263-модда. Темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво транспорти воситаси ёки алоқа йўлларини яроқсиз ҳолатга келтириш
Темир йўл, денгиз, дарё ва ҳаво транспорти воситалари, алоқа йўллари, улардаги иншоотларни, сигнализация қурилмалари, алоқа ёки бошқа транспорт ускуналарини қасддан бузиш, уларга шикаст етказиш ёхуд уларни бошқа усулда фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтириш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат одам ўлишига сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) одамлар ўлимига;
б) ҳалокатга;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноят объекти сифатида темир йўл, денгиз, дарё ва ҳаво транспорти ҳаракати ва улардан фойдаланиш соҳасидаги жамоат хавфсизлигини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлар майдонга чиқади.
Мазкур жиноятнинг қўшимча объекти сифатида жабрланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, бегоналар мулки иштирок этади.
2. Жиноят предмети ЖК 260 ва 262-моддалари шарҳида кўрсатилган ва таҳлил қилинган предметлар билан бир хил.
3. Жиноятнинг объектив томони қуйидагилардан ташкил топади:
* жиноят предметларини бузиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни бошқа усулда фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтириш;
* инсон соғлиғига оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш кўринишидаги жиноий оқибатлар;
* улар ўртасидаги сабабий боғланиш.
4. Бузиш - тизимнинг буткул издан чиқиши бўлиб, бунинг натижасида у ўз мақсадига мувофиқ фаолият юрита олмайди. Бузилганда жиноят предметини тиклашга оид техник имконият ё йўқотилади, ё бу иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга номувофиқ бўлиб қолади.
5. Шикаст етказиш - техник тизим тузилиши ва шаклида қисман ўзгаришлар келтириб чиқариб, натижада бу тизим ўз функционал имкониятларини тўлиқ ёки қисман йўқотади, лекин бунда у тикланиши мумкин.
6. “Яроқсиз” ҳолат деганда, жиноят предметининг асосий мақсадига кўра умуман ёки дастлабки таъмирсиз хавфсиз фойдаланиш имкони йўқлигини тушунмоқ зарур. Бу билан боғлиқ равишда йўловчи вагонларини синдириш, уларнинг ички анжомларини, ўриндиқларини бузиб ташлаш ё зарарлантириш шарҳланаётган жиноят таркибини ҳосил қилмайди. Бундай ҳолларда жавобгарлик тегишли жиноятларнинг зарур белгилари мавжуд бўлган ҳолатларда Жиноят кодексининг бошқа моддаларига (масалан, ЖК 173 ёки 277-моддаларига) мувофиқ келиб чиқиши лозим.
7. Техник ускунани яроқсиз ҳолатга келтиришнинг бошқа усули - бу буткул бузилиш ёки зарарланишга олиб келмаган, бироқ шунга қарамай мосламани фойдаланиш, транспорт фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш тизимидан чиқаришга қаратилган ҳаракатлардан иборат. Масалан, аэродромдаги маркировка белгиси жойининг ўзгартирилиши самолёт учиши ва қўниши хавфсизлигига таъсир кўрсатади. Тажовуз объектига зарар сигнализация воситаси мақсадга мувофиқ ишлатилмаслиги билан етказилади.
Қилмишнинг мазкур тури ишлаб турган темир йўлларга бошқа оғир буюмлар, масалан, телеграф симёғочи, тўсинлар, шпаллар, тормоз мосламаси, тош каби нарсалар қўйишни ҳам ўз ичига олади, чунки бу каби шароитда темир йўл улардан хавфсиз фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолади.
8. Шарҳланаётган жиноят оқибатлари моҳиятига кўра ЖК 260-моддасида кўзда тутилган оқибатлар билан мос тушади.
9. Жиноят ижтимоий хавфли бўлган оқибатлар келиб чиққан вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
10. Темир йўл, денгиз, дарё ва ҳаво транспорти воситалари ёки алоқа йўллари, улардаги иншоотлар, сигнализация қурилмалари, алоқа ёки бошқа транспорт ускуналарини бузиш, уларга шикаст етказиш ёхуд уларни бошқа усулда фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтириш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказмаса, айбдор ҳаракатларини ЖК 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) бўйича квалификация қилиш лозим.
11. ЖК 263-моддаси бўйича жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун транспортни яроқсиз ҳолатга келтирган ҳаракатлар билан келиб чиққан оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаб олиш зарур.
12. Субъектив томон айбнинг аралаш шакли билан ифодаланади. ЖК 263-моддаси диспозициясидан кўриниб турибдики, айбдор ижтимоий хавфли қилмишга тўғри қасд билан, унинг оқибатларига эса - ўзига ўзи ишониш ёки жиноий бепарволик билан муносабатда бўлади.
13. Ўн тўрт ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин. Бунда у транспорт ходими ёки ходими эмаслигининг аҳамияти йўқ.
14. Шарҳланаётган модданинг 2 ва 3-қисмлари аввал шарҳланган темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишнинг квалификация қилинган таркиби белгиларига ўхшаш квалификация қилинадиган белгиларга эга (ЖК 260-моддаси шарҳига қаранг). Улар шарҳланаётган жиноятга нисбатан бирор-бир ўзига хос жиҳатга эга эмас ва алоҳида кўриб чиқишни талаб қилмайди.
15. Шарҳланаётган қилмиш ЖК 173-моддасида кўзда тутилган жиноятдан тажовуз предметига кўра ажралиб туради. Транспортга оид бўлишига қарамай, унинг хавфсиз фаолият кўрсатишини таъминламайдиган бу каби иншоот ва воситаларни зарарлаш транспортга оид жиноят сифатида эмас, балки бировнинг мулкига тажовуз сифатида кўриб чиқилиши керак. Транспортнинг ишдан чиқарилган техник тизимининг унинг авариясиз ишлашига таъсирини ҳар бир алоҳида ҳолда аниқлаш зарур, акс ҳолда қилмишни квалификация қилишда хатоликларга йўл қўйилади.
Шарҳланаётган жиноят предметини яроқсиз ҳолга келтириш бирон-бир қисм ё деталини ўғирлаш орқали амалга оширилган бўлса, у ҳолда қилмишни жиноятлар мажмуи бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра талон-торож қилиш сифатида ва ЖК 263-моддасида назарда тутилган жиноят билан квалификация қилиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |