговчи айбдорга иш шароити ўзгарганлиги туфайли тўхтатилиши мумкинлигини тушунтириб бериши шарт. Прокурор зиммасига ҳам худди шундай вазифа юкланган бўлиб, яъни у айбдор томонидан жиноят ишининг тугатилиши тўғрисидаги ариза тақдим этилганми ё йўқми ёки ана шундай розилик тақдим этиш имкони бор-йўқлигини аниқлаши шарт. Жиноят ишини судда кўриб чиқиш учун топшириш жараёнида судъя ишни айбдорнинг розилиги билан иш кўрилишини тугатиши ёки айбдор талаб қилган ҳолларда суд мажлисини тайинлаши мумкин. Агар шахс ишнинг тугутилишига қаршилик билдирса, бундай ҳолатда иш тугатилмайди.Бундай ҳолатда иш умумий тартибда кўрилиб, суднинг айблов ёки оқлов ҳукми чиқарилиши билан тугатилади.
9. Жиноят-процессуал қонуни, дастлабки тергов идораларининг ваколатларини белгилай туриб, жиноят ишни қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилик тавсифини йўқотганлиги сабабли тугатишни кўзда тутмаган. Фақатгина ЖПК 84-моддаси бешинчи қисмига кўра, ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолган деб эътироф этилса, шахснинг розилиги билан унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатиш мумкин.
10. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги оқибатида жиноий жавобгарликдан озод қилишни кўзда тутади. Жиноят-процессуал кодекси 65-моддаси биринчи қисмидан фарқли равишда иккинчи қисм қоидалари қилмиш эмас, балки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганига тегишли.
Қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини йўқотувчи ҳолатдан фарқли равишда, у шахс томонидан жиноят содир этилгунга қадар ёки жиноят содир этилгандан сўнг шароитнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлади. Бошқача қилиб айтганда, айбдор шахсни ижтимоий хавфлилик нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳолашнинг ўзгаришидир. Жиноят содир этган шахсни ижтимоий хавфли эмас, деб топиш унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилишда айбдор бўлган шахсни, баъзи ҳолатлар муносабати билан хавфлилик даражаси йўқолган деб ҳисоблашдан иборатдир. Масалан, армия хизматини ўташга чақирилган шахс унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир қилган бўлса, тергов органи ёки суд уни жавобгарликдан озод қилиб, ҳарбий хизматни ўташига имкон бериши мумкин.
Жиноятни содир этган шахс ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги, нафақат унинг объектив яшаш шароитлари, балки жиноят содир этганидан кейинги хулқ-атвори, шунингдек. унинг намунали хулқи ва хизмати ҳамда ижтимоий мажбуриятларига бўлган муносабатидан ҳам далолат бериши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |