103-модда. Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш
Моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлмаган шахсга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 103-моддасига мувофиқ квалификация қилиш учун жабрланувчини ўзини ўзи ўлдириши ёки ўз жонига суиқасд қилиши айбдорнинг у билан шафқатсиз муомала қилгани ёки унинг шаъни ва ғурурини мутассил равишда камситгани натижасида содир этилганлигини аниқлаб олиш за-рур. Жабрланувчининг ўзини ўзи ўлдирганлиги (ўлимнинг бош-ланиши) ёки ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилганлиги жиноятнинг зарурий белгиси ҳисобланади. Агар бундай оқибатлар бўлмаса, унда ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш таркиби бўлмайди. Башарти шахснинг ҳаракатларида бошқа жиноят аломатлари (масалан, ҳақорат, туҳмат, қийнаш ва ҳоказо) бўлса, у жавобгарликка тортилиши мумкин. Айбдорнинг қилмишини ЖК 103-моддаси билан квалификация қилиш учун айбдорнинг хатти-ҳаракатлари ва бошланган оқибатлар (жабрланувчининг ўзини ўзи ўлдириши ёки шунга суиқасд қилиши) ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаш зарурий шарт ҳисобланади.
Шакл ва мазмун бўйича қонуний бўлган ҳаракатлар натижасида ўзини ўзи ўлдириш ёки унга суиқасд қилиш содир этилган тақдирда, бу ҳаракатларни содир этган шахс ЖК 103-моддаси бўйича жавобгарликка тортилмаслиги лозим.
2. Шафқатсиз муомала деганда, жабрланувчини жисмоний ва руҳий азоб чекишига олиб келадиган қўпол ва аёвсиз муносабатда бўлиш (масалан, зарбалар бериш, қийнаш, эркинликни чеклаш, иссиқликдан, озиқ-овқатдан, сувдан ва ҳоказолардан маҳрум этиш)ни тушунмоқ лозим. Жиноий жавобгарликка тортиш учун жабрланувчи билан бир марта аёвсиз муносабатда бўлганлигининг ўзи етарлидир.
3. Шахснинг шаъни ва ғурурини мутассил равишда таҳқирлаш деганда, жабрланувчининг шаъни ва ғурурини мунтазам ва узликсиз (икки ва ундан ортиқ) таҳқирлаш ҳолларини (масалан, туҳмат қилиш, ҳақоратлаш, таъқиб қилиш ва ҳоказоларни) тушуниш даркор.
Шаън ва ғурурнинг бир марта камситилиши факти ЖК 103-моддаси бўйича жавобгарликка тортишга асос бўлмайди. Бундай ҳолларда жавобгарлик Жиноят кодексининг шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари бўйича келиб чиқади.
4. Бирга яшашни бошлашдан ёки давом эттиришдан, никоҳдан ўтишдан воз кечиш, эр-хотиндан бирининг хиёнати, қонуний асосда ишдан бўшатиш ва ҳоказолар натижасида ўзини ўзи ўлдириш ёки ўз жонига суиқасд қилишни ЖК 103-моддаси бўйича квалификация қилиш мумкин эмас.
5. Жабрланувчи айбдордан моддий ёки бошқа турдаги қарамлик муносабатида бўлмаган ҳолларда ЖК 103-моддаси 1-қисмига мувофиқ жавобгарлик келиб чиқади. Бунда ЖК 103-моддаси бўйича айбдорнинг ҳаракатини ўзини ўзи ўлдиришга суиқасд қилган ҳолларда ЖК 25-моддаси билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди, чунки ЖК 103-моддаси ўзини ўзи ўлдириш, шунингдек, унга суиқасд қилиш даражасига етказганлик учун жавобгарликни қамраб олади. Жабрланувчи айбдордан моддий ёки бошқа турдаги қарамлик муносабатида бўлган ҳолларда, қилмишни ЖК 103-моддаси 2-қисмига биноан квалификация қилиш керак. Бундай ҳолларда қарамлик мавжудлиги айбдор ва жабрланувчи ўртасида ҳақиқатан рўй берган ва мавжуд бўлган муносабатларга баҳо берган ҳолда аниқланиши лозим.
6. Моддий қарамлик деганда, жабрланувчи айбдордан анчагина моддий ёрдам (пул, озиқ-овқатлар, кийим-кечак ва ҳоказолар) олган ёки унинг қарамоғида бўлган ҳолатларни тушуниш лозим. Кўпинча бу ишламаётган шахснинг ишлаётган шахсга, болаларнинг ота-онага, ишламаётган ота-онанинг моддий даромадга эга бўлган ўз болаларига қарамлигидир.
7. Бошқача қарамлик деганда, хизмат юзасидан ёхуд бошқача қарамликни (масалан, бошлиққа, ўқитувчига, раҳбарга, васийлик ва ҳомийликни амалга ошириш муносабати билан қариндошларга ва бошқалар билан боғлиқ қарамликни) тушуниш лозим.
8. Агар ўзини ўзи ўлдириш ва шу даражага етказиш айбдор томонидан жабрланувчига нисбатан бошқа оғирроқ жиноят содир этилганлиги оқибатида юз берган бўлса, лекин ушбу жиноят таркиби бундай ҳаракатларни қамраб олмаса, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишдаги айбдорнинг ҳаракатлари қўшимча квалификация қилишни талаб этади.
9. Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш субъектив томондан келиб чиққан оқибатларга нисбатан эгри қасд ёки эҳтиётсизлик туфайли содир этилади. Жабрланувчини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш тўғри қасд билан содир этилган ҳолларда қилмиш воситали зарар етказиш тури деб топилиши лозим, яъни унинг ҳаракати ЖК 97-моддасида кўзда тутилган қасддан одам ўлдириш таркибини вужудга келтиради - бундай ҳолларда одам ўлдириш жабрланувчининг ўзи томонидан содир этилади.
10. Агар жабрланувчи ўзини ўзи ўлдириш ёки ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш жараёнида ўзига ўртача оғирликдаги ёки оғир тан жароҳати етказса, айбдорнинг қилмишлари юз берган оқибат бўйича ЖКнинг ё 104-моддаси, ёхуд 105-моддаси бўйича квалификация қилиниши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |