17-модда. Жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги
Жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортиладилар.
Жиноят содир этгунга қадар ўн уч ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари (97-мода 2-қисми) учунгина жавобгарликка тортиладилар.
Жиноят содир этгунга қадар ўн турт ёшга тўлган шахслар ушбу кодекс 97- моддаси биринчи қисми, 98, 104- 106, 118, 119, 137, 164-166, 169-моддалари, 173-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари, 220, 222, 247, 252, 263, 267, 271-моддалари, 277-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар.
Ушбу кодекснинг 122, 123, 127, 144, 146, 193-195, 205-210, 225, 226, 230-232, 234,235, 279-302-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун жиноят содир этгунга қадар ўн саккиз ёшга тўлган шахслар жавобгарликка тортиладилар.
Ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар жиноят содир этган шахслар умумий қоидаларга мувофиқ ва ушбу Кодекснинг Умумий қисми олтинчи бўлимида назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда жавобгарликка тортиладилар.
1.Шарҳланаётган моддада Жиноят субъектининг умумий юридик аломатлари жамланган. Жиноят кодекси 17-моддасида кўрсатилган уч аломатдан бирининг йўқлиги, шахснинг қилмишида Жиноят таркиби мавжуд эмаслигини (Жиноят кодекси 16-моддаси шарҳига қаранг) билдиради.
Жиноят кодекси фақат жисмоний шахснинг, яъни инсоннинг жиноий жавобгарликка тортилишини белгилайди. Бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлиги инкор этилишини англатади.
Мулкий ёки бошқа зарар етказганда улар фуқаролик қонунчилигига мувофиқ мулкий жавобгарликка тортиладилар, бунда, юридик шахс раҳбари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, масалан, атроф муҳитни ифлослантирганлик учун Жиноят кодекси 196-моддасига биноан жавобгарлик кўрсатилган. Демак, агар, бирон-бир ташкилот, масалан, шахтада меҳнат муҳофазаси қоидалари бузилиши натижасида одамларга шикаст етса, бунинг учун юридик шахс сифатида шахта эмас, балки мазкур қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган муайян шахс жавобгарликка тортилади.
Суд-тергов амалиётида, ҳайвонлар томонидан жамоат манфаатларига зарар етказилиши мумкин бўлган ишлар ҳам учраб туради. Ҳайвонлар томонидан инсонларга жиноий мақсадларда ҳужум бўлган ҳодисалар ҳам учраб туради. Мазкур вазиятда иккита ҳолат кўзда тутилади: биринчидан, инсон томонидан махсус, ўргатилган буйруқни берилиши натижасида инсон соғлигига зарар етказса, бунда ҳайвон томонидан етказилган зарар учун унинг эгаси жавобгар бўлади. Иккинчи ҳолатда, бирон-бир ҳайвон томонидан ўзгаларнинг таъсирисиз инсон соғлигига зарар етказилган бўлса, унинг эгаси жиноий жавобгарликдан озод қилинади ва бундай ҳолларда ҳайвон эгасининг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлиги тўғрисидаги масала қўзғатилиши мумкин. Жиноий жавобгарлик ижтимоий хавфли қилмишни қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этгани учун жавобгар бўлиши шарт бўлган шахс билан узвий боғлиқ. Айни пайтда, ушбу ҳолат Жиноят ҳуқуқининг асослантирилган тамойиллари асосида шахснинг айбини белгилашда онгли ва мақсадли жиноий қилмиши учун шахсий жавобгарлик ўрнатишга рухсат беради.
Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида жисмоний шахс тушунчаси тўғридан тўғри баён қилинмаган. Аммо, Жиноят кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатлар мазмунидан келиб чиқилса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 16-моддасида кўрсатилган тушунчага ўхшаш эканлиги англашилади..
Жиноят кодексининг 17-моддасига кўра ҳар қандай инсон ҳам жиноятнинг субъекти бўла олмайди. Шахс жиноят субъекти ёшига етганлиги билан биргаликда у ўз ҳаракатларини бошқара олиши ва ҳаракати туфайли келиб чиқадиган ижтимоий хавфли оқибатни ҳам англаши ҳам талаб этилади.
Шундай қилиб, жиноят учун фақат жисмоний шахсларнинг жавобгарликка тортилиши, уларнинг қилмишининг ижтимоий хавфли характери ва даражасини англай олиш қобилияти, ўз ҳаракатларини бошқара олиши ва улар юзасидан ҳисоб бера олиши билан изоҳланади.
Агар ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахс бундай қобилиятга эга бўлмаса (ақли норасо ҳисобланади), у жиноят субъекти бўла олмайди. Бундан ташқари, шахс содир этган қилмишига яраша жавобгарликка тортилиши учун у маълум ёшга етган бўлиши, алоҳида ҳолларда эса қилмишни қўшимча аломатлар билан содир этган бўлиши лозим.
2. Шахс ўз қилмишларига жавоб бера олиши ва жиноий жавобгарликка тортилиши учун у етарли ёшга етганлик билан боғлиқ ҳолда қилмишини аниқ англай олиш даражасига эга бўлмоғи ҳам лозим. Аниқ англай олиш ва ижтимоий ривожланиш даражаси маълум ёшга етиш билан пайдо бўлади, қачонки оила, мактаб, ижтимоий муҳит таъсирида нима яхши-ю нима ёмон, қандай ҳолларда унинг ҳаракатлари жамият ёки бошқа инсонларга зарар етаказишини тушунади. Инсон маълум ёшга етгандан кейингина уни ўраб турган атрофдаги воқеаларни қабул қилиши, ўз ҳаракатларига тўғри баҳо бериши ва ўз хоҳишини керакли йўналишга йўналтира олиш қобилияти шаклланади.Инсон маълум бир ёшга етгандан кейин муайян бир жиноят қонуни билан ман қилинган ҳаракатлар учун жавобгарлик юзага келишини тўғри англай олади.
Ёш - нафақат жиноят субъектининг инсонга хос бўлган умумий аломати, шунингдек, жиноий жавобгарликнинг пайдо бўлиши ёш билан боғлиқ. Ёш чегарасини ўрнатишда қонун чиқарувчи томонидан ижтимоий хавфли қилмиш содир этганда жиноий жавобгарликка тортилиш масаласини ҳал этишга имкон яратувчи, шахснинг керакли ривожланиш даражаси, ҳаётий тажрибаси баркамоллигини аниқлаш мумкин бўлган талаблар эътиборга олинади. Бундан ташқари, жиноят ёшини ўрнатиш жараёнида қонун чиқарувчи тиббиёт, психология, педагогика ва бошқа фанлар хулосаларини ҳисобга олади, шунингдек, кўпчилик ўсмирлар учун одатий бўлган ҳаёт йўлининг турли босқичларидаги шаклланиш ва ривожланиш шароитларидан келиб чиқади.
Жиноят Қонуни ёш тушунчасини акс эттирувчи махсус нормага эга эмас, у фақат, агар, шахс қандайдир Жиноят содир этганда, жиноий жавобгарликни вужудга келтирувчи ёш чегараларини кўрсатади.
Жиноят қонуни бўйича жавобгарликка тортиш ёшига етган шахсгина жиноятнинг субъекти, деб ҳисобланади. Қонуншунос маълум ёшни белгилаш вақтида шахснинг ҳаётий тажрибаси, психофизиологик ва ижтимоий-руҳий ҳолатининг даражасини ҳисобга олган. Жиноят кодексининг 17-моддасига кўра, жиноятчиларнинг ёши чегаралари аниқ белгиланиши учун шахснинг ёши тўлиқ (туғилган йили, ойи, куни) аниқланиши лозим. Жиноят кодексининг 17-моддасининг иккинчи қисмидан шу келиб чиқадики, Жиноят содир этгунга қадар қонун ўрнатган ёшга тўлмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас ва жиноят субъекти ҳам ҳисобланмайди.
Шундай қилиб, ёш деганда у ёки бу шахснинг алоҳида психофизиологик ҳолатини тавсифловчи, тиббий-биологик, ижтимоий психологик ва ҳуқуқий ўзгаришлар билан алоқадор бўлган, туғилишдан, то инсон ҳаётининг қандайдир хронологик муддатигача ўтган вақтнинг календарь даври тушунилади.
3. Умумий қоидага кўра, содир этилган жиноят учун жавобгарлик шахс ўн олти ёшга тўлганда вужудга келади. Шарҳланаётган модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида махсус кўрсатилган жиноят таркиблари учунгина жиноий жавобгарлик ўн уч, ўн тўрт ёки ўн саккиз ёшдан вужудга келади.
Ёш чегарасини белгилашга бундай хусусий ёндашув шу билан изоҳланадики, умумий жиноят ёшидан фарқли равишда баъзи оғир ва ўта оғир жиноятлар учун жиноий жавобгарлик вақтлироқ вужудга келади. Вояга етмаган шахс ижтимоий онгининг етарли даражаси ўз ҳулқини жамиятда ўрнатилган қоидаларга мослаштиришни талаб қилиш имконини беради. Шунинг учун, вояга етмаганлар содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилишлари мумкин ва ёки аксинча, баъзи ҳолларда жиноий жавобгарликка фақатгина вояга етган субъект тортилади.
Бу ҳолатда вояга етганлик ёши ўн саккиз ёш ҳисобланади; у фуқаролик қонунчилиги мазмунидан келиб чиқади. Бу шу билан изоҳланадики, қатор жиноятлар маълум бир соҳада бўладиган ижтимоий муносабатларга тажовуз қилади ва бу тажовузнинг субъекти бўлиб фақатгина вояга етган фуқаролар ҳисобланади. Бу ҳолатда сўз бошқарув тартибига қарши жиноятлар, ҳарбий жиноятлар ва вояга етган фуқароларнинг маълум бир фаолияти билан боғлиқ бўлган жиноятлар тўғрисида боради.
Кичик ёшдагилар ўз ҳаракатларининг ижтимоий аҳамиятини англамайди, баъзан эса уларнинг ҳақиқий характерини тушуниб етмайди ва бу ҳаракатларнинг оқибатини олдиндан кўра билмайди. Буларга умумий жиноят ёшига (16 ёш) тўлмаган шахслар, шунингдек, Жиноят субъекти ўн олти ёшдан кичик бўлиши мумкин бўлган, аммо ўн уч ёшгача бўлган жиноятларни содир этишда айбланмаган шахслар тегишлидир. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварлик тамойилини ўзида акс эттирган жиноий жавобгарликнинг қатор хусусиятларини белгилаб берган (Жиноят кодексининг Умумий қисми 6-бўлими "Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари")
Мазкур қоидалар жиноий жавобгарлик келиб чиқишининг қуйи чегараларини белгилашда қўлланилади. Шунга кўра, қонунда кўрсатилган ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс сифатидаги жиноят субъекти, ҳатто катта ёшда (60-70 ва х. к) бўлса ҳам, жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди. Бироқ, суд ҳар бир алоҳида ҳолатда Жиноят кодекси 54-моддаси (шарҳга қаранг) талаблари асосида жиноий жазони индивидуаллаштириш изация қилиш ва тайинлашда Жиноят содир этган шахснинг юқори ёшини эътиборга олиши лозим. Шундай қилиб, жиноий жавобгарлик вужудга келишининг юқори чегаралари ҳам қонунда аксини топади.
4. Ҳар бир иш бўйича мажбурий тартибда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг аниқ ёши ўрнатилиши лозим. Жиноят кодексида кўрсатилган ижтимоий хавфли ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этган вояга етмаган шахснинг ёши Жиноят-процессуал қонуни ҳужжатлари асосида ўрнатилади (ЖПК 584-моддаси)
Суд ва тергов органлари жиноий жавобгарликка тортилаётган вояга етмаган шахснинг туғилган йилини, ойини ва кунини аниқлаши лозим. Шахснинг қонунда белгиланган ёшга тўлиши туғилган куннинг эртасига, яъни, кейинги сутканинг ноль соатидан бошлаб вужудга келади.Шахснинг ёши туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки паспортга қараб аниқланади. Бу ёшини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёши катта шахсларга ҳам тааллуқлидир.
Иш материалларида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспортнинг бўлишига эътибор қаратмоқ лозим. Кўрсатилган ҳужжатлар бўлмаса, бу масала, дастлабки терговда ҳал этилиши лозим.
Ушбу ҳужжатлар ва ёшни аниқлайдиган далиллар бўлмаганда туғилган вақт суд-тиббиёт экспертизаси орқали аниқланади. Лекин экспертиза ҳам аниқ йил, ой ва кунни айтиб бера олмаса, эксперт комиссияси шахснинг жисмоний ва ақлий ривожланишини эътиборга олиб, муайян йилни туғилган йили деб белгилайди. Бундай ҳолларда йилнинг охирги куни 31 декабрь куни деб белгиланади. Баъзи ҳоларда экспертиза аниқ йилни ҳам айта олмасдан ўрта ёшни белгилайди.. Ёшнинг минимал ва максимал йилини аниқлашда суд бундай шахснинг экспертиза тахмин қилаётган минимал ёшидан келиб чиқиши керак Масалан, (12 дан 15 гача). Бу ҳолда шахснинг минимал ёши олинади (бу вазиятда ўн икки ёш олинади).
5. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми, айбдор шахснинг ўта оғир жиноят - ЖКнинг 97-моддаси иккинчи қисмидаги оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жинояти содир этгани учун жавобгарликка тортилишининг қуйи ёш юқори чегарасини ўрнатган. Берилган жиноят субъекти кўрсатилган жиноятни содир этгунга қадар ўн уч ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс бўлади. Жиноят кодексининг 97-модданинг иккинчи қисмида белгиланган субъект ёши энг паст ўн уч ёш бўлиб ҳисобланади.
6. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми ижтимоий хавфли қилмиш содир этгунга қадар ўн тўрт ёшга тўлган шахснинг жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган жиноятларнинг аниқ чегарасини ўрнатган. Берилган барча жиноятларнинг таркиби айбнинг қасд шаклини назарда тутади ва бу тажовузларнинг кўпчилиги шахсга, унинг яшаш ҳуқуқига, соғлигига, шахсий дахлсизлигига мулкий манфаатига, жамоат хавфсизлиги ва тартибига қарши қаратилган жиноятлар ташкил этади.. Берилган таркибларнинг кўпчилиги квалификация қилинадиган ёки алоҳида квалификация қилинадиган оғирлаштирувчи ҳолатлар билан кўрсатилади.
7. Шахс жиноий жавобгарликка тортиладиган ёш ҳақидаги умумий қоидалардан истисно, яъни, ўн уч ёшдан ўн олти ёшгача шахслар жиноят субъекти бўлиши мумкин бўлган жиноят таркиби шундай заруратдан келиб чиққанки, берилган жиноят таркиблари ижтимоий хавфи юқори бўлган жиноятларни тавсифлайди. Улар оғирлаштирувчи ҳолатларни назарда тутадиган квалификация қилинадиган ёки алоҳида квалификация қилинадиган жиноят таркибларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, шарҳланаётган модданинг иккинчи ва учинчи кисмида санаб ўтилган жиноятлар икки объектга тажовуз қилувчи мураккаб таркибли жиноятлар ҳисобланади ёки тажовузни амалга ошириш айбнинг мураккаб шаклини ташкил этувчи қандайдир ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқаради ёки бу объектларга тажовуз бошқа мустақил жиноятни содир этиш орқали амалга оширилади. Масалан, ўсмир ўн беш ёшида оммавий тартибсизликларда (Жиноят кодекси 244-модда) иштирок этса, уни бу норма орқали жавобгарликка тортиш мумкин эмас, чунки, бу жиноят учун жавобгарлик ўн олти ёшдан вужудга келади. Шу билан биргаликда, оммавий тартибсизликлар жиноят кодекси бошқа моддаларида кўрсатилган шахсга қарши зўравонлик ҳаракатлари, босқинчилик, ўт қўйиш, мулкка зарар етказиш ёки йўқ қилиш ҳамда бошқа ҳаракатлар билан кузатилади ва улар учун жавобгарлик ёши ўн тўрт ёш қилиб белгиланган. Бундан келиб чиқадики, ўсмир қандай фактик ҳаракатлар содир этганидан қатъи назар унинг ҳаракатлари шу нормалар орқали квалификация қилиниши керак.
8. Шарҳланаётган модданинг 4-қисми жиноий жавобгарлик ўн саккиз ёшдан белгиланган Жиноят Кодекси муайян моддалари таркибларининг аниқ миқдорини ўрнатади.
Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида кўрсатилган кўпгина Жиноят таркиблари айбдор шахснинг касбий ёки хизмат фаолияти билан ёки норматив ҳуқуқий актлардан тўғридан тўғри келиб чиқадиган мажбуриятлар билан у ёки бу тарзда боғлиқ. Хусусан, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсизларни таъминлашдан бўйин товлаш (Жиноят кодекси 122-модда) ёки аксинча ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (Жиноят кодекси 123-модда) Жиноят турлари учун жиноий жавобгарлик айбдор шхсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кўрсатмаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари ёки ҳарбий хизмат фуқароларнинг вояга етиши билан ўташи керак бўлган мажбурияти ҳисобланади. Табиий, вояга етганлик шарти бўлгандагина, бу кўрсатмалар бузилиши мумкин. Бироқ, бу ҳолат шахс Жиноят содир этиш пайтида ўн саккиз тўлган бўлиши лозимлигини билдирмайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси вояга етмаган шахсларнинг никоҳ тузиши мумкин бўлган ҳолатларини белгилайди: эркак ўн етти ёшдан, аёллар ўн олти ёшдан. Бундай ҳолларда, масалан, Жиноят кодекси 122-моддаси бўйича вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсизларни, хусусан, болаларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун болага нисбатан унинг ота-онаси ҳисобланадиган шахс ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида биринчи марта ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жисмоний ва ақлий етуклик даражаси ҳамда руҳиятини ҳисобга олиб, вояга етмаганлар учун Жиноят кодексининг “Махсус” қисмида алоҳида жавобгарлик белгиланди. (масалан, ўн саккиз ёшга етмаганлар учун ўлим жазоси қўлланилмайди.)
9. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисми кўрилаётган модданинг иккинчи, уч, тўртинчи қисмларида келтирилган Жиноят таркиблари аниқ бўлган қоидани ўрнатади, берилган қисмларда санаб ўтилмаган бошқа Жиноят таркибларининг субъектлари жиноий жавобгарлик вужудга келишининг умумий ёшига ўн олти ёшга тўлган шахслар ҳисобланган жиноятлар тааллуқли. Бироқ, кўпгина жиноят таркиблари вояга етмаган шхсларнинг жиноий жавобгарлиги вужудга келишини акс эттиришига қарамай, Жиноят қонунчилиги вояга етмаганларга нисбатан бу жавобгарликнинг ўзига хосликларини акс эттиради. Хусусан, бундай ҳолатларда вояга етмаганлар жавобгарлиги ўзига хосликларини тартибга солувчи нормалар ўрнатилган Жиноят кодекси умумий қисмининг 6 - бўлими талаблари ҳисобга олинади.
Вояга етмаган шахсларга нисбатан жиноий жазо тайинлашнинг ўзига хосликларига эга махсус нормалар ўн саккиз ёшга тўлган, яъни, вояга етган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликни назарда тутувчи умумий нормалардан фарқли равишда жиноий жавобгарликнинг енгиллиги билан ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |