ОДИЛ СУДЛОВ ВА ЗАМОНАВИЙ
ТЕХНОЛОГИЯЛАР Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қушимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган леб топиш тўғрисида»ги Қонуни билан Хўжалик (иқтисодий) процессуал кодексига янги — «Хўжалик судининг видеконференцалоқа режимидаги мажлисида иштирок этиш» деб номланган модда киритилиб, 2014 йилнинг 1 сентябридан бошлаб хўжалик (иқтисодий) судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби белгилаб берилди. Эндиликда тарафлар ушбу тизимдан фойдаланган холда суд мажлисларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси мамлакатимиз ҳуқуқий тизимида нисбатан янги ва замонавий институт бўлиб, уни ташкил этиш масалаларини такомиллаштириш юзасидан тегишли нормалар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, Олий хўжалик суди Раёсатининг 2014 йил 21 августдаги қарори билан «Видеокоференцалоқа режимидаги хўжалик судининг мажлисини ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди ва ушбу Низом асосида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш юзасидан тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, бу борада 2014 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги
270-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор республикамиз иқтисодий судлари томонидан ишларни ВКА режимида бир хилда кўрилишини таъминлаш билан бир қаторда судлар томонидан одил судловни амалга оширишда асосий ҳуқуқий нормалардан бири эканлигини таъкидлаш лозим.
Пленум қарорида суд мажлисини ВКА режимида ўтказилиши борасида дастлабки қилиниши керак бўлган барча процессуал ҳаракатлар юзасидан тўлақонли тушунтиришлар берилган бўлиб, бу суд ва суд мажлиси иштирокчилари бўлган иқтисодий муносабатлар субъектлари, ташкилотлар ва давлат идоралари томонидан замонавий технология имкониятларидан тўлақонли фойдаланилган ҳолда низоларни ҳал қилиш борасида барча ҳуқуқ нормаларини белгилаб беради.
Видеоконференцалоқа (ВКА) икки ва ундан ортиқ иқтисодий судларининг реал вақт давомида ўзаро аудио ва видео ахборотлар алмашинуви имконияти мавжуд бўлган интерактив телекоммуникация технологияси ҳисобланади. Ишни кўраётган иқтисодий суди ўз ўзидан иш юритувида бўлган ишни мазмунан кўрадиган суддир.
ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган иқтисодий суди эса, ушбу режимдаги суд мажлисини ўтказиш бўйича техник ва бошқа шартларни таъминлайдиган, ишни кўраётган иқтисодий судидан бошқа. ҳудудда жойлашган иқтисодий судидир.
Шунингдек, ВКА режимидаги суд мажлисларини ўтказишни ташкилий жиҳатдан таъминлаш учун қатнашиши шарт бўлган янги штат ташкил этилган бўлиб, у ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ходими деб аталади. АКТ ходими ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказишни ташкил этишга ва техник кузатувга масъул бўлган иқтисодий суди ходимидир.
ВКАдан фойдаланилган ҳолда иқтисодий суди мажлисларининг ўтказилиши иқтисодий судларининг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:
иқтисодий ишининг тарафларидан бирортаси республиканинг бошқа ҳудудида жойлашган бўлса;
иқтисодий ишини кўриб чиқаётган суд республиканинг бошқа ҳудудида жойлашган бўлса;
суд мажлисида иштироки назарда тутилган бошқа қатнашчилар республиканинг бошқа ҳудудларида жойлашган бўлса.
Шунингдек, иқтисодий судларнинг ВКА режимида ўтказилиши қуйидаги асосларга кўра амалга оширилиши мумкин:
ишда иштирок этувчи тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра;
иқтисодий ишни кўраётган суднинг ташаббуси билан.
Шахсларнинг ВКА режимидан фойдаланишига суд мажлисларининг барча босқичларида ва барча инстанцияларда йўл қўйилади. Иқтисодий ишни ВКА режимида ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома шахслар томонидан ушбу мажлисни ташкил этишга тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлиш учун оқилона муддатларда берилиши, илтимосномада иш қайси иқтисодий судда кўрилишини кўрсатиш лозим.
Қуйидаги ҳолларда иқтисодий судлар ВКА режимидаги суд мажлисини ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани рад этиши мумкин:
ВКА тизимидан фойдаланилган ҳолда суд мажлиси ўтказиш учун етарли техник имкониятлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
иқтисодий иш ёпиқ суд мажлисида кўрилиши керак бўлганда.
ВКАдан фойдаланилган ҳолда суд мажлисларини ўтказишнинг бир қатор афзалликлари мавжуд. Бу тизим янада такомиллаштирилиб борилмоқда. Масалан, ВКАдан фойдаланилган ҳолда суд мажлисларини амалга оширишнинг йўлга қўйилганлиги жуда катта маблағ ва вақтнинг тежалишига имкон яратмоқда.
Шу боис, ВКАдан фойдаланиш умумий юрисдикция судларида ҳам босқичма-босқич жорий қилинмоқда. ВКА режимдаги суд мажлисларидан фойдаланишда ушбу тизим яхши йўлга қўйилган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Жаҳон амалиётидаги биринчи ВКА технологиясидан суд тизимида 1999 йил
18 ноябрдан фойдаланила бошланган. Россия Федерациясининг Челябинск вилоят суди биринчи марта ВКА режимида кассация шикоятини кўриб чиққан, Бироқ, бу тизим жуда тор доирада ташкил этилган бўлиб, у орқали асосан гувоҳлар кўрсатма беришган, ҳибсга олинган маҳбуслар ўз ҳуқуқшуноси ва оила аъзолари билан алоқа қилишган. Россия Федерациясида ВКАдан фойдаланилган ҳолда суд мажлисларини ўтказиш арбитраж судлари тизимида яхши йўлга қўйилган бўлиб, бунга оид қоидалар 2010 йил 27 июлдаги “Россия Федерацияси Арбитраж процессуал кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Россия Федерацияси Қонуни билан белгилаб берилган.
Россия Федерацияси арбитраж судларида ВКАдан фойдаланишнинг алоҳида ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Жумладан, суд мажлисида алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлган иккинчи судья ва котиб иштирок этади. Демак, бундай суд мажлисларида икки нафар судья иштирок этиб, биринчи судья ишни мазмунан кўриб чиқса, иккинчиси фақат техник жиҳатдан кўмаклашади ва суд топшириқларини бажаради. Иккинчи судьянинг вазифаларига, шунингдек қуйидагилар ҳам киради:
шахслар процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишлари учун техник имкониятларни таъминлаш;
ишда ҳозир бўлган шахсларнинг иштироки ва ваколатларини текшириш;
ёзма далилларнинг асл ёки сохталигини текшириш;
суд мажлиси баённомаси ва видеотасвирни ишни кўраётган судга расмийлаштирган ҳолда юбориш.
Ишни мазмунан кўраётган суд томонидан ҳал қилув қарори ёки ажрим чиқарилаётганда ишни ташкиллаштирувчи иккинчи судья маслаҳатлар хонасини тарк этмайди, бироқ муҳокамада қатнашмайди.
ВКА режимида суд мажлислари ўтказишнинг самарали йўлга қўйилганлигини Европа Иттифоқи давлатлари ҳуқуқий тизимида ҳам кузатишимиз мумкин.
Мазкур давлатлар ҳуқуқ тизимида ВКАдан фойдаланиш барча суд инстанциялари, шунингдек фуқаролик, маъмурий, жиноий ва иқтисодий судларида амалга оширилади. ВКАдан фойдаланилган ҳолда суд мажлисларини ўтказиш Австрияда биринчилардан бўлиб самарали йўлга қўйилган. Бу давлатда мамлакат миллий судларида ВКАдан фойдаланишда марказлашган тизим ишлаб чиқилган. Бу йиғма тизим ВКА воситасида барча судларнинг суд мажлисларига бир вақгнинг ўзида биргаликда уланиш имконини беради. Буюк Британияда суд залларидаги ВКА жиҳозлари суд мажлисининг туркумига қараб жойлаштирилган, бунда жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судларида кўриладиган ишларнинг мазмунига қараб суд заллари жиҳозланган.
Германиянинг суд мажлисларида ВКАдан фойдаланган ҳолда мажлисларни ўтказишда таржимон иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Хулоса қилиб айтганда, суд мажлисларини ВКАдан фойдаланган ҳолда ўтказиш самаралидир.