У Ч И Н Ч И Б Ў Л И М
ИҚТИСОДИЁТ СОҲАСИДАГИ ЖИНОЯТЛАР
Х боб. ЎЗГАЛАР МУЛКИНИ ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИШ
Умумий қоидалар
1. Конституциянинг 53-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.
Мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, унга нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.
2. Талон-торож қилиш - бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга зид ва ҳақ тўламай ундириш.
Талон-торож қилиш - бу кўп маъноли тушунча бўлиб, мулкка қарши жиноятларнинг маълум бир гуруҳини, яъни босқинчилик, талончилик, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик ва бошқаларни ўз ичига олади.
3. Талон-торож қилиш объекти ўзганинг мулкидир.
Мулк - бу мулкнинг эгаси билан жамиятнинг бошқа аъзолари (мулқдор бўлмаганлар) ўртасида мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш бўйича юзага келадиган ҳуқуқий муносабатлардир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 167-моддасига мувофиқ қуйидаги мулк шакллари тан олинади: хусусий ва оммавий.
Хусусий мулк ҳуқуқи субъектлари жисмоний шахслар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар ҳамда бошқа тижорат ва нотижорат ташкилотлари ҳисобланади.
Оммавий мулк - бу республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган давлат мулкидир.
Республика мулкига ер, ер ости бойликлари, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий бойликлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органларининг мол-мулки, давлат аҳамиятига эга бўлган маданий ва тарихий бойликлар, республика бюджетининг маблағлари, олтин захираси, давлатнинг валюта фонди ва бошқа фондлар республика мулкидир, шунингдек, корхоналар ва бошқа мулкий мажмуалар, ўқув, илмий, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлари, интеллектуал фаолият натижалари, башарти бюджет ёки давлатнинг ўзга маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган бўлса- бошқа мулклар киради.
Муниципал мулкда давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, бошқа мулклар бўлади.
4. Талон-торож қилишнинг предмети, инсон меҳнати сингмаган бўлса ҳам, моддий ва маънавий қимматга эга, яъни истеъмол қийматига эга предметлар бўлиши мумкин.
Талон-торож қилиш предмети моддий борлиқ предмети сингари аниқ хусусиятларга, белгиларга (оғирлиги, сифати, ҳажми ва ҳоказоларга) эга бўлиши керак. Шу муносабат билан электр иссиқлик энергияси, газ, сув, қувирлари талон-торож қилиш жиноятларининг предмети бўлиши мумкин эмас. Бироқ бундай ҳаракатлар бошқа жиноят таркибини: Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш (ЖК 170-моддаси) ёки Электр, иссиқлик энергияси, газ, сув қуврлардан фойдаланиш қоидаларини бузиш (1852-моддаси) жиноятларида айбли бўлиши мумкин. Шунингдек, интеллектуал меҳнатни ўзлаштириш (плагиат) талон-торож қилишнинг предмети бўла олмайди, бундай ҳаракатлар муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш (ЖК 149-моддаси) жинояти таркибини ташкил қилади.
5. Давлат мулки объектлари - ер, ер ости бойликлари, ўрмонлар талон-торож қилиш предмети бўла олмайди. Бироқ ердан, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартлари бузилган ҳолларда ЖК 197-моддаси (ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) бўйича жавобгарлик юзага келади.
6. Агар ўрмонга шикаст етказилган бўлса, ЖК 198-моддаси (экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) бўйича жавобгарлик вужудга келади.
7. Овчилик, балиқчилик ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турла-рини ушлаш қоидаларини бузиш, ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартлари ёхуд ўсимликларнинг дори-дар-мон, озиқ-овқат ва манзарали (декаратив) турларини йиғиш ёки тайёрлаш тартиби бузилган ҳолларда айбдор шахснинг ҳаракатлари ЖК 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради.
8. Бу объектларга тажовуз, уларга, баҳо, нарх берган инсон меҳнати сингган тақдирдагина, талон-торож қилиш деб ҳисобланади. Масалан, тайёрланган ўрмон ёғочини талон-торож қилиш, питомникларда парвариш қилинган ҳайвонларни талон-торож қилиш, махсус тайёрланган сув ҳавзаларида етиштирилган балиқларни овлаш, балиқчилик хўжаликлари томонидан овланган балиқларни эгаллаб олиш ва ҳоказо.
9. Ўзбошимчалик билан қимматбаҳо металл ва тошларни ер остидан қазиб олиш талон-торож қилишга кирмайди, лекин ЖК 185-моддасида (қимматбаҳо металлар ва тошларни топшириш қоидаларини бузиш) назарда тутилган мустақил жиноятни ташкил қилади. Бироқ, агар қимматбаҳо металл ва тошларни қазиб оладиган корхонанинг ҳудудида қазиб олинган бўлса, бундай ҳаракатлар талон-торож қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим. Бундай корхоналар ҳудуди шартли бўлиши мумкин. Бу, одатда, қазиб олиш ишлари олиб бориладиган майдон, тайёрланган майдончалар, траншеялар, яъни қимматбаҳо металлар ёки тошларни қазиб олиш учун тайёрланган жойлар, улар жойлашган жойни разведка қилишдир.
10. Фуқаролик кодексининг 96-моддасига мувофиқ, мулкий ҳуқуқларни белгиланган шаклга ва мажбурий реквизитларга амал қилган ҳолда тасдиқловчи ҳужжатлар қимматли қоғозлар ҳисобланиб, уларни тақдим этган тақдирдагина мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш ёки бошқа шахсларга бериш мумкин бўлади.
Тақдим қилувчига берилувчи қимматли қоғозлар талон-торож қилиш предмети бўлиши мумкин. Қимматли қоғозларнинг бошқа турлари, айбдорга қимматли қоғозларда белгиланган мулкий ҳуқуқни олиш имкониятини бермаганлиги учун талон-торож қилиш предмети бўла олмайди,
Қимматли қоғозларга: облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, банкнинг тақдим қилувчига пул бериладиган жамғарма дафтарчаси, коносамент, акция ҳамда қонун ҳужжатлари билан қимматли қоғозлар жумласига киритилган бошқа ҳужжатлар киради.
11. Лотерея билетлари, почта маркалари, откриткалар, конвертлар, талонлар ва ёнилғи мойлаш материаллари, метрода юриш учун жетонлар талон-торож қилиш предмети бўлиши мумкин. Аммо поезд, самолёт чиптаси ўз ҳолича моддий қийматга эга бўлмаганлиги, фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни (масалан, паспорт, шахсни тасдиқловчи гувоҳнома ва бошқаларни) кўрсатган ҳоллардагина моддий қийматга эга бўлиши мумкинлиги сабабли талон-торож қилиш предмети бўла олмайди.
Бундай буюмларни ҳуқуққа хилоф равишда эгаллаш ЖК 227-моддасида (ҳужжатлар, муҳрлар, штамплар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) назарда тутилган жиноят таркибини ташкил этади. Агар айбдор шахсда ушбу ҳужжатлардан ғайриқонуний фойдаланиш мақсади бўлган бўлса, у ҳолда унинг ҳаракатлари алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш (ЖКнинг 170-м.) ва мулкий зарар етказишга тайёргарлик кўриш сифатида жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади.
12. Агар жиноят предмети алоҳида турдаги муомаладан чиқарилган мулк (масалан: наркотик моддалар, ўқ отар қуроллар, портловчи моддалар, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар ва ҳо-казолар) бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари талон-торож қилиш эмас, балки махсус жиноятлар таркиби (ЖК 247, 251, 271-моддалари ва ҳоказо моддалари) билан квалификация қилиниши лозим. Кўрсатилган предметни талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятни квалификация қилишда фақатгина ушбу моддалар (модда қисмлари) санкциясида ЖК 247, 251, 271 ва ҳоказо моддаларидан ҳам оғирроқ жазо назарда тутилганда, жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиш лозим бўлади (масалан, ЖК 247-моддаси 3-қисмининг “в” банди ва 164-моддаси 4-қисмининг “в” банди бўйича).
13. Тасодифан топилган буюм (топилма) талон-торож қилиш предмети бўла олмайди. ФК 192-моддасига кўра, йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзига маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.
Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспортнинг эгаси бўлмиш шахсга топширилмоғи лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.
Башарти, топилган ашёни қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида милицияга, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.
Ашёни топиб олган шахс уни ўзида сақлаб туришга ёки сақлаш учун милиция, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёхуд улар кўрсатган шахсга топширишга ҳақлидир.
14. Хазина ҳам талон-торож қилиш предмети бўла олмайди.
Хазина - бу ер остига ёки бошқа йўллар билан яширилган, эгасини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки қонун бўйича мулкка нисбатан ҳуқуқини йўқотган мулкдорга тегишли пул ёхуд қимматбаҳо нарсалар. Хазина, ушбу хазина топилган жой (ер участкаси, қурилиш ва шу кабилар) эгаси бўлган шахс ёки уни топган шахс мулкига, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, тенг улушларда ўтади.
15. Объектив томондан талон-торож қилиш ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда, текинга ўзи ёки бошқа шахс фойдаси учун олишда ифодаланади.
Талон-торож қилиш предмети, Жиноят кодекси шарҳланаётган бобининг номланишида тўғридан-тўғри қайд этилганидек, фақат ўзгаларнинг мулки ҳисобланади. Ўзганинг мулки деганда, айбдорга қонуний равишда тегишли бўлмаган мулк тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилиги талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятларга жавобгарликни белгилашда уни қайси усулда содир этганлигига кўра ажратади.
ЖКда талон -тарож қилишнинг қуйидаги шакллари кўзда тутилган :
* босқинчилик (ЖК 164-моддаси);
* товламачилик (ЖК 165-моддаси);
* талончилик (ЖК 166-моддаси);
* ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси);
* фирибгарлик (ЖК 168-моддаси);
* ўғрилик (ЖК 169-моддаси).
16. Ҳар қандай талон-торож қилишнинг зарурий белгиси унинг ҳуқуққа хилофлигидир.
Ҳуқуққа хилофлик (ғайриқонунийлик) -эгалланаётган мулкка нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмаган айбдор шахс томонидан ўзганинг мулкининг эгалланишидир.
Шахснинг мулкка нисбатан ҳуқуқи мавжуд бўлиб, уни белгиланган қоидаларни бузган ҳолда эгалласа, талон-торож қилиш жинояти таркиби мавжуд бўлмайди. Ушбу ҳаракат бошқа жиноят таркибини, яъни ўзбошимчаликни (ЖК 229-моддаси) ташкил этиши мумкин.
17. Текин деганда, талон-торож қилинган мулк ўрнига муайян қийматни бермасдан ўзганинг мулкини эгаллаш тушунилади. Агар шахс талон-торож қилиш вақтида талон-торож қилинган мулк ўрнига талон-торож қилинган мулк қийматини, нархини тўлиқ қоплаган бўлса, жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
18. Ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг тугалланган вақти талон-торож қилишнинг шаклига боғлиқ бўлади. Кўп ҳолларда талон-торож қилиш айбдор ўзганинг мулкини эгаллаган ва ушбу талон-торож қилинган мулкни ўзининг хоҳишича ҳақиқий тасарруф этиш (сотиш, алмаштириш, яшириш ва ҳоказо) имконияти пайдо бўлган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Шунинг учун, агар айбдор ўзганинг мол-мулкини қўлга киритган бўлса-ю, бироқ ҳали уни ўз мулки сифатида тасарруф этиш имкониятига эга бўлмаса, қилмиш талон-торож қилишга суиқасд тариқасида квалификация қилиниши лозим (босқинчилик ва товламачилик ҳоллари бундан мустасно). Шунингдек, қасд бир бутун мулкни талон-торож қилишга қаратилган бўлиб, унинг муайян бир қисми талон-торож қилинган ҳолларда ҳам жиноят тугалланган ҳисобланмайди.
19. Талон-торож қилиш субъектив томондан тўғри қасд билан содир этилади. Мотиви - ғаразгўйлик.
Ғаразгўйлик талон-торож қилишнинг зарурий белгиси ҳисобланади. Ғаразгўйлик - бу ўзи учун ёки бошқа шахслар учун моддий манфаат ундириш.
20. Талон-торож қилишнинг субъекти муомалага лаёқатли ҳамда қонунда кўрсатилган ёшга тўлган ҳар қандай шахс ҳисобланади (ЖК 17-моддаси шарҳига қаранг).
Шуни назарда тутиш лозимки, шахсни ўзганинг мулкини талон-торож қилишда айбдор деб топиш учун, ушбу мулкни айбдор ўз фойдасига ёки бошқа шахслар фойдасига ўтганлиги ҳақида гувоҳлик берувчи муайян далилларни аниқлаш лозим бўлади. Шунинг учун моддий қимматликлар камомади фактининг ўзи, агар унинг сабаблари тергов ва суд томонидан аниқланмаган бўлса, шахсни талон-торож қилишда айблашга асос бўла олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |