425-модда. Ишларни талаб қилиб олиш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ишларни назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун уларни тегишли судлардан талаб қилиб олишга ҳақли.
426-модда. Назорат тартибида шикоят (протест) бериш тартиби ва муддати
Назорат тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.
Суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддат ушбу Кодекснинг 155-моддаси қоидаларига мувофиқ тикланиши мумкин.
Шикоят (протест) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдордаги кўчирма нусхалари билан бирга судга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган шикоят (протест) мустасно.
Зарур ҳолларда, судья шикоят бераётган шахс ёки протест келтираётган прокурор зиммасига шикоятга (протестга) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.
427-модда. Назорат тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) мазмуни
Назорат тартибидаги шикоятда (протестда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) шикоят (протест) берилаётган назорат инстанцияси суднинг номи;
2) шикоят (протест) бераётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили) ва ишдаги процессуал ҳолати;
3) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми (номлари), уларнинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);
4) ишни биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси бўйича кўрган судлар ва улар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг мазмуни;
5) устидан шикоят қилинаётган (протест келтираётган) суд ҳужжати;
6) суд ҳужжати назорат тартибида қайта кўрилиши учун асослар, бундай асослар мавжудлигидан далолат берувчи важлар келтирилган ҳолда;
7) шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимоси.
Ишда иштирок этмаган шахснинг назорат тартибидаги шикоятида устидан шикоят қилинаётган суд ҳужжати билан унинг қайси ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилганлиги кўрсатилиши керак.
Назорат тартибидаги шикоят уни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак. Вакил томонидан берилган шикоятга ишончнома ёки унинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади. Протест протест келтирган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши керак.
Назорат тартибидаги шикоятга (протестга) иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхалари илова қилинади.
Назорат тартибидаги шикоятга давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилиниши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |