433-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш Назорат тартибида шикоят (протест) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинганлиги кўрсатилган шахсларнинг келмаганлиги ишнинг назорат тартибида кўрилишига тўсқинлик қилмайди.
Иш назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўрилганда, ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлар бериш учун чақирилиши мумкин. Бундай ҳолда уларга ишни назорат тартибида кўрадиган суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарнома юборилади. Бироқ уларнинг келмаганлиги ишнинг кўрилишига тўсқинлик қилмайди.
434-модда. Ишни назорат тартибида кўриш тартиби ва муддатлари Иш назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг назорат тартибидаги шикоятни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган ёки протест Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг котибиятига келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда, ушбу бобда назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, ушбу Кодекснинг 399-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида ишни назорат тартибида кўришда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари иштирок этади ва ўзи келтирган протестни қўллаб-қувватлайди ёки иш юзасидан фикрини баён этади.
Ишни назорат тартибида кўришда барча масалалар кўпчилик овоз билан ҳал этилади.
Протестни қаноатлантиришни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар тенг бўлиб қолганда, протест рад қилинган ҳисобланади.
Ишни назорат тартибида кўриш натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ажрим, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати эса қарор қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими суднинг бутун таркиби томонидан имзоланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Ажрим ёки қарор ишда иштирок этувчи шахсларга имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.