CMS ҳақида
Ҳар қандай сайт HTML (Hyper Text Markup Language), JavaScript, PHP каби бир талай тилларга оид кодлардан ташкил топган саҳифалар йиғиндисидан иборат бўлади. HTML – бу сайт саҳифаларини ташкил этишда ишлатиладиган энг асосий ва энг керакли тил ҳисобланади.
Интернет тармоғи эндигина ривожлана бошлаган ва илк сайтлар яратила бошлан вақтларда барча wеb сайтлар тўлиқ HTML кодлар асосида яратилган. Бундай сайтлар саҳифаларида кўриш орқали маълумотга эга бўлишдан бошқа ҳеч қандай амалиёт бажаришнинг имкони бўлмаган. Шунинг учун тўлиқ HTML ёрдамида ташкил этилган сайтлар фойдаланувчиларга фақат маълумот бериш, яъни маълумотларни кўрсатиб бериш имконияти билан чекланган.
Бугунги кунда сайтлар орқали фақат маълумот олиш билан чекланиб қолмайсиз. Ҳозирги замонавий сайтларда маълумот олиш билан бир қаторда берилган маълумотни таҳрирлашингиз (масалан, Wikipedia), янги маълумот қўшишингиз (масалан, сайтларда фикр билдириш – Comment), бир турдаги маълумотни узатиб, онлайн тизимда бошқа бир турдаги баълумот шаклида қабул қилиб олиш (масалан, видео файлларни онлайн тизимда mp3 форматига ўтказиш), сони чекланмаган фойдаланувчиларнинг бир вақтнинг ўзида онлайн мулоқотга киришиш (масалан, чат) ва бошқа интерактив амалиётларни бажаришингиз мумкин. Бу, ўз навбатида, фақат HTML ишлатилган замонга нисбатан ҳозирги пайтда интернетда сайтларнинг яратилиши сезиларли ривожланганлигини билдиради.
Ҳозирги даврда, агар Сиз сайт яратмоқчи бўлсангиз, HTML ёки бошқа бирор мураккаб wеb дастурлаш тилини билишингиз мажбурий эмас. Ҳатто бирорта ҳам кодни ёза олмасангиз ҳам замонавийлиги, дизайни, мураккаб амалиётларни бажара олиши жиҳатларидан замон талабларига тўла жавоб бера оладиган сайт ярата олиш имкониятига эгасиз. Бунда Сизга CМS ёрдам беради!
CMS ( Content Management System– Контентларни Бошқариш Тизими) – бу махсус wеb дастур бўлиб, бир неча оддий босқичлардаги амалиётларни бажаргандан сўнг тўла куч билан ишлай оладиган сайт яратиш имкониятини беради. Бундай турдаги wеb дастур, ҳудди компьютерлар учун мўлжалланган дастурлар сингари, бир неча босқичларда фойдаланувчидан сайт ҳақида бошланғич маълумотларни йиғиб олади ва босқичма-босқич сайтингизни автоматик тарзда ташкил этиб беради. Дастурни ўрнатиш жараёнининг ниҳоясида Сиз киритган маълумотларга таянган, ўзингиз хоҳлагандек сайт автоматик тарзда яратилади.
Қуйида энг кенг тарқалган ва бугунги кунда кўпчилик сайтларнинг асоси ҳисобланган CMS дастурларини келтириб ўтмоқчиман. Бу ерда фақат энг кўп фойдаланиладиган, асосий дастурларгина келтирилган. Сайт яратишингиз мумкин булардан бошқа яна кўплаб дастурлар мавжуд.
1. WordPress. Ушбу CMS асосан блог (бирор шахс, жой ёки алоҳида мавзуга бағишланган, тез-тез янгилаб туриладиган, қисқа мақолалар ва маълумотлар киритиб бориладиган ўрта ҳажмдаги сайт) учун мўлжалланган. Аммо бугунги кунга келиб бу CMS шу қадар мукаммаллашиб кетдики, ҳозирда уни ҳатто портал сайтлар учун ҳам ишлатишмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |