Квакерлар (инглиз. quake – силкиниш, титраш, ҳаяжонланиш) баптистлар йўналиши. Йўналишнинг расмий номланиши “Ички ёруғлик дўстлари христиан жамоаси”, Жорж Фокс томонидан XVII асрда ташкил этилди. Квакерлар имон ҳақиқати “ички ёруғлик” билан ёритилиш давомида намоён бўлади, деб ҳисоблайдилар. Худо деганда доим ҳаяжонланиш ва у билан муносабатда бўлганда экстатик (қаттиқ ҳаяжонланиш) усуллардан фойдаланганлари учун квакерлар деган ном олишган. Сирли ва сирли бўлмаган диний маросимларнинг барчасини бекор қилишган. Руҳонийларни тан олмайдилар. Ибодатхоналари йўқ, ибодатларни нарсалардан бўшатилган хоналарда амалга оширадилар. Квакерлар ҳар қандай зўрликни қоралайдилар, улар тинчлик (пацифизм) тарафдорларидир. Жамоаларида 200 минггача аъзо бор, АҚШ, Англия, Канада ва баъзи бошқа мамлакатларда тарқалганлар. Квакерлар томонидан ташкил қилинган “Бутун Жаҳон дўстлар маслаҳатчи комитети” халқаро ташкилоти фаолиятларини мувофиқлаштиради.
Америкада вужудга келган икки диний таълимот: Исо Масиҳ шогирдари ва Исо Масиҳ Черкови ҳам баптизмга яқин туради. Чўқинтириш маросими киши балоғатга етгандан сўнг ўтказилади. Тақдирнинг олдиндан белгиланганлиги ва Одам Атодан бошлаб барча инсонларнинг гуноҳкорлиги тўғрисидаги таълимотларни тан олмайдилар. Бу ташкилотларнинг бир-биридан фарқи кам.
Пятидесятниклар протестантликдаги энг йирик йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ҳозирда пятидесятникларнинг сони дунё бўйича тахминан 120 миллионни ташкил этади.
Пятидесятниклик тарихи расман 1901 йилнинг 1 январига бориб тақалади. Айнан шу куни АҚШнинг Канзас штати Топеке шаҳрида Ч.Пархем исмли руҳоний бошқараётган “Библия” мактабининг талабалардан бири Агнесса Озман “учинчи раҳмат”га эришиб (яъни, Муқаддас Руҳ билан чўқинтирилиб), хитой тилида гапира бошлайди. Унинг кетидан “худо билан нотаниш тилда гаплашиш” “эпидемия”си бутун мактабни қамраб олади. Шундан сўнг, Ч.Пархем ўз ўқувчилари билан жанубий штатларда пятидесятникликни тарғиб қила бошлаган.
Худо билан нотаниш тилда гаплашишни бошидан ўтказган кўпчилик кейинчалик ўзларининг пятидесятниклик черковларига асос солдилар. Бундай черковлар Скандинавия, Англия, Ҳиндистон, Чили, Германия каби давлатларда ҳам пайдо бўлди.
Пятидесятниклик диний ҳаётда “Муқаддас Руҳ инъомлари” деган тушунчага таянади. Таълимотга кўра, бу инъомлар фақатгина Муқаддас Руҳ билан чўқинтириш орқали Исо Масиҳнинг асл издошларига, унга хизмат қилиш воситаси сифатида берилади. Муқаддас Руҳ билан чўқинтирилганликнинг ташқи белгиси деб пятидесятниклар глоссалия, яъни “худо билан нотаниш тилда гаплашиш”ни тушунишади.
Уларнинг бир-биридан асосий фарқи худонинг раҳматлари сони ва сув билан чўқинтиришнинг услубларидадир. Хусусан, баъзи пятидесятниклар 3 та раҳматга – динга киргизиш, нурлантириш яъни, христиан таълимоти билан чуқурроқ таништириш ва Муқаддас Руҳ билан чўқинтиришга ишонишса, айримлари фақат 2 та раҳмат – динга киргизиш ва Муқаддас Руҳ билан чўқинтиришни тан олишади. Шунинг учун ҳам, уларни «Икки раҳмат черковлари» деб аташади.
Пятидесятникликнинг диний таълимот манбаи “Библия”дир. Унга кўра, Муқаддас Руҳ доимо черковда намоён бўлиб туради. Пятидесятникликда Исонинг иккинчи марта қайтиши, охирзамон ва мингйиллик ҳукмронлиги ўрнатилишининг яқинлиги тарғиб қилинади. Шунингдек, Худонинг “Ўлдирма” деган буйруғига амал қилиниши сабабли уруш ва ҳарбий хизмат қатъиян рад этилади.
Пятидесятникларнинг юртимиздаги илк жамоалари ўтган асрнинг 20-йилларида “Тўлиқ инжил христианлари” номи остида пайдо бўлгани қайд этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |