387-модда. Апелляция шикоятига (протестига) илова қилинадиган ҳужжатлар Апелляция шикоятига қуйидагилар илова қилинади:
давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда — уни имзолашга вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.
Суднинг аризани қайтариш ҳақидаги ёки аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган ариза ва унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.
388-модда. Апелляция шикоятини (протестини) ҳаракатсиз қолдириш Агар апелляция шикоятини (протестини) бериш пайтида ушбу Кодекс 385 ва 386-моддаларининг талаблари бузилишига йўл қўйилган бўлса ёки давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс шикоят бериш учун бож тўламаган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳаракатсиз қолдирилади.
Апелляция шикоятини (протестини) ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида судья бу шикоятнинг (протестнинг) ҳаракатсиз қолдирилишига асос бўлган камчиликларни ва уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатган ҳолда ажрим чиқаради. Ажрим апелляция шикояти (протести) берган шахсга имзо қўйдириб топширилади ёки унга почта орқали ёхуд ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Агар шикоят (протест) берган шахс ажримда кўрсатилган камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этса, шикоят (протест) дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, шикоят (протест) берилмаган ҳисобланиб, шикоятни (протестни) берган шахсга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади. Шикоят (протест) уни берган шахсга ажрим билан бирга имзо қўйдириб топширилади ёки унга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.
389-модда. Биринчи инстанция судининг апелляция шикоятини (протестини) олганидан кейинги ҳаракатлари Судья ёки суд раиси апелляция шикоятини (протестини) олгандан кейин:
1) ишда иштирок этувчи шахсларга шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхасини юбориши;
2) ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанцияси судида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши;
3) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) учун белгиланган муддат ўтган вақтдан эътиборан ўн кун ичида ишни келиб тушган шикоят (протест) билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.
Ҳал қилув қарори, ажрим, қарор устидан шикоят қилиш (протест келтириш) учун белгиланган муддат ичида ҳеч ким ишни суддан талаб қилиб олиши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи шахслар судда иш материаллари ва келиб тушган шикоят (протест) билан танишишга ҳақли.
Шикоят қилиш (протест келтириш) учун ўтказиб юборилган муддат тикланган тақдирда биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Ҳал қилув қарорининг ижроси апелляция инстанцияси суди томонидан шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим қабул қилингунига қадар бўлган муддатга тўхтатилади.